ЯНА ЎША «СТОЯНКА»ЛАР ҲАҚИДА

51

Бозор ва савдо мажмуаларидаги автотураргоҳлар кўпчиликни қизиқтирган мавзулардан бири. Чунки бугунги кунда ҳар 100 оилага ўртача 41,4 та енгил автомобиль тўғри келади. Бу эса автотураргоҳларга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низомда автотураргоҳларга қўйилган талаб белгилаб қўйилган. Хўш, бугунги автотураргоҳларнинг барчаси ҳам ана шу талабларга жавоб берадими? Ушбу саволга журналист Шоҳиста Бозорованинг мақоласидан жавоб оласиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

     «АВТОМАШИНА ИЧИДАГИ НАРСАЛАРГА ЖАВОБГАР ЭМАСМИЗ». УНДА НЕГА ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛАСИЗ?

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, бугун аҳолининг юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси тобора ортиб бормоқда. Агар 2000 йилда ҳар 100 оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етган. Оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Бундан кўринадики, автотураргоҳларга талаб янада ортади.

Ким ҳақ, ким ноҳақ?

Авваллари Қарши шаҳридаги «Фарҳод» бозорида умуман тартиб йўқ, харидору савдогар бир тараф, киракашлару одамни кўрса ўраб оладиган тиланчилар бир тараф эди. Камига, бозорга кираверишда автотураргоҳ ҳам бўлиб, бу ерда на машина, на одам юришини билиб бўлмас, хуллас, олағовур бир жой бўларди.

Ҳозир автотураргоҳнинг ўрни ўзгарган, кириш дарвозаси олдидан эмас, бозорнинг биқинидан жой ажратилган. Бироқ унинг бугунги ҳолати «эски ҳаммом, эски тос» экани ушбу маскандаги янгиланишларга у қадар мос тушмаяпти.

Ваҳоланки «стоянчик»лар пулни аввал қандай санаб олган бўлишса, ҳозир ҳам шундай. Фақат энди нархи ошган: аввал 1000 сўмга кўнган бўлишса, ҳозир 2500 сўм (бошқа бозорларда 1000-2000 сўмдан ошмайди) санаб берасиз. Эътироз билдирсангиз, нарх вилоят ҳокимининг қарорига асосан тасдиқланган, дейишади.

«Стоянчик»лар вилоят ҳокимининг қарорини пеш қилаётган экан, айни ўринда масаланинг қонуний жиҳатларини ҳам кўриб чиқсак фойдадан холи бўлмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари» ва «Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидалари»га мувофиқ, бозорлар ва савдо комплекслари ва унга туташ ҳудудларда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари бўлиши керак.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низомда «стоянка»ларга қўйиладиган талаблар кўрсатилган.

Унга кўра, транспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойлари қаттиқ қоплама билан қопланган, ёритиш мосламалари, чиқиндини тўплаш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситалар, ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойларга, шлагбаум, назоратчи-кассирнинг хонаси (будкаси), унинг ташқи томонида йирик ҳарфлар билан автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тарифлари ва шартлари тўғрисидаги ёзувлар, фискал хотирага эга назорат-касса машинаси ва пластик карточкалардан тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминали, ногиронлар учун махсус жиҳозланган (камида иккита) жой мавжуд бўлиши керак.

Шундай экан, ушбу талабларга тўла жавоб бермайдиган ҳар қандай жойни «автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш учун пуллик жой» сифатида тан олмасликка ҳақлисиз.

Мазкур «стоянка» талабга жавоб берадими?

Қаттиқ қоплама десак, қачонлардир қилинган асфальтнинг ҳозир шағали чиқиб, ўйдим-чуқур бўлиб ётибди. Айтишларича, одатдагидек терминал аввал ишлагану айнан ҳозир ишламай турибди. Аммо шлагбаум бор, чунки машина эгалари пул бермай ёки кам тўлаб чиқиб кетмаслиги керак-да.

Хуллас, «стоянкачи»лар ўзларининг фойдасига неки хизмат қилса, уни муҳайё этишадию машиналар хавфсизлигига шароит яратишга келганда эса кўз юмишга ўрганиб қолишган. Ҳатто «Автомашинангиз ичидаги нарсаларга жавобгар эмасмиз» деб катта қилиб ёзиб қўйишган.

Ўзини бозор назоратчиси деб таништирган Ғулом Йўлдошевнинг айтишича, ушбу автотураргоҳ «Саодат» савдо мажмуасига қарайди. Ҳолбуки, «стоянчик»дан бир амаллаб сўраб олган чекимизда (чунки назоратчилар пулни олишга олаяптию, тўланган пул учун касса чеки ёки квитанция беришни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ) «Амир Темур» хусусий корхонаси номи кўрсатилган. Ҳайрон қоласан киши: ўзлари эгалик қилаётган ҳудудда кимдир жарақ-жарақ пул топсаю, бозор маъмурияти асли эга кимлигидан бехабар бўлса?!

Аслида тегишли низомга асосан, автотураргоҳга кираверишда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш хизмати кўрсатувчи корхона номи, унинг жойлашган юридик манзили ва иш тартиби ҳамда пулли хизматлар кўрсатиш тарифлари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар ҳавола этилиши керак эди. Шунда «сеники-меники» қабилидаги гапларга ҳожат қолмасди. Гапнинг индаллоси, бозор атрофида автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш хизматига эҳтиёж бор экан, буни қонуний асосда, тегишли талаблар доирасида йўлга қўйиш зарур.

Шоҳиста БОЗОРОВА,

«Mahalla»

2019 йил 30 май – 6 июнь, 25-сон

«Mahalla» газетаси

 

 

Бошқа хабарлар