Чаман ичинда бир гул

151

«Илғор ҳудуд» лойиҳаси – амалда

Президентимизнинг Жиззах вилоятидаги туман ва шаҳарлар марказларини Гагарин шаҳри тажрибаси асосида замонавий ва обод масканларга айлантириш борасидаги ташаббуси Пахтакор тумани ҳаётида ҳам янги даврни бошлаб берди.

Пахтакор туманида асосий инфратузилма объектлари барпо этилган вақт Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнига тўғри келади. Афсуски, ўзининг қадоқ қўллари билан ризқ яратган, чўлларни обод қилишда жонбозлик кўрсатган чўлқуварлар фаолияти, уларнинг меҳнати-ю ютуқлари ҳақида мақтов гаплар кўп гапирилса-да, амалда уларнинг турмуш аҳволи ўз ҳолига ташлаб қўйилганди.
Салкам ярим аср давомида туманда саноат, уй-жой, ижтимоий объектларни бунёд этиш билан боғлиқ арзирли ишлар бажарилмади. Натижада уй-жойларни сақлаш, йўллар инфратузилмаси, коммунал, ижтимоий соҳалардаги ўткир муаммолар юзага чиқиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига, давлат идораларига бўлган мурожаатларининг ошишига олиб келди.

Пахтакор туманида ўтган эллик йилдан зиёдроқ давр мобайнида қайта қуриш масаласи бир неча марта кўтарилган бўлса-да, бу иш турли сабаблар билан орқага сурилиб келинган эди. Одамлар эскирган иншоотлар, тор кўчалар, ночор инф­ратизим юзага келтирган ноқулайликларга ­сабр-тоқат қилиб, бошқа ҳудудларда бўлаётган ўзгаришларга ҳавас билан қараб келаётганди. Айниқса, Мирзачўл тумани марказини қайта қуриш каби ишларнинг бу ерда ҳам амалга оширилишини умид билан кутишарди. Ва ниҳоят шундай кутилган ишлар ­бошланди.
Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев жорий йил январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Гагарин шаҳрида амалга оширилган ишлар билан танишиб, бу тажрибани барча туманларда қўллаш таклифини билдирган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 январдаги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармонида Жиззахда «Илғор ҳудуд» синов лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди.

ТУШГА КИРМАГАН ИШЛАР

Ушбу вазифа асосида ишлаб чиқилган бош режага асосан, туман марказидаги «Дўстлик», «Дилором», «Ғалаба», «Тошкент», «Самарқанд», «Олтинкўл» ва «Сувонобод» маҳаллаларидаги бир ҳолатга келиб қолган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Авваламбор, энг оғриқли муаммолардан бири – ҳудуддаги режасиз ва тартибсиз қуриб ташланган ноқонуний қурилмаларни бартараф этишга киришилди. Қурилиш ва маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилиб, тозалаш ишлари бажарилди.
Олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида туман марказидаги Шароф Рашидов кўчасининг аввалги хира манзараси барҳам топиб, қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёриткичлар ўрнатилиб, яшил майсазорлар ташкил қилинмоқда. Ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.
Янги қурилаётган 23 та, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилаётган 49 та, жами 72 та объектнинг салмоқли қисми ҳам ана шу кўчада жойлашган. Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳам дас­тур асосида замонавий ҳолатга келтирилди. Айни пайтда қайта таъмирланган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган масканда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шароитлар бор. Муҳими, бу ердаги ободлик ҳар қандай инсоннинг ҳавасини келтиради. Шулар қаторида стоматология ва диагностика марказининг фасад қисмида таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Ҳозир бу ерда ички пардоз­лаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Кечагидек ёдимда, ўша даврларда бутун бошли қишлоқлар чўлларга кўчирилди, – дейди меҳнат фахрийси Олга Хван. – Фақат мўл ҳосил етиштириш, катта даромад олишга ҳаракат қилинди. Лекин, афсуски, одамлар тақдири билан ҳеч ким қизиқмади. Собиқ иттифоқ даврини қўя турайлик, яқин ўтмишда ҳам туманимиз эътибордан четда қолиб кетганди. Амал-тақал қилиб ишлаб турган саноат корхоналари ҳам турли муаммолар гирдобида инқирозга юз тутган, уй-жойлар қаровсиз ҳолга келиб қолган эди. Президентимиз томонидан бошланган ташшаббус бугун ҳамма жойга кенг қулоч ёзмоқда. Бундай ўзгаришлар тушимизга ҳам кирмаган эди.

