«Чинобод»га яна келаман

110

Юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва дам олишини ташкил этиш, турли соҳа ишчи-хизматчиларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва саломатлигини тиклашда дам олиш ­масканларининг ўрни катта. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармасига қарашли «Чинобод» санаторийси шундай муассасалардан бири.

Асосан ошқозон ва ичак касалликларини даволашга ихтисослашган «Чинобод»да аҳолининг кенг қатламига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Сўлим ва хушманзара гўшада жойлашган сиҳатгоҳда дам олувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши, соғлигини тиклаши учун яратилган қулайликлар, хусусан, ошқозон, ўт қопи, ичакларни ювиш муолажалари мижозларга маъқул келмоқда. Шунингдек, бу ерда, асаб, қон босими, бўғин касалликларини даволашга йўналтирилган муолажалар мавжуд.
–«Ўзбектрансгаз»нинг вилоят филиалида ишлайман, – дейди Хоразм вилояти Янгиариқ туманидан келган ишчи Бойназар Бобожонов. – Касаба уюшма ташкилоти томонидан ажратилган йўлланма асосида дам олишга келдим. Ошқозон-ичак тизимида муаммолар борлиги туфайли олдин ҳам бу ерда даволанганман. Ҳозир санаторийда хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами кенгайганига гувоҳ бўлдим. Замонавий асбоб-ускуналар турли муолажаларни кўнгилдагидек қабул қилишга кўмак беради. Ўзимни анча тетик ва соғлом ҳис этмоқдаман.
Ҳозир мактабларда таътил пайти. Шу боисдан ҳам масканга ташриф буюраётган устоз-мураб­бийларни кўплаб учратиш мумкин. Улардан бири Зулайҳо Саманова.
– Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Жарқўрғон туман кенгаши мени йўлланма билан таъминлади, – дейди у суҳбат чоғида. – 7-мактабда кўп йиллардан буён ёш авлодга сабоқ бериб келаяпман. Меҳнатларим инобатга олиниб, аввал ҳам шу сиҳатгоҳда соғлигимни тиклаганман. Қолаверса, бу ерда дам турли маданий-маърифий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади. Таниқли санъаткорлар, ижодкорлар билан учрашувлар мунтазам ўтказилади. Ҳам даволаниб, ҳам маданий ҳордиқ чиқариш ҳар қандай касб эгасига куч-қувват бағишлаши табиий.
«Чинобод»да қўшни давлатларнинг фуқаролари ҳам даволанаётгани кишида фахр ҳиссини уйғотади. Замира Охунова меҳнат фахрийси, Чимкент вилоятида истиқомат қилади. Биз билан суҳбатда у ўн еттинчи марта шу масканда дам олаётганини мамнуният билан айтди. Санаторийдаги хизмат кўрсатиш маданияти, шифокорлар малакаси, тўйимли ва шифобахш таомлар саломатликни тиклашга ёрдам бераётганини қайта-қайта таъкидлади.
Ишчи-хизматчилар ва меҳнат фахрийларига замон талаби даражасида хизмат кўрсатиш жамоанинг асосий вазифасидир. Дам олувчиларга ташхис қўйиш учун энг замонавий лаборатория асбоб-ускуналари ва тиббий жиҳозлар мавжуд. Шифокорларнинг касбий малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда ер ости ва ер усти бойликлари бисёр. Лекин биз учун энг катта бойлик инсон саломатлигидир. Шу боис ҳам давлатимиз юртдошларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва дам олишини тўғри ташкил этишга, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга устувор вазифа сифатида қараб келмоқда. Зеро, соғлом инсон жамият тараққиётига ҳисса қўшишга қодир, унинг меҳнат фаолияти самарали бўлади, оиласидан қут-барака аримайди.

А.СОДИҚОВ,
журналист

Бошқа хабарлар