ДУНЁ ЁШЛАРИНИ БИРЛАШТИРГАН АНЖУМАН

219

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП – 2019» Тошкент халқаро форумини иштирокчилар шундай эътироф этмоқда

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чарос» меҳмонхонасида халқаро форум тантанали очилди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков «ТЕМП – 2019» форуми юртимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, бу борада эришилган тажриба, ютуқларни дунё ҳамжамиятига етказиш ва тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Тадбирда Беларусь касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Орда мазкур тадбир касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги истиқболларни белгилашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковга «Беларусь касаба уюшмалари ҳаракатининг 115 йиллиги» юбилей медали топширилди.
Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Александр Шершуков ушбу форумнинг ўтказилиши халқаро меҳнат муносабатларида муҳим рол ўйнашига алоҳида урғу бериб ўтди.
Халқаро анжуманда 20 га яқин давлатдан 100 нафардан зиёд йигит-қиз, шунинг­дек, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қарийб 150 нафар фаол ёшлари қатнашмоқда.

Ушбу нуфузли тадбирнинг мазмун-моҳиятида бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, турли мамлакатлар ёшларини бирлаштириш ва ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар ҳамда дас­турларни амалга оширишда ижтимоий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш мақсади ётганини айтиб ўтмаслик мумкин эмас. Айни шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда халқаро форум давомида унда иштирок этаётган хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ёш фаолларини давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари, унда касаба уюшмаларининг иштироки, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ­Ўзбекистоннинг ривожланишида муҳим ўрин тутаётган корхоналар, миллий маҳсулотларимиз билан таништириш, илмий салоҳиятни намоён этиш кўзда тутилган.
Форумнинг биринчи куни кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтгани ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этди. Халқаро форум иштирокчилари дастлаб Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишди. Улар йўл-йўлакай самарқандлик ёшларнинг севимли масканига айланган Университет хиёбонида амалга оширилаётган қурилиш ва ­бунёдкорлик ишларига ҳам бир қур назар ташлаб ўтишди.
«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилаётган Регистон майдонини форум қатнашчилари ўзгача қизиқиш билан кўздан кечиришди. Ёшларга уч минг йиллик тарихга эга Самарқанднинг фахри ҳақида кенг тушунчалар берилди. Темурийлар бошлаган бунёдкорликни кейинчалик шаҳарга ҳоким бўлган Баҳодирхон Ялангтўш мукаммал ансамбль даражасига олиб чиққани, халқимиз қонида бўлган яратиш иштиёқи авлоддан авлодга ўтиб келаётгани меҳмонлар таҳсинига сазовор бўлди.
Самарқанд шаҳридаги «Ёшлар маркази»да форум иштирокчиларининг шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов билан бўлиб ўтган учрашуви ҳам жонли тарзда кечди. Тадбир аввалида форум иштирокчилари марказда ташкил этилган ёш ҳунармандлар, рассомлар ва ижодкорларнинг ишланмалари, ўймакорлик ишлари билан танишдилар. Иштирокчиларнинг айримларига бу соҳада иқтидорларини синаб кўриш имконияти ҳам яратиб берилди.
Учрашувни Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ­раиси Суҳроб Рафиқов очди.
– Қадим Римга тенгдош бўлган шаҳримизда касаба уюшмалари ёшлари форуми иштирокчиларини кутиб олганимиздан мамнунмиз, – деди Самарқанд шаҳри ҳокими Б.Облақулов. – Шаҳримиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Эътиборли жиҳати шундаки, келажагимиз эгалари бўлган ёшларга умид ва ишончимиз катта. Улар ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этиб келмоқда. Бугун янгидан барпо этилаётган Самарқанд саноатининг устуни бўлган ишлаб чиқариш корхоналарини ёшлар бошқармоқда.
Тадбирда вилоят ёшларининг иқтисодиёт юксалишидаги улушлари, ижтимоий ривожланишдаги ҳиссаси, ёшларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар хусусида сўзлаб берилди.
Форум иштирокчиларининг навбатдаги ташриф манзили Самарқанд туманининг Конигил қишлоғидаги «Конигил мероси» оилавий корхонаси бўлди. Мазкур корхонада замонавий технологияларсиз, барча юмушлар табиий қувватга асосланган ҳолда ўта сифатли ипак қоғози ишлаб чиқарилади. Пишиқ, пухта ипак қоғозининг асосий хомашёси ҳам ўзимизнинг далаларда ўсадиган тут хивчинларидан олинаётир.
Аждодларимизнинг ақл-заковатини, истеъдодини ўзида жамлаган бу ишлаб чиқариш аслида жуда оддий бўлса-да, маҳсулот сифати жиҳатидан барча турдошларидан устундир. Тадбиркор Зариф Мухторов боболаримизнинг ушбу меросини тиклаган.
– Айни чоғда оила аъзоларимиз билан биргаликда 35 киши бу ерда қоғоз ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда, – дейди корхона ходими Санжар Мухторов. – Қоғоздан 50 турдаги маҳсулот ҳам ишлаб чиқаряпмиз.
Корхонада кунига 50-100 варақ ўта юқори сифатли қоғоз тайёрланади. Бу қоғозлардаги битикларни ўчириш ҳам душвор. Пишиқлик даражаси аъло, уни қўл билан тортиб йиртиб бўлмайди. Айни чоғда мўйқалам соҳиблари ўз асарларини ана шу қоғозларда тасвирлашга интилмоқда.
– Қадим Шарқ маданиятига гувоҳ бўлдик, – дейди Татарис­тон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси ёшлар масалалари етакчиси Илсияр Кунакбаева. – Ўтмиш аждодлар томонидан яратилган қоғоз ишлаб чиқаришнинг бу услуби оддийлиги, тежамкорлиги ва сифати билан эътиборимизни тортди. Самарқанднинг ўзига хослиги, бу заминдаги кўҳна санъат сир-у синоати билан танишдик.
– Қаранг, оддий ариқ суви ёрдамида ўтмиш авлод не кашфиётларга эришган, – дейди Озарбойжон давлат муассасалари касаба уюшмаси ёшлари вакили Рауф Имраҳимли. – Бу биз учун катта бир ибрат мактаби.
Кўҳна Самарқанд қоғози ва корхонада амалга оширилаётган ишлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Халқаро форумнинг кейинги куни Самарқанддан қайтиб келган иштирокчиларни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Чарос» меҳмонхонасида тантанали кутиб олиш билан бош­ланди. Турли халқларнинг қўшиқлари ва урф-одатлари акс этган мусиқий чиқишлар қатнаш­чилар учун кутилмаган совға бўлди.
Айтиш жоизки, ушбу бетак­рор гўшада ташкил этилган тадбир руҳига мос машғулотлар ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмади. Жумладан, қизиқишлар, хобби, эпчиллик, кўнгилочар ўйин билан чарчоқни ёзиш бўйи­­ча психологик тренинг ҳамда ранг-баранг ўйинлар уюштирилиб, унга кўра иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзаро танишишди.
Ёшларнинг умумий жиҳатлари, қизиқиши, қарашлари креатив ёндашув асосида кўрсатиб берилди. Хотираси, фикрлаши, тезкорлиги турли ўйинлар билан синовдан ўтказилди. Мутахассисларнинг ҳар бир мавзуга турлича ёндашуви барчани янада фаол бўлишга ундади.
– Ҳар бир иштирокчининг фаоллигини ошириш, бир-бири билан таништириш мақсадида уларни уч гуруҳга бўлган ҳолда, интерфаол усуллар орқали танишувни амалга оширдик, – дей­ди психолог Наргиза Норқулова. – Шунинг­дек, тренинг тизимида дарс ташкил этдик. Назаримизда, дарслар жозибали тус олди. Сабаби, ушбу интерфаол танишувда ҳар бир иштирокчи фаоллашуви, бирлашиши, гуруҳ аъзоси сифатида жипслашишига эришдик, деб ўйлайман.
Умуман олганда, тренинг­нинг бош мақсади нафақат иштирокчиларнинг бир-бири билан танишуви, балки дунёқараши, интеллекти ва фикрларини жипслаштиришдир. Тренинг машғулотлари орқали куч, муваффақият ва дўстлик бирлашиб ҳаракат қилишда эканини барча иштирокчилар тушуниб етишди.
Форум қатнашчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийлар кўргазмасида сиҳатгоҳларда даволанувчилар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, спорт тренажёрлари, фитобар, таклиф этиладиган хизматлар ҳамда ҳар бир санаторийнинг ўзига хос жиҳатларини намоён қилувчи кўргазмали жиҳозлар ва брош­юралар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Айтиш мумкинки, ўзига хос жиҳатлари, иқлим ва жой нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда йўлга қўйилган муолажалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Форум дастуридан миллий либослар фестивали ҳам ўрин эгаллаб, унда атлас, адрас, шойи, ипак ва бошқа матоларимиздан тикилган либослар намойиш этилди. Бежирим, ўзига хос дид билан тикилган кийимлар иштирокчиларнинг ҳайрат ва ҳавасига сабаб бўлди.
Меҳмонлар Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус мазмун-моҳияти билан таништирилди.
Тошкент халқаро форуми иштирокчиларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган шароитлар, бу жараёнда юртимиз касаба уюшмаларининг тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотмоқда.
– Форумни зўр тайёргарлик билан ташкил этгани учун Ўзбекистон касаба уюшмаларига миннатдорлик билдирамиз, – дейди Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили Ерлан Тулетаев. – Биз ушбу тадбир сабаб бир қатор давлатлар касаба уюшмалари ёшлари вакиллари билан дўст тутиндик. Келажакда улар билан мунтазам алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олдик.
– Таассуротларимиз катта. Насиб қилса, келгусида ушбу форумни Қирғизистонда ҳам ўтказишни режалаштиряпмиз, – ­дейди Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили Салтанат Нусубалиева. – Бу каби учрашувларнинг мунтазам давом этиши доимий дўстлик ришталарини боғлашимизга хизмат қилади. Ўзаро тажриба алмашиб, буни соҳамизда қўлласак фақат ва фақат ижобий натижаларга эришишимиз шубҳасиздир.
– Форум иштирокчилари билан дастлабки кундан биргамиз, – дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари ­бўйича маслаҳатчиси Мақсад Зоҳидов. – Улар форум кутилганидан ҳам ортиқ бўлаётганини ҳар қадамда эътироф этишмоқда. Айниқса, иштирокчиларни янада жипс­лаштириш, бир-бирига ишончини орттириш масадида ташкил этилган кўнгилочар ­ўйинлар, психологик тренинглар меҳмонларга ниҳоятда манзур бўлди. Дастур доирасидаги бундан кейинги тадбирлар ҳам уларнинг янада завқ олиши, назарий ва амалий билимларини оширишга хизмат қилади.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев иштирок этди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,
Салим АБДУРАҲМОНОВ
Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

 

 

 

Бошқа хабарлар