ҚУЙИ СИНФЛАРГА “ЮҚОРИ”НИНГ МАВЗУСИ

194

 

ёхуд қайта-қайта янгиланаётган дарсликлар

Қарийб йигирма йилдирки, юртимизда мактаб дарсликлари тез-тез ўзгариб турибди. Мазкур жараённи мутасаддилар “синов” деб аташади. Аммо синов шунча узоқ вақт давом этадими? Ахир, бу ҳол ёш авлоднинг билим олишида кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқаряпти-ку! Янгиланиб турган дарсликлар ўқувчи ва педагоглар талабига нега жавоб бермаяпти? Ушбу дарсликлар барқарорлигини таъминлаш вақти келмадими? “Бухоронома” газетаси мухбири Наргиза Қувончева айни шу оғриқли масалани қаламга олди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

МАКТАБ ДАРСЛИКЛАРИ: СИНОВ ЯНА ҚАНЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим сифатини ошириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат дастурлари орқали мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари замонавий қиёфа касб этмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо таълим сифатини оширишда мактаб дарсликларининг ўрни ва аҳамияти катта. Ҳар қандай илм соҳаси вакили илк билимларни дарсликлардан олади. Хўш, бугун амалиётда қўлланилаётган, ўқувчига дастлабки илмий сабоқларни берадиган мактаб дарсликлари талабга жавоб берадими?

Ўтган йиллар давомида дарсликлар ва улардаги камчиликлар ижтимоий тармоқларда анчагина муҳокамаларга сабаб бўлгани рост. Чунки, мустақил давлатга айланганимизга ҳам яқинда 28 йил тўлади. Бироқ ҳалигача дарсликларни тайёрлашда бир тўхтамга келинмади, назаримизда. Бу кетишда мактабларда синов дарсликларидан фойдаланиш жараёни қачонгача давом этади?

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчилардан бири дарсликларнинг тез-тез янгиланаётгани ҳақида шундай дейди: “Тарих, адабиёт каби ижтимоий йўналишлардаги дарсликлар қайтадан яратилди, тўғри, шундай бўлиши ҳам керак эди. Лекин математика, физика каби аниқ фанлар бўйича дарсликлар ўнлаб йиллар давомида синовдан ўтган ва мукаммаллашган эди, бу фанларни қайта ўзгартиришга ҳожат бормиди? Қуйи синфлардан бири учун яратилган янги математика фани дарслигининг синовида қатнашдим. Бу дарсликда ҳеч қандай янгилик йўқ, фақат юқори синф дарсликларидан мавзулар киритилиб, китоб қайтага мураккаблашган, чалкашган, соддалик ва изчиллик йўқолган эди, холос. Ўқувчиларим уни ўзлаштиришга роса қийналишди, аксарияти ўзлаштира олмади ҳам”.

Бунга фарзандига дарс тайёрлашда баҳоли қудрат кўмаклашадиган ота-оналар билан суҳбатлашиш жараёнида яна бир маротаба амин бўлдик. Уларнинг кўпчилиги математика фанидан ҳатто 4-5-6-синфда ўқийдиган фарзандига ҳам мисол ва масалалар мураккаблашгани сабаб ёрдам бера олишмаётганини, шунинг учун қўшимча фан тўгаракларига юборишаётганини айтишди.

Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб топиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармасининг дарсликлар билан ишлайдиган бўлимига мурожаат қилдик.

– Умумтаълим мактабларини дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг иккинчи бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги “Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, 2-4-синфлар учун – икки йилда бир марта ва 5-9-синфлар учун – тўрт йилда бир марта янгиланиши белгиланган. Умумтаълим мактабларининг 2-4-синф ўқувчилари учун чет тиллари бўйича дарсликларнинг иш дафтарлари эса ҳар йили янгиланади, – деди дарсликлар бўйича методист Наврўз Нуров.

Қайта-қайта янгиланаётган бу дарсликлар таълим сифатига таъсир қилмайдими? Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тақдим этиладиган тестлар ва уларнинг жавобларидаги чалкашликларни келтириб чиқармайдими? Ҳар йили дарсликлар янгиланяпти деб, Давлат тест маркази тест саволларини бир бошдан ўзгартирмаса керак…

– Амалдаги дастурда берилган мавзулар ўқувчилар учун ҳаётий кўникмалардан узоқ, ўрганилган мавзулар амалда қўлланилмайди. Асосий вақт назарий билимларни қуруқ ўргатишдан иборат бўлиб қолади, чунки назарий маълумотларнинг кўпчилиги тор доирадаги мутахассислар учунгина тушунарли усулда берилган, – дейди Жондор тумани 2-ИДУМИнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳаррам Камолова. – Она тили ва адабиёт фани ўқув дастуридаги мавзуларни кундалик ҳаётга яқинлаштириш баробарида, дастурга муомала маданияти, одоб-ахлоқ меъёрлари, миллий қадриятларни улуғловчи ўзбекона дунёқараш билан уйғун мавзулар киритилса, адабиёт дарсларига ажратилаётган соатлар миқдори кўпайтирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бунинг натижасида ўқувчи мантиқий фикрлашга, тўғри ва имловий хатоларсиз ёзишга ўрганади. Унда тафаккур камолга етади, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуси шаклланади.

5-синф она тили дарслиги (Н.Маҳмудов ва бошқалар)да мавзулар изчиллик билан берилмаган, шунингдек, бир неча мураккаб мавзулар тавсия этилган. Мавзуларнинг айримларига 9-синфга қадар қайта мурожаат қилинмайди. Жумладан, 5-синф она тили ўқув дастурида содда ва қўшма гаплар; кўчирма гаплар; кўчирма гаплар ва уларда тиниш белгиларининг ишлатилиши мавзулари учун 2 соат ажратилган бўлиб, бундай қисқа вақт давомида мазкур мураккаб мавзуларни ўзлаштириш имконияти мавжуд  эмас. Натижада ўқувчилар 6-7-8-синфларда баён, иншо ёзиш жараёнларида кўчирма гапларни қўллашда хатоликларга йўл қўйишади. 6-7-8-синфларда мазкур мавзуларга оид назарий ва амалий билимлар давомий бериб борилса, бу каби хатоликларнинг олди олинган бўлар эди.

Амалдаги 6-синф она тили дарслигида -ган сифатдош ҳосил қилувчи қўшимчаси луғавий шакл ясовчи деб кўрсатилган (Н.Маҳмудов, А.Собиров, Д.Набиева, 57-бет).

Унинг кесимлик кўрсаткичи сифатида замон шаклини ҳам ифодалаши эса 5-синф она тили дарслигида қайд этилган: Ўқиган бола – сифатдош. Феруза китобларини ўқиган – соф феъл. Бунда мазкур қўшимчанинг замон, шахс-сон маъноларини ифодалаб, кесимлик шакли вазифасида ҳам келиши тушунтирилади. Демак, 6-синф дарслигида бу жиҳатлар яна бир маротаба эсга олиниши мақсадга мувофиқ.

8-синф она тили дарслиги (Ҳ.Неъматов, М.Абдураимова, Р.Сайфуллаева)да эганинг ифодаланиши ҳақидаги назарий тушунчаларни асослаш мақсадида келтирилган мисолда хатолик мавжуд бўлиб, эга ҳаракат номи билан ифодаланадиган мисоллар қаторида “Иш иштаҳа очар” мақоли ўринсиз келтирилган. (68-бет).

Адабиёт дарсликларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўргатишда 5-6-синфларда мураккаблик мавжуд. Мавзулар ўзлаштирилишида ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари инобатга олинмаган. Шунга кўра, 5-синфда Алишер Навоийнинг рубоий ва туюқлари ўргатилса, 6-синфда эса “Ҳайрат ул-аброр” достонидан ибратли ҳикоятлар тавсия этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

8-синф адабиёт дарслиги (Султонмурод Олим, С.Аҳмедов, Р.Қўчқоров)да Лутфий, Алишер Навоий ғазаллари берилган, ғазаллар таҳлилида унинг аруздаги афоилини ўқувчи тушунмай туриб ёдлайди ва тезда унутади. Мумтоз шоирларимиз ижодини ўрганишдан олдин аруз вазни ҳақида назарий маълумотлар берилиши ўқувчиларда ғазал ва бошқа мумтоз адабиёт жанрлари оҳанги ва ритми ҳақида тасаввур ҳосил қилишда кўмаклашиши шубҳасиз.

Баъзи бир ижодкорларнинг таржимаи ҳоли кейинги йил дарсликларида такрор келган ҳолатларни ҳам учратиш мумкин. Аслида эса ижодкор тўғрисидаги маълумотлар қўшимчалар билан бойитилгани маъқул…

Бошқа фанлардан дарс берадиган ўқитувчилар билан суҳбатлашганимизда ҳам, ҳар бири ўз фани юзасидан турли таклиф ва мулоҳазаларни билдирди. Аммо фанда, илмда бир тўхтамга келиш пайти келмадими? Яна қачонгача синов дасрликлар тартиб берилаверади? Ахир, ҳар икки ёки тўрт йилда китоблар янгиланаверса, бунга миллионлаб маблағ сарфланади. Яна айни шу йиллар оралиғида муаллифлар ўртасида танловлар эълон қилиниб, миллонлаб пуллар уларни рағбатлантириш учун ажратилади…

Мулоҳаза ўрнида айтиш жоизки, босқичма-босқич яратилаётган дарсликлар бири-бирини такрорламасдан, аксинча, мазмунан тўлдириб бориши, таҳсил олаётган ўқувчининг билимини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Зеро, ўқувчини новдага қиёслайдиган бўлсак, унинг униб, катта дарахтга айланишида дарслик муаллифларининг ҳиссаси салмоқли. Шу боис уларнинг ўзлари тақдим қилаётган дарсликда хато қилишга, адашишга ҳақлари йўқ. Юртимиз келажаги бўлмиш ёш авлод истиқболи учун ҳам бу масалага жиддий ёндашиш шарт ва зарур.

 

Наргиза ҚУВОНЧЕВА

2019 йил 19 июнь, 48-сон

“Бухоронома” газетаси

Бошқа хабарлар