КЎРКАМЛИККА СОЯ СОЛМАСИН

Сўнгги икки йилда туман марказида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 480 хонадонга мўлжалланган 10 та кўпқаватли ҳамда 60 та уч хонадан иборат икки сотихли арзонлаштирилган намунали уйлар барпо этилгани одамларнинг, айниқса, шу пайтгача уй-жойга эга бўлолмаган кам таъминланган аҳоли вакиллари, ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг уй-жойга бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу йўналишдаги ишлар мазкур йилда ҳам давом эттирилиб, жорий йилда туманда 2 та 96 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли турар-жой қурилмоқда.
Туман марказидаги маҳаллаларда 1960-1966 йиллар давомида қурилган 88 та барак типидаги уйларда 900 дан зиёд оила, 3 минг 600 дан ортиқ аҳоли оддий маиший шароитлардан ҳам мосуво ҳолда кун кечириб келаётган эди. Номига бошпана вазифасини ўтаб турган бундай уйлар ҳар қандай қоидага солиб кўрилса ҳам хавфсизлик талаб­ларига мутлақо жавоб бермайди. Канализация тармоғи умуман ишламаслиги оқибатида теварак атроф­­да чидаб бўлмас ҳолат юзага келган. Қачонлардир тортилиб, аллақачон муддатини ўтаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган электр тармоқларидан ҳар дақиқада ёнғин чиқиш хавфи юқори. Кўчалар тор ва қоронғи бўлгани туфайли тез ёрдам машиналари чақирилган манзилни топишда қийналади. Боз устига, аҳоли узоқ йиллардан буён ичимлик суви муаммосидан азият чекиб келади. Айниқса, муаммоси йиллар давомида ҳал этилмагани етмаганидек, қишда лой, ёзда чанг ва абгор кўча-ю уйлар одамлар руҳиятига ҳам таъсирини кўрсатиб, уларда келажакка ишонч йўқолиши, боқимандалик, ўзибўларчилик кайфиятини юзага келтиради.
Яна бир жиҳати шундаки, эски уйлар кун сайин кўркамлашиб бораётган Пахтакор шаҳри қиёфасига соя ташлаб, кўрган кишида янги либосга тушган ямоқдек нохуш таассурот уйғотмасдан қолмайди. Мана шундай ўта оғир шароитда яшовчи кўп сонли фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда «Олтинкўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда «Олмазор» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 610 та уй барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

САНОАТ ҲУДУДИГА АЙЛАНАЁТГАН ПАХТАКОР

Иқтисодиётни ривожлантириш, биринчи навбатда, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янги қувватларни ташкил этиш, тайёрланаётган маҳсулотлар тури ва сифатини ошириб бориш билан боғлиқ, албатта. Шу маънода, жорий йилда туманда эътиборга сазовор бир қанча йирик корхоналар ташкил этилди, яна бир қанчаси барпо этилмоқда.
Аниқ рақамларга ўтамиз: туманда 2018-2019 йиллар давомида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 260,5 миллиард сўм бўлган 66 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Натижада мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Пахтакор текст» МЧЖ ана шундай замонавий корхоналардан. Йилига 8,1 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона тўлиқ қувват билан ишласа, 400 та янги иш ўрни барпо бўлади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг салмоқли қисми Хитой, Россия, Туркия ва Белгия давлатларига экспортга йўналтирилади.
Корхонада фойдаланилаётган сўнг­­ги русумдаги ускуналар инвестор томони – Швейцариянинг етакчи технологияси бўлиб, маҳсулотнинг сифатли ва жаҳон бозорида рақобатбардош бўлишини таъминлайди. Энг муҳими, иш вақти уч навбатда ташкил этилган корхонанинг асосан ёшлардан иборат ишчи-хизматчилари учун барча талаб­ларга жавоб бера оладиган меҳнат муҳити ҳамда дам олиш шароити яратилган.
Мухтасар айтганда, бугун Пахтакорни чаман ичида очилаётган гулга қиёслаш мумкин. Бу давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси – «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси самараларидир.

Муқимжон ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар