“ОТА-ОНА – “МЕҲРИБОН” – БОЛАЖОНЛАР – “БИЛАҒОН”

100

Замон шиддат билан тараққий этган сари мобиль ускуналар, планшет, гажетларнинг тури, имкониятлари, таъсир кўрсатиш кўлами кескин ортиб бормоқда. Виртуал олам айрим ёшларни ҳақиқий ҳаётдан айириб қўйгани ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини  шакллантириш заруратини талаб этмоқда. Бобир Мадримов гажетларнинг инсон организмига таъсирини қаламга олди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

 

“YASHARAYOTGAN” ERMAK

tuzalmas xatoga aylanmasin!

Бугунги кун нафақат ёшлар, балки катта ёшдагиларни ҳам телефон, компьютер, интернет, умуман, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга мажбур қилмоқда. Аммо

Айрим ёшларнинг уяли телефонларга ҳаддан зиёд берилиб қолаётгани, бу эса уларни ҳақиқий ҳаётдан чалғитаётгани, қолаверса, мобиль телефонлардан уззукун фойдаланиш инсон соғлиғига салбий таъсир қилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида, турли тадбирларда қайта-қайта таъкидланмоқда. Бу мавзуда сўз юритганда мутахассислар, шифокорлар аниқ мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилишади. Албатта, муаммо бор экан, мавзу ўз долзарблигини йўқотмайди. Буни таассуф билан эътироф этишга тўғри келади.

Аввало, мобиль ускуналар, планшет, гажетларнинг тури, имкониятлари, демак таъсир кўрсатиш кўлами кескин ортиб бораётганини айтиш жоиз. Баъзан, ўқувчилар, талабалар, тенгдошининг қўлидаги телефоннинг русумига қараб унинг замонавий ёки замондан орқада қолганига “ташхис” қўйиш даражасида фикрлайдиган бўлиб бораётгани кузатилади. Ота-оналарнинг бу ҳолат билан ҳисоблашишига тўғри келаётгани ҳам бор гап.

Очиғини айтганда, ўсмир ёшда мобиль ускунага, ҳар куни ҳаддан ортиқ вақт давомида боғланиб қолишнинг салбий оқибатларини ҳали тушунтириб улгурмадик. Компьютер ўйинлари, планшет ва гажетлар, хуллас, виртуал олам айрим ёшларни ҳақиқий ҳаётдан айириб қўйгани, бола уйда бўлгани ҳолда, аслида уйда эмаслигини англаб қолдик. Ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини  шакллантириш мажбуриятга айланиб бораётир.

Тараққиётми ёки ота-оналарнинг лоқайдлиги, ушбу долзарб муаммонинг таъсир доирасини кенгайтирмоқда. Эндиликда таълим-тарбия ишига масъул ҳар биримизни, мутахассисларни ушбу муаммо билан боғлиқ яна бир жиддий ҳолат ташвишлантира бошлади. Гап боғча ёшидаги, ҳатто бир-икки яшар кичкинтойларнинг мобиль телефон, гажетларга ишқибоз бўлиши ҳақида бормоқда. Кўплаб хонадонларда шу ҳолат маълум даражада кузатилади, десак фикримизга қўшиласиз, деб ўйлаймиз. Кичкинтой фарзанди телефон ёки компьютерда ўйин ўйнаганини, ўқиш-ёзишни билмаса ҳам ўзига керак файлни топиб фойдаланаётганини кўрганда қай бир ота-она ҳайрон қолади, балки қай бири қувонади. Болани овунтириш учун қўл телефонини унга бериб қўядиган “меҳрибон” ота-оналар ҳам учрайди. Шу ўринда бундай “билағон” болажонлар мактабга бормай туриб, кўз нурини беҳуда тўкаётгани, уларнинг соғлиғига зарар етаётганига ким айбдор, деган савол туғилади. Меъёридан ортиқ фойдаланганда ўсмирлар ва катта ёшдагиларнинг ҳам саломатлиги учун зарарли бўлган мобиль ускуна уни ўйинчоққа айлантираётган кичкинтойларнинг соғлиғига янада кўпроқ, зиён етказиши турган гап эмасми?!

Ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, дейдилар. Кичкинтой боласига телефон тутқазган ота-оналар ушбу фикрни ёддан чиқармасалар, жигарбандига билиб-билмай ёмонлик қилиб қўяётганини вақтида тушуниб етсалар, айни муддао бўлар эди. Телефон кичкинтойларнинг овунчоғи эмас, бунга “ҳечқиси йўқ” қабилида лоқайд қараш кейинчалик қимматга тушиши ҳеч гап эмас. Токи “ёшараётган” эрмак, эртага тузалмас хато бўлиб чиқмасин… Икки-уч ёшида беғубор ва соғлом кўзини экрандан узмай телефон ўйнай бошлаган бола бошланғич синфдаёқ тиббий кўзойнак тақиб юришга мажбур бўлиб қолса, ота-она ўз бепарволигидан қаттиқ афсусланиши тайин.

Одатда, аксарият кишиларда 40-50 ёшдан кейин, тиббий кўзойнак тақишга эҳтиёж туғилади. Бошланғич синф ўқувчисининг бор ҳаёти ҳали олдинда-ку!

Бунга сиз нима дейсиз, азиз муштарийлар?

 

Бобир МАДРИМОВ,

Хива туманидаги 32-умумтаълим

мактаби ўқитувчиси

2019 йил 5 июнь, 22-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

 

Бошқа хабарлар