72 СОАТДАН СЎНГ НАФАС ОЛИШ ЖАРАЁНИ ЭРКИНЛАШАДИ…

52

Кашандалик ҳам нашавандлик ва гиёҳвандлик каби ҳаёт кушандасидир. Аҳоли ўртасида чекишга, қўйингки, зарарли одатларга қарши тарғибот ишларини олиб боришда муштарийлар ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. “Устаз жолы” газетасида шифокор-журналист Алламберген Нурниязовнинг мавзу юзасидан мақоласи берилди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ТАМАКИ ТУТУНИГА “ТЎЙГАН” ОДАМ ҲАЁТДАН ТЎЙМАЙ  ҚОЛАДИ

Ер юзида ҳар йили 5 миллиондан кўпроқ одам тамаки чекишдан келиб чиқадиган касалликлар туфайли нобуд бўлар экан. Кашандалик эса инсон умрини тахминан 15 йилга қисқартириши маълум.

Тамаки чекмайдиган одамга нисбатан кашанда инсонда ўпка тўқимаси касаллиги 10, туберкулёз 2, ўпка тўқимаси рак касаллиги 10-20, юрак инфаркти 10, стенокардия ва ошқазон-ичак касалликлари 10-12 бора кўп учрайди.

Чекиш хотин-қизлар учун ўта хавфли. Тамаки тутини таркибидаги заҳарли ва зарарли моддалар ҳомиладорлик даврининг нормал ўтишини бузади. Шу туфайли чекувчи аёлларда ҳомила тушиши тез-тез учрайди.

Чекиш ёш болалар учун ҳам хавфлидир. Болаларнинг хулқ-атвори ўзгариб, тез аччиғи чиқадиган бўлиб қолади. Уларда иммунитет пасаяди. Тамаки тутинига “тўйган” болада уйқусизлик кузатилади ва дарсларни ўзлаштириш сусаяди.

Энди тамаки чекишнинг оилага етказадиган иқтисодий зарарини ҳисоблаб кўрайлик. Хонадонда бир одам тамаки чекадиган бўлса, бир кунда 20 та (бир пачка), бир йилда 360 пачка, 10 йилда 3600 пачка тамаки чекар экан. Бир пачка сигарет ўртача 5 минг сўм десак бир ойда 150 минг сўмга, ўн ойда 1 млн. 500 минг сўмга, ўн йилда эса 18 млн. сўмга тамаки харид қилинади. Агар оилада икки одам кашанда бўлса, ушбу маблағни иккига кўпайтиришга тўғри келади.

Илмий манбаларга эътибор берадиган бўлсак, тамаки чекишни тўхтатган инсонда:

– 20 минутдан сўнг артериал қон босими ва юракнинг уриши меъёрга тушади.

– 8 соатдан кейин қондаги кислород миқдори табиий ҳолатига тушади, никотин ва углерод оксиди 50 фоизга камаяди.

– 24 соатдан кейин танадан углерод оксиди тўла чиқади ва жисм тозалана бошлайди.

– 48 соатдан сўнг инсоннинг ҳар хил ҳидларни сезиш қобилияти қайта тикланади.

– 72 соатдан сўнг нафас олиш жараёни эркинлашади ва бронхлар тозаланади.

– 1 йилдан сўнг юрак миокард инфаркти касаллигининг пайдо бўлиш хавфи 50 фоизга камаяди.

– 10 йилдан сўнг ўпка раки касаллигининг пайдо бўлиш эҳтимоли 50 фоизга пасаяди.

Мана шундай зарарли одатлардан эртароқ қутилган оилаларда соғлом ҳаёт ва муҳит шаклланади. Бир сўз билан айтганда соғлиғимиз ўз қўлларимизда эканлигини унутмаслигимиз керак.

Алламберген НУРНИЯЗОВ,

   Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Қорақалпоғистон бўлими аъзоси, шифокор-журналист

2019 йил 3 июнь, 22-сон

“Устаз жолы” газетаси

Бошқа хабарлар