БИЗ КИМ ВА НИМАЛАРДАН ҚЎРҚАМИЗ?

141

Ҳар кимнинг ўзига яраша қўрқатурған нарсаси бўладир. «Иштонсизнинг чўпдан ҳадуги бор», дегандек, шу вақтда иштонлик инсон — ҳадуксиз одам эҳтимол йўқдир. Туркистон истатистиқа идорасининг кейинги йиқған ҳисобига қарағанда, иштонсизлар банаъжи[1] кўпайибдирларки, биз уларни айнан қуйида кўчирамиз:

Мустамлакачи — аччиғланған чоғида сирининг очилишидан қўрқадир.

Ҳар турлук идора мудирлари — сайлов яқинлашса мансабдан тушиб қолишдан қўрқадирлар.

Янги кўз очқан ҳисобсиз ўзбек шоирча ва шоирачалари — минг машаққат билан азобланиб ёзған шеърларининг газеталарда босилмай қолишидан қўрқадирлар.

Тутантируқсиз мақола ёзишға ўрганган муҳаррирлар — тўсундан тегиб қолатурған танқид калтагидан қўрқадирлар.

Бой ва совдагарлар — айниқса буларнинг қўрқунчлари поёнсиздир…

Чунончи: дўкон совдаси яқинлашса, ижарани ошириб юборатурған яканчилардан[2] қўрқадирлар, қўллариға кўпроқ пул йиғилиб қолса, моллар ошиб, пул қурсининг тушиб кетишидан қўрқадирлар, қўлида анчайин қоғоз кўтарган кишини кўрсалар «торғовой налўг» тушмоғидан қўрқадирлар, рўза ойи кириб закот бериш эска тушса, моллар ҳисобини олишдан қўрқадирлар… Ҳар ҳолда бу дуркум халқ учун ер ҳам қўрқунч, кўк ҳам қўрқунч. Фақат қоро ернинг остиғина тинчдир!

Камбағал деҳқон ва ишчилар — кун сайин бозор баҳосининг бирга бир кўтарилишидан қўрқадирлар.

Ҳукумат идораларидаги порахўрлар — порахўрлиқ билан кураш бошланғандан бери ўзларининг сояларидан ҳам қўрқадирлар.

Кўкдаги булутлар — ёғмай деса Худонинг буйруғидан, ёғай деса ердаги махлуқларнинг чиртинг-пиртингидан қўрқадирлар.

Ўзбек хотунлари — эрларининг калтагидан, қизлари кўчага чиқай деса оналарининг туртугидан қўрқуб, песлар моховдан, моховлар песдан, аживалар тараладан, таралалар аживадан; қисқаси катта-кичик, ясси-япасқи, қинғир-қийшиқ, узун-қисқа ҳаммалари ҳам қўрқоқдирлар…

Ман нима ва кимдан қўрқаман?

Айниқса, маним ишим жуда ҳам қийин: ёзай десам, ошна-оғайнининг шўртумшуқлиғидан, ёзмай десам «Муштум» поччанинг жекиригидан қўрқаман.

Яна бундан бошқа қўрқатурған икир-чикирларим:

— Эски шаҳар кўчаларидан юрсам, бетимга лой сачрашидан қўрқаман.

— Ёғмур ёққан кунларида Эски шаҳар расталарининг ағнаб кетишидан, совдагарларнинг тўнғуз қўпишидан қўрқаман.

— Билим юртлари ёнидан, бошланғич мактаблар қаршисидан ўтуб қолсам, истиқболдағи алвир-шалвир ўзбек маданиятидан қўрқаман!

Ҳарҳолда маним ҳам қўрқунчларим ўзимга етарлик…

Ассалому ала маниттабаъл-худо.

[1] Банаъжи — беҳад, ниҳоятда.

[2] Яканчи — инспектор; порахўр.

ЖУЛҚУНБОЙ

«Муштум» — 1923 йил, 1май, 7-сон, 6-бет

Манба: ziyouz.uz

 

Бошқа хабарлар