Ўриклисойда илҳом чашмалари қайнамоқда

109

Ўзбекистон ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бошланди

Зоминда ёш ижодкорларнинг анжумани ўтади, деган мужда адабиёт аҳли қалбида қадрдон ва илиқ ҳисларни уйғотди. Улуғ шоир-у ёзувчилар, адабиётшунос-у таржимонларнинг бир жойга жам бўлиши, ижод оламига энди қадам қўяётган ёшларнинг дарғалардан сабоқ олиш имконияти бадиият ихлосмандларининг дилларини қувончга тўлдирди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан маълум қилинишича, мазкур семинарда Қорақалпоғис­тон Рес­публикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 200 нафарга яқин ёш ижодкор иштирок этмоқда.

Дастлаб ёш ижодкорлар Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гулчамбар қўйиб, зиёрат қилди.
Шундан сўнг анжуман иштирокчилари Зомин туманига йўл олди. Ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари иштирокчилари туман марказида кутиб олинди.
Анжуманнинг очилиш маросими Ўриклисой оромгоҳида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова ва бош­­қа бир қатор ижодкорлар сўзга чиқишди.
Унда қайд этилганидек, бундан йигирма бир йил муқаддам ўша пайтда Жиззах вилоятининг ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бош-қош бўлиб ўтказган мазкур семинар кўплаб ёш ижодкорларни кашф этганди. Орада бироз муддат тўхтаб қолган ёш ижодкорлар семинарининг қайта ташкил этилгани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бугун бу анжуман ёшлар учун сабоқ ва маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. Ўтаётган анжуманда ҳам кўплаб ёш истеъдод соҳибларининг кашф этилишидан умид ва ишонч катта.
…Зомин тоғлари қўйнини тун қопламоқда. Ўрик­лисой тошларига минг йиллардан буён урилиб оқаётган сувларнинг шарқираши қалбларга ҳузур бахш этади. Тоғнинг салқин шабадаси этни жунжиктиради. Беихтиёр тикликлар бағридаги абадиятдан дарак бергувчи арчалар эътиборингизни тортади, уларнинг ёшликка эш яшиллиги кўнгилларни сокинлик сўқмоқларига етаклайди.
– Мен Зомин тоғларини кўргани келган эдим, бу ерда адабиётимизнинг тоғларини ҳам учратиш насиб этди, – дейди анжуман иштирокчиси Гулсанам Баҳриддинова.
Ўриклисойни тун ўз бағрига олганида шеър баҳси бошланди. Юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш ижодкорлар ва адабиётимизнинг улуғлари бир муддат бадииятнинг сеҳрли олами мафтунига айландилар. ­Дунё­­даги энг гўзал юртни, энг қадрли халқни куйловчи жумлалар кўнгиллардаги ғурур булоғини тоширди.
Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида тийран қалбли, элнинг юрагидагини айта оладиган истеъдоди чўнг ёшларнинг борлиги дилларга қувонч солди. Зомин тоғларига суяниб турган кўкни юлдузлар тўлдирганда мушоира якунланди.
Аммо қароқларни уйқу асир этмагунча шеърий ­сатрлар тафаккурга тинчлик бермади, қулоқлар узра ёш қалблардан отилиб чиққан оташин сўзлар жаранглаб турди.
Ўзбекистон ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари давом этмоқда.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар