ХАЛҚ БИЛАН ҲАҚ ОРАЛИҒИДА ёхуд журналист қачон қадр топади?!

368
Болалигимда онам билан тез-тез “Матбуотчилар уйи”га борардим. У ерда газета саҳифаларининг тайёрланиш жараёнини синчиклаб кузатардим. Уйимиз ҳам бамисоли иккинчи таҳририят эди. Иш пайтида улгурилмаган ижодий ишлар уйимизда давом этарди. 
Ишдан қайтаётганимизда, гоҳида кўчанинг ўртасида копток ўйнаётган болалар онамни кўришлари билан “Журналист опа келяптилар”, деб дарҳол тўхташар, қўлида коптогини ушлаганча ўтиб кетишимизни кутиб туришарди. Атрофдаги катта-ю кичикни онамга бўлган ҳурмат ва эъзозини кўриб, мен ҳам журналистика касбига меҳр қўйган бўлсам, ажабмас…
Онам ҳар куни биз фарзандларига: “Мактабда, кўчада бирор киши “Юр, онангни олдига олиб бораман”, деб айтса, ишонманглар, ҳаттоки у аёл киши бўлса ҳам. Йўлда машина ўтиши мумкин бўлган жойдан узоқроқ юринг. Атайин туртиши ёки машинага тортиб олиб кетиши мумкин”, деган гапларни қайта ва қайта такрорлар эдилар. Тўғриси, бу гапларнинг асосий сабабини тушунмас эдим. Энди эса…
ТОНОМЕТРГА СИҒМАГАН РАҚАМЛАР
 
Бир куни кечки пайт телефонимиз жиринглади. Гўшакни кўтарган акам аввалига жим бўлиб қолди, кейин шошганича қоғозга нималарнидир ёзиб олди. Гўшакни қўйгач, анча вақтгача гапирмай ўйланиб ўтирди. Охири “Онамнинг ишхонасига бир одам келибди. Муаммоси борлигини, уни фақатгина онам ҳал қилиб бера олишини айтиб, ўзи билан бирга боришини илтимос қилибди. Онам у одамни умуман танимаслиги, биринчи марта кўриб тургани учун боролмасликларини айтибдилар. Лекин у одам ялинавергач, ходимларига, “Агар қайтиб келмасам, машина рақамини эслаб қолинглар”, деб эшикдан чиқиб кетибдилар.
“Биз ҳам сиз билан бирга борайлик”, деган ходимларига: “Ўзим иккиланиш билан кетаётган жойга сизларни ҳам хавф остига қўйиб олиб кетолмайман”, дебдилар.
Иш вақти тамом бўлганига қарамай, онамдан хабар бўлавермагач, таҳририят ходимларидан бири балки тўғри уйга кетгандир, деган хаёлда уйга қўнғироқ қилибди”, деди. Шу пайтда бола кўнглимизни аллақандай қўрқув эгаллаб олди.
Бир неча соат ўтиб, кеч тушди ҳамки, онамдан дарак йўқ эди. Қўлимизда машина рақами ёзилган варақдан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. “Энди нима қиламиз?!” деган ўйда бир-биримизга мўлтираб қараймиз! Ўша кутишдан бошқа иложимиз қолмаган пайтда онамнинг ҳар куни бизни огоҳлантиришлари сабабини англагандек эдим. Чунки онам қийналган, ночор, адолатсизлик қурбонига айланаётган кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилгувчи фельетон ва танқидий мақоллар ёзиб, ўша масала ўз ечимини топмагунича тиниб-тинчимас эдилар ва бу йўлда – ҳақиқат учун курашаётган журналистга турли хил таҳдидлар бўлиши ҳам табиий эди.
Ва ниҳоят, эски “Москвич” машинаси дарвозамиз ёнига келиб тўхтади. Онамнинг овозларини эшиб, шунчалар суюниб кетдикки… Онам билан бирга машинадан қўлида бола кўтарган бир киши ва ҳомиладор аёл тушди. Онамнинг юзлари қизариб, қорайиб кетганидан маълум эдики, қон босимлари ошган. Биз бундай ҳолатнинг фарқига яхши борардик.
Онам хижолат бўлиб турган меҳмонларни уйга бошлаб кирдилар. Кейин бошини рўмол билан маҳкам сиқиб боғлаганича, эрталабгача ухламай бир нималарни ёзиб чиқдилар. Эртасига газетада бу оиланинг муаммоси ёритилган катта фельетон эълон қилинди.
Бир ҳафта ўтар-ўтмас ёш оиланинг ноқонуний тортиб олинган уйи эгаларига қайтарилди. Ўша пайтда менинг кўз олдимда онам эмас, халқ учун, ҳақ учун қўрқувни ҳам енга олган жасур бир аёл намоён бўлган эди. Мен шу жасур аёл қиёфасида ҳақиқий журналист қандай бўлиши кераклигини англаб улғайдим…
Тақдир экан, 29 ёшида катта акам вафот этди. Онам йўқотишнинг зарбидан карахт, камгап, ғамдан жуссаси бир бурдагина бўлиб қолганди. Бир куни кўнгил сўраб келган аёллардан бири кутилмаганда онамга қараб: “Нариги маҳалладаги Замира опа бор-ку, шу аёл ўғлингизни вафотини эшитиб бирам қувониб кетди. Одамларгаям ҳайронсан-ааа! Бировнинг ғамидан шунчалик ҳам роҳатланадими?! “Журналист опа бизни танқид қилиб мақола чиқарганди. Мана Худодан топибди”, деб айтди”, деса бўладими?!
Шу пайт бошимга гурзи билан бир туширгандек бўлди гўё. Онамга қарасам, кўзларини бир нуқтага қадаганича индамай ўтирардилар. Тўғриси, шу тобда “ўлганнинг устидан тепаётган”, бировни ўйловсизларча айтган гапини кўтариб келган фаҳмсиз аёлни уйимиздан тезроқ чиқиб кетишини хоҳладим. Аёллар бирин-кетин чиқиб кетишди ҳамки, онам қимир этмай шу ҳолатда ўтираверди.
Фақат: “Афсус, афсус!.. Қаламимнинг кучи муаммони кўтариб чиқиб, ечим топибди-ю аммо айрим сўқир қалбларни уйғотишга кучи етмабди-да. Ўша аёл эрининг қари ота-онасини кўчага ҳайдаб чиқарганди. Шўрликлар кекса ҳолида борадиган жойи йўқ, анча пайт маҳалла биносида яшаб юришди. Маҳалла фаоллари билан аёлнинг уйига бориб, тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўғлига, “Ахир ота-онани кўчага ҳайдаш катта гуноҳ-ку”, деб инсофга чақирсак, хотини эрини умуман оғиз очтиришга умуман қўймади. Яхши гапни тушунмаганидан кейин газетага ёзишга мажбур бўлгандим. Мақола эълон қилинганидан сўнг бу муаммога ҳокимлик аралашиб, қатъий чора кўрилишини айтгандан сўнггина, қарияларни уйга киритишди. Мен булар ўз айбини тушунган, қилган хатосидан тўғри хулоса чиқарган, деб ўйлаб юрган эканман. Демак, бечора қариялар шунча пайт у уйда рўшнолик кўрмабди-да…” дедилар надомат билан.
Кўп гувоҳ бўлганман. Ижодкор халқи атрофдагиларга куйиб-пишиб гуноҳу савоб, яхшилик ва ёмонликнинг нима эканлигини тушунтирмоқчи бўлади-ю, унга жавобан кимларнингдир ноҳақ тепкисига ўзи дучор бўлади.
Тошкентдаги тадбирни ўтказиб Қаршига кетганига ҳали уч кун бўлмасидан онамнинг клиник ўлим ҳолатига тушиб қолгани ҳақидаги шум хабар етиб келди. Йўлда кетяпману, “Нега, қандай қилиб бундай бўлди?!” деган саволларга жавоб топа олмасдим. Жонлантириш бўлимида ётган онамнинг аҳволи уч кун ўтса ҳамки умуман ўзгармади. Шифокорнинг, “Афсус, онангизни олиб келишганида аҳволи жудаям оғир эди. Қон босимини ўлчаганимизда, натижани кўриб ҳаммамиз қотиб қолдик. Ҳали бунақаси бўлмаган. Тонометр энг баланд кўрсаткичдан ҳам юқорини кўрсатарди. Онангизни қон босими аслида нечага кўтарилганини билолмадик”, деган сўзлари ҳали-ҳамон юрагимга тиғдек санчилиб турибди.
Қишнинг қаҳратон совуғига қарамай, ўша куни онам бир эмас, учта тадбирга борган экан. Тадбирларнинг барчасида арзирли муаммолар ҳақида гапирилмагани аниғу, аммо онамнинг қон босими нега бунчалар фалакка кўтарилганининг сабаби биз учун қоронғи бўлиб қолаверди…
КУТИЛМАГАН НАТИЖА 
Минг афсуски, кундан-кунга аҳволи оғирлашиб “ўлаётган” оммавий ахборот воситаларини кўриш жудаям ачинарли. Кетма-кет ўтказилаётган тадбирларда масъуллар, “Биз чет эл тажрибасини ўрганиб, фикр алмашяпмиз”, деб бонг уриш билан овора.
Хўш, чет элдан нимани ўргандик?! Шароитимизга, аҳволимизга реалроқ қарашга ҳаракат қилмаймизми?! Юртдошларимизни интернетга узвий боғлашга уринишимиздан аввал, кунлик нонини топиб ейиши муаммо бўлган, қўлида оддий телефон тугул, чекка-чекка қишлоқларда ҳафталаб чироқсиз яшаётган юртдошларимиз борлигини ҳам эсдан чиқармайлик.
Бутун дунёни телефон ва компьютерга кўмиб ташлаган Япония ва Хитой давлатларидаги газета ва журналларнинг адади қанча эканлигини биламизми?! Мазкур давлат ҳукуматлари ҳар бир хонадонга телефон ёки компьютер эмас, газета ва журналлар кириб боришини таъминлар экан. Бизда-чи?! Нашрлардаги бор обунани ҳам камайтириб, салкам бир асрлик забардаст газета ва журналларнинг “йўқ” бўлиб кетишини ҳам киприк қоқмай томоша қилиб ўтираверамиз. Юртимиздаги 85 фоиз хонадонга бир дона бўлса ҳам газета ёки журнал кириб бормаётган экан, маънавият ва маданиятдан бонг уриб гапиришга ҳаққимиз бормикан?!
Минг афсуски вазирликлар, муассислар ўзларига тегишли бўлган нашрларнинг аҳволи билан умуман қизиқмайди ёки ўзларини кўриб кўрмаганга олишади.
Биргина мисол: неча йиллар давомида собиқ Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги таркибида бўлган болалар нашрлари Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Аммо сўнгги вақтларда болалар нашрлари эгасиздек бир аҳволга келиб қолди. Ёрдам сўраб қилинган мурожаатга, “Ўз кунингизни ўзингиз кўринг, аҳволимизни кўриб турибсиз-ку!” қабилида жавоб бериши “Йиғлаб боргандим, ҳўнграб чиқди”, деган мақолни ёдга солади. Таассуфки, хайрли мақсадда бошланган иш кутилган натижани бера олмади.
Наҳотки болалар нашрларидан ҳам бутунлай воз кечсак? Ёки болалар қўлига ҳам интернети “вип” бўлган замонавий телефон тутқазиб қўямизми?!
СУЯНИШ УЧУН АВВАЛО УСТУН КЕРАК 
Ҳар йили бир ижодкор сифатида 27-июнни ўзгача бир кайфиятда кутаман. Тўғрироғи, яхшиликлардан, соҳамизга оид бирор бир бизни қувонтирадиган янгиликлардан мужда кутаман. Аммо ҳар йили “Шу бўлар такрор” деганларидек, умидимизни синдириб кейинги йилга ўтаверамиз… “Ундай қилиш керак, бундай қилиш керак”, маъносидаги назарий тадбирлар, йиғилишлар одамни бездириб юборди.
Журналистларга ақли етса-етмаса, берилаётган насиҳатлар эмас, ҳам руҳий, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий мадад бўладиган қарорлар керак аслида. Оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий “Тўртинчи ҳокимият” даражасига олиб чиқадиган, ижодкорларнинг мавқеини оширадиган, газета саҳифаларида ёритилаётган муаммоларнинг ўз ечимини топишида журналистларга кўмак бера оладиган, суянишимиз мумкин бўлган устун зарур.
Минг афсуски, соҳамизга бўлган эътиборсизлик бир қанча истеъдодли ижодкорларнинг ўз ҳаёт йўлларини ўзгартиришига ҳам сабаб бўлди. Тирикчилик илинжида салмоғи баланд асарларни тақдим этиши мумкин бўлган ижодкорларимизни “ўз кучини ўтин ёришга сарфлаётганини” кўриб, бой бераётган истеъдодларимизга ачиниб кетаман. Чунки ижодкорнинг олаётган маоши қилган меҳнатининг учдан бирига ҳам арзимайди-да!
Журналистларга бўлган эътиборни уларнинг байрамида кўринг. Ҳали мусиқа нималиги тўла англамаган, енгил-елпи қўшиқ айтувчи “санъаткор”чалар 9-10 кунлаб концерт берадиган “Халқлар дўстлиги” саройи йилда бир мартагина юртимиздаги барча ижодкорларни жам қилиб, бағрини очиб кутиб ололмайди. Катта-ю кичикнинг яхши ёмонидан хабардор қилиб, тинмай ишлаётган журналистлар миллий театрнинг кичкина залига сиққанича йиғилади. Журналистлар уюшмаси бир амаллаб тадбир ташкиллаштиради…
“ҚЎРҚМАЙ ЁЗАВЕРИНГ… БИЗ ТУРИБМИЗ”
“Қўрқмай муаммоларни ёзинг, газеталарда ўткир-ўткир мақолалар беринг. Қани довюрак журналистлар?!” дейишади. Кейин эса бир қадамгина олдинга чиқиб муаммоларни айта бошлаган қаламкашга ўз ҳаддини жуда моҳирлик билан билдириб қўйишга киришишади.
Халқимизнинг дилидаги, юрагидаги дардларини, муаммоларини қўрқмай ёритаётган журналистлар ҳам, нашрлар ҳам талайгина. Аммо шундай жасур нашрларни мутасаддиларнинг ўзлари ўқимаётгани ачинарли ҳол.
“Нашримизда танқидий мақола эълон қилдик, – дейди ҳамкасбларимиздан бири. – Тегишли мутасаддилардан бирор бир муносабат билдирилмади. Орадан қарийб икки ой (!) ўтганидан сўнг мақолада тилга олинган ҳолатга масъул ташкилотнинг вилоят бўлимидан таҳририятга қўнғироқ бўлди.
“Илтимос, ўша газетадан юборсангиз, бизга келган топшириқни ёпишимиз учун зарур бўляпти”, дейди. Ўзи нима иш қилинди аҳволни ўзгартириш юзасидан? Уни “ёпиб” қўйиш эмас, бизга беришингиз керак. Муносабат сифатида чоп этамиз, деган гапимизни афсуски тушунишмади”. Мана сизга, айрим мутасаддиларнинг матбуотга эътибори!
Юқорида тилга олинганидек, бир вақтлар матбуотда кўтарилган муаммонинг ҳеч бири эътиборсиз қолмаган. Фельетон бўлган соҳа раҳбарлари буни ўзларига энг шармандали ҳолат сифатида қараган. Бугун-чи? Ҳатто исм-фамилиясигача келтириб танқид қилсангиз ҳам парвойига келтирмайди…
Телеэкран орқали бир оғиз рост сўзни айтгани учун турли “ўйин”лар орқали ишдан бўшатилиб, йиллаб уйда ишсиз ўтирган журналистнинг аҳволини кўрганимда, ўзининг фидойилиги билан шогирдларига ўрнак бўлган устоз журналистни суднинг эшигигача олиб боришганида кўнглим оғринди. Ахир, улар бирор марта ўз манфаатини кўтариб чиқдими? Қачондир, ниманидир танқид қилиб чиққан бўлса, шу жамият муаммоси, шу халқ дарди учун эди-ку бу! Қани шундай пайтларда журналистлар ҳимояси учун тайинли ишларни санай олсак…
Эссиз, жамиятимизнинг ижодкорларга бўлаётган муносабатини кўриб куйиниб кетасан киши. Нима, журналистнинг жони метинданми?! Меҳнатни қилиб, яна жавобига тарсаки еса ҳам ўзини ғавғога тиқаверсинми?!
Икки қатор гапни эплаб ёзиш у ёқда турсин, тайёр матнни тутилмай ўқий олмайдиган айрим раҳбарларни соатлаб тинглаб, олқишлашни биламизу, лекин тунни тонгга улаб, минг бир заҳмат билан халқимизнинг юрагидаги дардини кўтариб чиқаётган журналистнинг мақолаларига масъуллар эътибор ҳам бермайди.
Авваллари ижодкорларга копток ўйнаётган болалар ҳам тўхтаб йўл бериб, ҳурмат кўрсатган бўлса, энди куппа-кундуз куни тўғри гапни айтгани учун журналистнинг бошини ёриб кетишса ҳам ҳеч ким ғиринг деяётгани йўқ-ку!
Журналистлар ҳақида гап кетганда, бу соҳанинг қаттиқ нонини тишлаб ҳам кўрмаган кишилар томонидан ижтимоий тармоқларда билиб-билмай, ўйламай, қўрқоқликда айблаб, ижодкорларнинг шаънига айтилаётган, билдирилаётган муносабатларни кўрганимда дилим оғрийди. Кўз олдимдан телерадиокомпанияда эфирга узатилаётган атиги уч дақиқалик лавҳа учун соатлаб компьютер экранига термилиб ишлаётган ҳамкасбларим, ўзи ёрдамга муҳтож бўла туриб, ижара уйларда яшаётганига қарамай, бирор-бир муаммони ҳал қилиб, ёрдам берай, халқимга фойдам тегсин, деб газета саҳифаларини тўлдираётган таҳририят ходимлари, қўлида фақатгина машина рақами ёзилган қоғозни ушлаганича ноилож ўтирган болалар, тонометр аппаратига сиғмаган рақамлар, бир нуқтага тикилганича ўйга чўмиб турган онам – халқ билан ҳақ оралиғида ёнаётган инсонлар кўз олдимда намоён бўлаверади. Юрагимдаги ачишишни, бўғзимдаги ҳайқириқни тўхтатолмайман: Сизнинг фидоийликка жавобингиз шуми?!
Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист
Манба: “Оила даврасида” газетаси
Бошқа хабарлар