Тегишли чоралар кўрилди

147

«Ishonch»га жавоб берадилар

Газетанинг шу йил 13 июнь сонида чоп этилган «Фавқулодда тўлов … ҳақиқийми? Ёки «МЧС»ни паноҳ қилаётган МЧЖларнинг мақсади пул йиғишми?» сарлавҳали мақолага Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Ҳақиқатан ҳам, кейинги пайт­ларда республикамиз ҳудудларида «Фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазаси», «Офатларнинг олдини олиш», «Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати», «Ёнғинларнинг олдини олиш», «Ёнғинга қарши тезкор курашиш» каби масъулияти чекланган жамиятлар тузилиб, улар томонидан фавқулодда вазиятлар ёки ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ҳеч қандай амалий иш қилмасдан, аҳолидан пул маблағлари йиғиб олиш билан шуғулланиш ҳолатлари кўп­лаб учрамоқда.
Шу сабабли, ушбу ҳолатларни ўрганиб чиқиш ва улар бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш юзасидан вазирлик раҳбарияти томонидан жорий йилнинг 18 июнь куни барча ҳудудий бош­қармалар ва таркибий тузилмалар бошлиқларига тегишли топшириқ юборилди.
Топшириқда:
Республика ҳудудларидаги барча туман ва шаҳарларнинг ҳар бир аҳоли пункти ва маҳаллаларини тўлиқ қамраб олган ҳолда аҳоли ўртасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий йўналишлари ва вазифалари тўғрисида зарур маълумотлар бериб борилиши;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг ҳарбий кийими русуми, белгилари, ҳарбий унвон, хизмат ва ҳарбий гувоҳномалари акс этган кўргазмали материаллар билан кенг қамровли тушунтириш тадбирлари амалга оширилиши;
аҳоли хонадонлари, шунинг­дек, иқтисодиёт объектларида юзага келиши мумкин бўлган авария, ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида текширишлар ўтказилишини режалаштириш авария ва ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлили асосида амалга оширилиши, текширишлар бевосита хонадон эгалари (улар йўқлигида вояга етган оила аъзолари) ёки ижарачининг, объект мулкдорининг, вакилининг розилиги асосида вазирлик масъул ходимлари томонидан ўтказилиши, хонадонлардаги ўрганишлар вазирлик ёнғин-қутқарув қисмлари ходимлари томонидан уйма-уй юриб, ёнғинга қарши йўл-йўриқ ва тавсиялар берилиши мумкинлиги, мазкур тадбирлар бепул амалга оширилиши ҳақида аҳоли эътиборига етказилиши;
аҳоли ўртасида ўзларини ФВВ ходимлари деб таништирган ва пул йиғимлари ундирмоқчи бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, бўлимларига қўнғироқ қилиш йўли билан хабар беришлари, бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунинг­дек, Фавқулодда вазиятлар бош­қарма ва бўлимларининг телефон рақамлари тарғиб қилиниши;
ўзларини ФВВ ходимлари деб таништирган ва тегишли хизмат турини кўрсатмасдан ёки ишларни бажармасдан ноқонуний пул йиғимлари ундириш билан шуғулланган шахслар аниқланган ҳар бир ҳолатда тўп­ланган тегишли материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга такдим этиш чоралари кўрилиши лозимлиги, амалга оширилган ишлар юзасидан вазирликка ахборот бериб борилиши кўрсатилди.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигидан «Ishonch» газетасида эълон қилинган мақоладан келиб чиқиб, юқорида кўрсатиб ўтилган аксарият масъулияти чекланган жамиятлар ўзларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ёнғин хавфсизлиги бошқармаcи номларига мазмунан ўхшаш номларни қўйиб олгани сабабли, бундай тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида давлат бошқаруви органларининг расмий номларидан фойдаланилмаслиги, бундай жамиятларга ном танланаётганда мақолада кўрсатилган ҳолатларнинг тадбиркорлик субъектларига эслатиб ўтилиши, давлат бош­қаруви органларининг номига ўхшаш ном берилган тадбиркорлик субъектларининг номини ўзгартириш масаласини қайта кўриб чиқиш кабилар сўралди.
Мазкур соҳадаги ишлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан назоратга олинган бўлиб, юқорида номлари қайд этилган масъулияти чекланган жамиятларнинг қонунга зид фаолияти бўйича ­оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига тушунтириш ишлари амалга ошириб борилиши таъминланади.

Вазирнинг биринчи
ўринбосари
А.Қўлдошев

Бошқа хабарлар