Ишчи-ходимларни қандай ҳимоя қиламиз?

105

Ёхуд касаба уюшмасисиз ташкилотлар ҳақида мулоҳазалар

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бош­қармаси ҳамда касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ўртасида 2017-2019 йиллар учун имзоланган ҳудудий келишув муҳокамасида бир қатор ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар тилга олинди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот таркибида ёлланма ходимларнинг даромадлари ҳудудий келишувда белгиланган миқдордан камлигича қолмоқда. Боз устига, кўплаб нодавлат шаклидаги корхоналарда ходимларнинг ижтимоий, меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини ташкил этишда жамоатчилик назорати ўрнатилмаган…

Сабаби оддий – ушбу меҳнат жамоа­ларида касаба уюшма ташкилоти тузилмаган, ишловчилар манфаатларини таъминлашда ижтимоий шерик­лик муносабатлари ўрнатилмаган.
– Ўттиз саккизта нодавлат ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, расмий равишда ижтимоий шерик­лик хусусидаги таклифларимизни етказганмиз, – дей­ди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Дилбар Мустафоқулова. – Аксарият корхоналар мутасаддиларидан ҳамкорлик қилишга муҳтожлигимиз йўқ, деган жавобни эшитдик.
Нима ҳам дердик, корхона фаолиятини ташкил этиш, ишни изга солиш, ҳамкор топиш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Қолаверса, иқтидори тошни ёрганда ҳам бир киши барибир бир киши-да. Шундай экан, юзлаб одамларнинг номидан хулоса чиқариш тўғримикан?
Самарқанд шаҳридаги 200 нафардан 400 нафаргача ходим меҳнат қилаётган «Асл нафис», «Бофенда», «Самарқанд Бухоро ипак гиламлари», «Прайн Керамкс», «Самарқандмрамр», «Асклепей», «Оби-раҳмат», «Y – tekstil cрov» каби корхоналар ва кўплаб меҳмонхоналарга (ресторан, кафе, бар, ошхоналарни айтмай қўя қолайлик) қилинган мурожаатлар бесамар кетмоқда. Мазкур корхоналар мутасаддилари лоақал бир энлик жавоб беришни ҳам ўзларига эп кўрмагани-чи? Хўш, бу корхоналарда ходимлар меҳнатини муҳофазалаш ишлари шу қадар жойидами? Ходимларга қонунлар талаби даражасида шарт-шароит яратилганми? Меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқлари устидан жамоатчилик назорати қай даражада? Шунга ўхшаш бир қатор саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда.
Касаба уюшмалари билан йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келган «SAG гиламлари» корхонаси ҳам йириклашиб олгач, жорий йилнинг январь ойидан касаба уюшмалари билан бўлган алоқаларига барҳам берганини маълум қилиб, муносабатни узди-қўйди. Самарқанд вилояти саноатининг устунларидан бирига айланиб бораётган корхонага наҳотки шу муносиб бўлса?
Иқтисодий юксалишда ҳам, одамларни иш билан банд этишда ҳам инқилобий қадам ташлай олган «Зарафшон текстиль» (собиқ «8 март») тикув ишлаб чиқариш ­мажмуасида касаба уюшма ташкилоти фаолият юритиб келмоқда. Корхонада касаба уюшма аъзоларидан ойлик бадаллар ойма-ой жамланса-да, аммо икки йилдан бери бу маблағлар маъмурият топшириғи билан ушлаб турилибди. Мурожаатларга катта миқдордаги кредит важ қилиб кўрсатилаётир. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Ўрни келганда ҳақли бир савол: тадбиркорга шунча шароит, имтиёз-у кафолатлар нима учун яратиб берилаётир?
Жавоб оддий: мақсад – одамларни фойдали иш билан таъминлаш, янги, муносиб даражадаги иш ўринлари яратиш. Аммо… Самарқанд ва Ургут эркин иқтисодий зонасидаги янги ташкил этилган бир қатор корхоналарда бўлганимизда (бу бетакаллуф учрашувни ноилож тилга оляпмиз) раҳбарлар барчанинг фикр­и­­ни ифодалаётганидан афсусландик. Лоақал бир оғиз бўлса-да, ишловчилар фикрини сўраб билайлик, деган гап чиқмади.
Уч томонлама ҳудудий келишувга имзо чеккан Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси нега бу масалага бефарқ? Ижтимоий шерик сифатида шартларни бажаришга улар ҳам масъул-ку?!

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар