«Ўқитувчига император ҳурмати, вазир ойлиги керак»

500

Шерзод ШЕРМАТОВ,
халқ таълими вазири:

Президент Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги «Ўзбекис­тон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумотлар берди.

 

Концепция мақсади  нималардан иборат?

Қабул қилинган Концепция халқ таълими тизимини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий 9 та йўналиш, 48 та мақсадини белгилаб олган. 2030 йилга келиб Ўзбекистоннинг «PISA» (The Programme for International Student Assessment) Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш, халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда инновацион лойиҳаларни жорий қилиш, ёшларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини татбиқ қилиш шулар жумласидан.
Шунингдек, халқ таълими тизимида ўқувчиларнинг билим даражаси ва таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва изланишлар (PISA, TIMSS, PIRLS ҳамда бошқалар)да мамлакатимиз доимий иштирокини таъминлашга алоҳида урғу берилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида биттадан Президент мактабларини ташкил этиш, 4 860 та умумтаълим муассасасини тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ «замонавий мактаб»­ларга айлантириш Концепцияда белгиланган асосий вазифалардир.

Ислоҳотлар самараси қандай?

Халқ таълими тизимидаги олий маълумотли ўқитувчилар сони 34 минг нафарга ошди, 1000 нафардан ортиқ пенсиядаги ўқитувчилар умумтаълим муассасаларига ишга қайтди. Шу ўринда айтиш жоизки, ўқитувчига император ҳурмати, вазир ойлиги керак. Шундагина тизимда ривожланиш бўлади, ёшларимиз сифатли таълим олишга эришади. Техника ривожлангани билан ҳеч бир давлат китоблардан воз кечган эмас. Кўп китоб ўқиган ўқувчи эса мустақил фикрга эга бўлиб, ўз келажагини ярата оладиган шахс бўлиб етишади. «Китоб ҳадяси – Book challenge» акция­­си доирасида ҳозирги кунга қадар 3 мингдан зиёд мактабга 450 мингдан ортиқ китоб совға қилингани бу йўлда муҳим қадам бўлди.
Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги «2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори асосида олий ўқув юртларининг педагогика йўналиши бўйича сиртқи бўлимга 12 мингдан зиёд, кечки бўлимга 1 минг 425 нафар талаба (ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар) ўқишга кириш имкониятига эга бўлмоқда.

Электрон маълумот  базаси кенгаймоқда

Ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) жорий этиш бўйи­­ча тизимли ишлар йўлга қўйи­либ, дарсликлар ва методик қўлланмаларнинг барчаси элект­рон шаклда «www.eduportal.uz» ахборот-таълим порталига 7 тилда жойлаштирилган. Мактаб­ларни бошқариш жараёнининг шаффоф­лигини таъминлаш учун «stat.uzedu.uz» ҳамда «xt.uzedu.uz» электрон порталларидан улар ҳақида маълумот олиш имконияти бор. Қолаверса, ўқувчилар, ўқитувчилар, мактабларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш мақсадида «OpenEMIS» ахборот тизими «emis.uzedu.uz» домени иш юритмоқда.
53 та мактабда «Кундалик» ахборот тизими тажрибадан ўтказиляпти. Натижада, реал вақт режимида ўқувчиларнинг давомати ҳамда баҳоларининг мониторинги олиб борилади. Бунинг учун давлат-хусусий шериклик тамойилида Россиянинг «Дневник.ру» компанияси томонидан 10 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоялар киритилишига келишилган.
Шуни таъкидлаш керакки, Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида Президент мактаб­ларининг қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Нукус, Тошкент, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳужжатларни қабул қилиш марказлари орқали 28 446 талабгор ҳужжат топшириб, кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи шу йилнинг 29 июнь – 2 июль кунлари бўлиб ўтди.

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар