«Ушбу форум дунё ёшларини бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилади»

113

«TEMП – 2019» Тошкент халқаро форуми иштирокчилари айни дамда Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилмоқда.

Ула йўл-йўлакай самарқандлик ёшларнинг севимли масканига айланган Университет хиёбонида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларига ҳам бир қур назар ташлаб ўтишди.

– Ўзбекистонда ёшлар келажагига катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўляпмиз, – дейди Қозоғистон касаба уюшмалари вакили Эспенбет Калшора. – Бу табаррук заминга иккинчи маротаба ташриф буюришим. Аввалги келганимда ҳам бу гал ҳам бу ерда жуда кўп ёшларни учратганман, улар билан фикр алмашганман. Авлодлар меросига муҳаббат, ҳурмат  бу ўлка ёшларига хос фазилат эканини англадим.

Дарҳақиқат, Самарқанд қадим Шарқнинг том маънодаги афсонасидир. Айниқса, форум доирасида ташкил этилган ушбу саёҳатнинг чет эллик ёшлар тасаввуридаги Ўзбекистон имижини шакллантиришдаги ўрни беқиёс. Ўз ҳаяжонини биз билан ўртоқлашган ҳиндистонлик Сониа Сингла ҳам айни шу фикрда.

 

 

 

– Ушбу форум дунё ёшларини бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилади, – дейди  ҳиндистонлик Сониа Сингла. – Ҳали Ўзбекистонга келганимизга кўп бўлмаган бўлса-да, ўз қарашларига эга кўплаб ёшлар билан танишдик. Бу шунчаки учрашув эмас, балки мустаҳкам дўстлик, ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланишига асос бўлади деб ўйлайман.

 

Бошқа хабарлар