СЎНГГИ ПУШАЙМОН

82

(«Дўстимнинг мактублари» туркумидан)

Ассалому алайкум! Қадрли тенгдошларим!
Менинг исмим И. Сизга ўз ҳаётимни ҳикоя қилиб беришга аҳд қилдим. Менинг адашган йўлларим токи сизга ҳам ибрат бўлсин. Чунки мен умримни беҳуда совурдим. Унинг қадрига етмадим.
Келинг, бошидан айта қолай. Ўзига тўқ хонадонда туғилиб, ўсдим. Ягона ўғил эдим. 18 ёшга тўлганимда отам янги автомобиль совға қилди. «Энди ҳаётимнинг янги саҳифалари очилса керак», деб ўйладим. Ҳа, чиндан ҳам очилди. Фақат, улар бахтга тўла эмас эди…

* * *

Янги машина менга кўплаб дўстлар, оқбилак ойимчалар ва тонггача уланган кечалар совға қилди. Айш-ишратнинг охири кўринмай қолди. Енгилтабиат дўстлар атрофимни ўраб олишди. Рости, бу менга ёқарди. Настя деган қизга кўнгил қўйдим. Усиз юролмайдиган бўлиб қолдим. Ҳатто, унга уйланиш фикри собит бўлди юрагимда. Ишонсангиз, ҳафталаб уйга келмаган кунларим бўларди.
Табиийки, ота-онам бунга бефарқ қараб туролмасди. Мени пойтахтимиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан бирига жойлаб қўйишди. Отам, ўқиш фарзандимни тарбиялайди, деб ўйларди. Афсуски, адашганди. Билим олиш мен учун эмас экан. Бир йил ўтар-ўтмас, ўқишни ташладим. Отам, таълим муассасаси раҳбарлари билан келишиб, ўқишимни тиклатди. Аммо мен яна отамнинг юзини ерга қаратдим…

* * *

Отам кўп койиди. Хафа бўлди. Онам узоқ йиғлади. Худо инсоф бердими, ҳар қалай тўғри ҳаётга қайта бошладим. Барчаси яхши кетаётганди. Токи Настяни ва собиқ «ҳамтовоқлар»имни кўрмагунимча…
Аёл зотининг аксарияти жодуловчи кўзлари билан сеҳрлайди, назаримда. Настя ҳам мени шундай жодулади. Яна унга ўргана бош­ладим. Яна ўша йўлга қайтдим…

* * *

Бир йилдан сўнг, қизимиз Олеся туғилди. Менинг кўзларим ҳам, Настянинг кўзлари ҳам қўйкўз. Аммо қизалоғимизники мовий эди. Настя қанчалик хушнуд бўлса, ота-онам шунча куюнди. Адл қоматларини эгдим. Онам мени қарғай-қарғай, совчиликка югурди. Ахийри, келин топди. Учрашувга чиқдим. Шунча қилган гуноҳимга қарамай меҳрибон Аллоҳ мени яна сийлади. Зилола иймон-эътиқодли, чиройли қиз экан. Рози бўлдим уйланишга. Ўзимга-ўзим сўз бердим, ота-онамни, аёлимни асрашга, ардоқлашга. Бир неча ой бахтли яшадик. Аёлим беш вақт намоз ўқир, ибо-ҳаёси билан мени ўзига янада мафтун этарди. Яратган ол қулим, деди. Қўчқордек ўғилли бўлдик. Қувончимнинг чек-чегараси йўқ эди гўё.
Кунлардан бир куни, ишдан қайтишда супермаркетга кирдим. Кассада Настяни учратдим. Янада очилиб кетибди. Кўзларим ўйнаб кетди. Қизимизни боғчага берибди. Яна Шайтон йўлдан оздирдими, машинани Настянинг уйи томон буриб юборганимни билмай қолибман. Шу кеча Настянинг олдида қолдим.

* * *

– Нега ўзингни биздан олиб қочиб юрибсан, – деб қолди бехос учратган дўстим Марат. Унга Жавдат қўшилди. Кейин Тимур. Ҳоли жонимга қўймай, кафега етаклашди. Ўшанда уларга рад жавоби бермаганимга ҳайронман. Кечгача бўкиб ичдик. Кейин улар мени Настянинг уйига ташлаб кетишди. Қўнғироқни чалдим, эшикни мовийкўз нотаниш эркак очди. Бўлди тўполон, бўлди тўполон…
Отам кафил бўлиб, балолар гирдобидан амаллаб олиб чиқди. Шу тариқа Настя билан Олеся менинг ҳисобимдан чиқди.
* * *
Суянганим, ишонганим – отамнинг борига шукр, яхши ишга жойлаб қўйдилар. Кўзим очилгандек бўлди. Бу орада ўғлим бир ёшга тўлди. Туғилган кунини каттагина қилиб ўтказдик. Ўша куни аёлимнинг дугоналаридан бири мени зимдан кузатаётганини сездим. Рисола хушрўй, чарос кўзлари ўйнаб турадиган аёл экан. Билишимча, турмуш ўртоғи хорижда ишлар экан…
Навбатдаги манзил – унинг уйи бўлиб қолди. Кейин буни аёлим сезиб қолди. Мендан ҳам, дугонасидан ҳам кечди. У кетгач уйдан файз-у барака ҳам кетди. Мен ичкиликка ружу қўйдим.

* * *

Кун ботяпти. Қуёш ғарбга аста-секин энаётир. Ҳар куни шу манзарани кузатаман. Касалликка чалинганимдан бери. Қуёшнинг ботишини умр чироғимнинг сўнишига қиёслайман, ўзимча. Буям бир далда-да, қадрдон.
Аллоҳнинг қаҳри келдими, мен бандасига дард берди. Тузалмас дард. Мана, деярли бир йилдан бери у билан курашаман. Уни енгишга бўлган умидим тобора сўниб бораётир. Сабаби, бу касалликни мингдан биргина енга олар экан. Майли, нима ҳам дердим, бир бошга бир ўлим.
Кеч бўлса-да, кўзим очилди. Аёлим беш ой деганда қайтиб келди. Кеча шифохонага ўғлимни олиб келди. Ишонсангиз, ўз пушт-у камаримдан бўлган болам отасига келишни истамади. Йиғлаб, ортга тисарилди. Ичимда бир нарса узилди. Уларни кузатдим-у, ўкраб йиғлаб юбордим…

* * *

Дардим оғир… Мен ҳаммасини англаб етдим. Аммо бу дунёни ташлаб кетгим келмаяпти. Ҳали жуда ёшман. Норасида ўғлим кимларнинг қўлида қолади? Ўгай отаси туртмасмикан? Кўчага ҳайдаб чиқармасмикан? Ота-онам, аёлим ёлғизланиб қолади-ку! Тунов куни собиқ дўстларимдан бири Маратни 13 жойидан пичоқлаб кетишибди. Роса қийналибди жон беролмай, шўрлик…
Тенгдошларимга қисматим сабоқ бўлсин учун ҳаммасини рўйи рост гапирдим. Токи, ўзгаларга ўрнак бўлсин, мен қилган хатоларни такрорлашмасин. Ота-онасининг, оиласининг ­қадрига етишсин. Улар қайтиб топилмайдиган неъмат экан. Ҳамма-ҳаммаси учун кечиринглар, отажон, онажон, Зилола, ўғлим. Сизларни яхши кўраман жудаям…
Афсуски, мен ҳаётни жуда кеч тушундим, афсус…

Ёзиб олувчи:
Давронбек ОРИПОВ

Бошқа хабарлар