Онамдан юққан «дард»

92

Онамнинг бир «касал»и бор. Китоб ўқимаса туролмайди. Газета ва журналлар-ку жони дили. Биз фарзандларига ҳам бу одат юққан.

Эндиликда неваралари, эвараларини ҳам ёнига олиб бирор нима ўқиб ўтиради. Ҳар сафар Самарқандга отланар эканман, журналлар ва китоблар билан сумкамни тўлдираман. Биламан, бу олиб борганларим янаги кўришгунимизча онам­нинг қўлида беш-олти, акаларим ва опаларим қўлларида бир-икки марта айланиб чиқади. Уларнинг ўз китоблари ҳам шу тарзда давра кезиб чиқади. Яқинда телеграм ижтимоий тармоғига уланган қариндош­ларимни бир гуруҳга жамладик. Ота-онамнинг расмини тепага қўйиб олганмиз. Ҳар куни омонлашиб турамиз. Қариндошларнинг бири ­Россия, бири Туркия, бири Америка дегандай, хорижда ризқини териб юрибди. Лекин яхши анъанамиз бор. Ҳар ким янги ўқиган китоби ҳақида ёзади. Бошқалар фикрини айтади. Бу кичкина авлодга китобни топиб ўқиш учун рағбат эканини яхши биламиз. Катта акам пенсияга чиққанидан бери китоб тарғиб қилади.
Айниқса, онам уйга ким келса, ўқиган нарсаларини гапириб беради (ғийбат қилишни билмаса шу-да). Мен олиб борган китоб ва журналларни-ку, қўяверинг, авайлаб асрайди (Янаги сафар келганимда қайтариб олиб кетаман, деб қўяман-да). Невараларини олдига олиб ўқиб беради. Онам уларга дарс қилдириб, лотин ёзувиниям яхшигина ўзлаштириб олган.
Хуллас, онам ёшлигидан китобга ўзгача муҳаббатли. Буни барча фарзандларига ўргатди. Сериал кўрадиганларга, ундаги воқеаларни муҳокама қиладиганларга эса индамай қўя қолади. Нима қилсин, ўзи ҳеч қачон сериал кўрмайди-да…

Манзура ШАМС

 

Бошқа хабарлар