Сангзор соҳилидаги ажиб дамлар

157

Ғаллаорол тумани Қашқабулоқ қишлоғида жойлашган «Камолот» болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олувчиларнинг ҳар бир куни сермазмун ўтяпти. Бу ерда ҳордиқ чиқараётган 100 нафардан ортиқ болажоннинг шўх-шодон қийқириғи ва ўйин-кулгиларидан уларнинг кайфиятини англаш мумкин.

Дам олиш маскани Сангзор дарёси соҳилида жойлашган бўлиб, сўлим манзаралар, анвойи гуллар таратаётган хушбўй ҳид, анҳордан оқаётган зилол сув дилга ором ва ҳаловат бағишлайди.
«Лочин», «Парвоз» ва «Камалак» гуруҳларининг деворий газеталари, болажонлар томонидан чизилган суратлар, моҳир қўллар ижоди – ўйинчоқлар ва нафис нақшларни кўриб завқ-шавқ туясиз. Хоналар озода ва батартиб, кўчма кутубхона дам олувчилар ихтиёрида. Бош етакчи Азим Солиев, тарбия­чилар Cарвиноз Абдуҳакимова ва Янглиш Сулаймонова ўғил-қизлар теграсида парвона.
– Келажагимиз ворис­ларига бўлган юксак эътиборни инсонийликнинг энг юқори даражаси деб биламиз, – дейди оромгоҳ раҳбари, халқ таълими аълочиси Акмал Алиқулов.
Шаҳло Хўжабекова раҳбарлигида ташкиллаштирилаётган турли тадбирлар, қўшиқ ва рақс танловлари бизга ҳам манзур бўлди. Ғолиблар маъмурият томонидан совғалар билан тақдирланди.
– Оромгоҳларда олиб борилаётган ҳар бир тадбир болалар дунёқарашини бойитиш, ижодий қобилиятини шакллантириш, маънавий камол топишида ёрдам берувчи асосий тарбия воситаси бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси Тўлибой Тўйчиев.

Абдулла САИДОВ

Бошқа хабарлар