Коррупцияга қарши кураш – ҳаёт ва мамот масаласи  

183

 

Юртни севганлар ва унинг тақдири учун куюнчак инсонларга қувончли хабар: Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни коррупцияга қарши кураш дастурини тасдиқлади. «2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури» қабул қилинди. Давлат хизматчилари даромадларини дек­ларация қилишга киришилади ва ҳозирча капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» ло­йиҳаси амалга оширилади.

Коррупцияга қарши кураш – шунчаки бир мавсумий кампания эмас, жадид боболаримиз таърифи билан айтганда «ҳаёт ва мамот масаласи»дир. Мана, уч йилдан буён тинимсиз эълон қилинаётган, сўзнинг амалга айланиши жуда қийин кечаётган иқтисодий, сиёсий, маъмурий, молия­вий ислоҳотларнинг тақдири шунга чирмовуқдай боғланиб турибди. Узоқ йиллар мобайнида ўргимчак тўридай давлат, жамият ҳаётининг барча соҳасини қамраган иллат ўзига тортган минглаган  бюрократияга қарши кураш очган бу ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва  мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилган.

Давлат раҳбарлигига келиши билан мамлакатдаги порахўрликка, ҳуқуқ-тартибот органларидаги бебош­ликка ва ҳатто, зўравонликка қарши кескин кураш бошлаган Президент Шавкат Мирзиёев ниҳоят коррупция­га қарши курашишнинг навбатдаги давлат дастурини амалга киритди. Моҳияти шу: давлат хизматчилари ва амалдорлар даромадларини декларация қилади, давлат мансабдорлари танлов асосида сараланади, суд ҳокимияти мустаҳкамланади ва матбуот эркинлиги таъминланади.

Жаҳондаги ривожланган ва ривож­ланаётган давлатлар аллақачон коррупция давлат барқарорлиги ва миллий хавфсизликка бевосита таҳдид солишини англаб етишган ва шунинг учун ривожланишмоқда. Ривожланмаётган давлатларда коррупцияга қарши курашиши зарур бўлган идораларнинг ўзи коррупциялашгандир, шунинг учун иқтисоднинг ривожланишига, сиёсий плюрализмга йўл бермаётгандир ва мамлакати, давлати ва миллатининг юзини дунё олдида шувит қилаётгандир.

Ўзбекистон дунёда порахўрликка энг чуқур ботган мамлакатлар орасида қол­япти. Халқаро Транспаренси ташкилотининг йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 168 та давлат ичида 153-ўринни олган. Жаҳон банкининг ҳисоботида ҳам у энг коррупцион 10 фоиз давлатлар гуруҳига киритилган. Албатта, бу таърифлар ҳеч биримизга ёқмайди. Лекин юзага келган ва шаклланган вазият ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Туғилгандан ўлгунча ҳаммасини қамраб олган коррупция ўтган даврда ундан холи бир парча ер қолдирмади. Туғилгандаёқ туғуруқхонада шифокорларга пора берилганидан бошлаб, боғча, мактаб, олий ўқув юрти, ишхона, маҳалла, ташкилотлар – ҳаммасида қўлга қарашга ўрганишганди, ҳатто, ўлганда қабрис­тон бош­лиғига пора бермаса, жой йўқ, бўлса ҳам яхши ердан тегмасди. Буни яхши билган Шавкат Мирзиёев даврига келибгина Коррупцияга қарши кураш тўғрисида қонун қабул қилинди, Дастурий чоралар кўрилмоқда.

Коррупция тарихи қадимийдир. Давлат хизмати тизимидаги коррупция ҳақидаги биринчи битиклар Қадимги Бобил архивларида топилган. Кўҳна юнон ҳикматига кўра «Do ut facies» – бажариши учун бераман, дейилган.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Респуб­ликаси коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйи­ча респуб­лика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Агар астойдил курашилса, катта ишлар қилиш мумкиндир. Коррупция – жиноятнинг, албатта, давлатнинг катта ё кичик лавозимдаги амалдори иштирок этган жиноят эканлигини, айнан шуниси билан кўча киссавурлиги ёки йўлтўсар, чапанининг қароқчилигидан фарқ қилишини ҳисобга олганда, фақат амалдорлардан иборат комиссия ўзи билан ўзи курашиши лозим бўлган тўдага ўхшаши табиийдир. Умуман, мансабдорларга коррупцияни тугатиш учун пул ажратиш пиёнисталарга ичкиликбоз­ликни тугатиш учун бир неча вагон ароқ ажратиш билан баробардир ва коррупцияга қарши курашга аталган маблағлар ҳам коррупцион схемаларнинг қурбони бўлиб, талаб юборилмаслигига кафолат йўқдир.  Бу тариқа комиссиялар таркибида ҳалоллигига эл шубҳаланмайдиган инсонлар ҳам бўлиши керак.

Вилоят комиссиялари таркибига ҳам ҳалол, имонли жамоатчилик вакилларини киритиш керак. Айнан Шавкат Мирзиёев «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун ташаббускори бўлган ва жамоат назоратисиз, одил судлов ва ҳуқуқ-тартибот тизими, сўз эркинлиги, жасур, ҳалол ва эл ҳурматига сазовор фуқаролик жамияти вакиллари, жамоатчиликнинг ҳушёр назоратисиз коррупцияни енгиш имконсиздир.

Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат экани белгиланди:

  • • суд ҳокимиятининг мус­тақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
  • • давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асос­ланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
  • • давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • • коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик­лар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
  • • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
  • • давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
  • • фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.

Фармонга кўра, шу йил 1 сентябрдан бошлаб таълим муассасаларида ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бў­йича комплекс чора-тадбирлар татбиқ этилиши лозим. Бундан ташқари, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилади.

Бу жуда муҳим йўналиш, буни ҳам навбатдаги кампаниябозликка айлантирмаслик муҳимдир. Чунки мактаб­ларда ҳар янги қарор ёки ташаббус билан уюштирилган тадбирлар кўп бўляпти, янги бир ташаббус чиқса, эскиси унутилиб кетмоқда. Коррупцияга қарши кураш дарслари тирик, жонли дарслар бўлиши лозим. Қолаверса, сир эмас, халқ таълими соҳасининг ўзи ҳам коррупция иллатидан қутилган эмас. Бола эшитганини қилмайди, кўрганини қилади. Мактаблардаги пул йиғишлар, ремонтга давлат ажратадиган маб­лағларни ўзлаштириб, ота-оналардан пул йиғишлар, ўқитувчи маошидан ободонлаштириш ва бошқа шу каби ишларга барҳам берилмас экан, бола дарсга эмас, шу ишларга қарайди ва ўрганади.

Фармонга кўра, уч ой муддатда, шу жумладан, техник инфратузилмани ва зарур дастурий таъминотни яратишга оид зарурий чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши лозим.

Манфаатлар тўқнашуви, яъни давлат амалдорининг ўз бизнесига қайишиши курашиш лозим бўлган муҳим масаладир. Шу билан бирга, давлат амалдори даромадларининг декларация қилиниши қаторида унинг яқин қариндош­лари, таниш-билишлари даромади ҳам жамоатчилик назоратига олиниши лозим. Чунки амалдор ўз мулкини аёлига, фарзандларига ва бошқа кафилланган шахсларга ўтказиб қўйиши ҳам бор гап. Декларациянинг журналистлар ва жамоатчилик томонидан синчиклаб реал фактлар билан таққосланиши ҳам зарур.

Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилади. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилади.

Антикоррупцион сиёсат қисқа муддатли ҳаракатларга асосланмаслиги, стратегик ҳаракатларга айланиши лозим. Антикоррупцион юқори ва қуйи идораларнинг фаолияти номига бўлмаслиги керак, қонун ҳужжатлари амалдаги ҳолатни ўрганувчи тадқиқот ишлари ва уларнинг хулосалари билан боғланиши, коррупция ҳақида аҳоли фикри ўрганилиши, илмий тадқиқотлар олиб борилиши ва уларга қулоқ солиниши шарт. Антикоррупцион комиссияга жамоат вакилларини жалб этишнинг аниқ тартиби белигиланиши лозим.

Шунингдек, антикоррупцион сиё­сатнинг амалга оширилишидаги нодавлат ташкилотларнинг ҳам ролини ошириш, олиб борилаётган конкрет ишлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини мунтазам равишда таъминлаш шарт.

Албатта, қарорларни норасмий қабул қилиш, ресурслар тақсимотида хуфёна келишувлар ва мустақил текширув бўлмаган муҳит тобора ўсиб бораётган тенгсизликни келтириб чиқаради. Иқтисодий ва сиёсий элита ўртасидаги қудрат учун курашни авж олдиради, беқарорликка сабаб бўлади.

Ҳукуматнинг коррупцияга қарши амалларидан ҳам мансабдор шахс­лар кимдандир қутулиш ё ўч олиш учун фойдаланиши мумкин. Ҳукумат коррупцияни ёритмоқчи бўлган, коррупцияга қарши реал курашаётган фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистларни ҳимоя остига олиши лозим.

Коррупцияни келтириб чиқарадиган механизмлар қонунчиликда бўлади. Хорижий сармоя­дорлар Ўзбекистонда мураккаб лицензиялаш тизими, мужмал солиқ қонунлари ва ўта чекланган чегара-оша савдо ва валюта қоидаларига дуч келаётганларини айтадилар. Инсон факторига боғлиқ бўлган, «берсанг, қўл қўяман, бермасанг – ўламан» деган бюрократик тизим порахўрликка замин яратиб, хорижий сармоялар истиқболига зарар ҳам етказади ва маҳаллий тадбиркорликни бўғади. Коррупция­дан мансабдор доира ўзини бойитиш ва сиёсий назоратни ушлаб туриш учун фойдаланади.

Коррупция қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик ва бизнес ришталари орқали қудратли норасмий гуруҳлар келиб чиқишига сабабчи бўлади. Мамлакатда коррупцияга қарши курашда қандайдир силжишга эришиш учун ҳам иқтисод ва сиёсий тизим ислоҳ қилиниши бошланяпти, деган умидворлик бор. Энди мус­тақил адлия тизими ва қонун устуворлиги ривожлантирилиши керак, матбуотга кенгроқ эркинлик берилиб, фуқаролик жамияти эркинлашиши лозим.

Ҳозирги вақтда коррупция миллий хавфсизликка таҳдид солаётган асосий хавфдир. Коррупция иқтисодий қонунларнинг эркин ҳаракатланишини чеклайди, мамлакат нуфузини халқаро ҳамжамият олдида туширади. Ҳаққоний ва ижтимоий йўналтирилган бизнес бозордан сиқиб чиқарилади, чунки коррупция бундай бизнесни бефойда этиб қўяди.

Коррупция миллий давлат чегараларидан чиқиб, глобал масштаб касб этмоқда. Ундан олинган даромадлар легаллаштирилганидан сўнг халқаро ва миллий молиявий тизимга жойлаштирилиб, давлат ва халқаро ҳокимият ҳамда иқтисодиёт институтларини емирмоқда.

Коррупция иқтисодий беқарорликка, жамият табақалашувига, самарали бозор рақобатининг йўқолишига сабаб бўлади.

Коррупция фуқароларнинг ҳокимиятдан, мулкни бошқаришдан, қонун ижодкорлиги ва уни қўллаш амалиётидан четда эканлиги, жиноий гуруҳлар вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига кириб қолгани, непотизм – қариндош,  уруғ, қуда-андаларнинг хизмат бўйича бир-бирини қўллаб-қувватлаши, адолатни, тартибни бузиб, қариндошлари ва яқинларига даромадли ҳамда фойдали мансабларни тақдим этишга олиб келади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев: «Менга бермасанг, мен қўл қўймайман», деган тизим ҳалиям бор… Буни қандай бўлмасин синдириш керак. Синдириш осон бўлмаяпти. Чунки ҳаммаси шундай ишлашга ўрганган. Агар, шу балодан ҳам қутулиб олсак, тадбиркорларга кўп енгиллик бўларди» деган эди.

Ўзбекистон мустақиллиги тарихидаги «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги илк қонун ҳам айнан Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган. Бу қонуннинг имзоланиши Мирзиёев Президент ўлароқ, расман қасамёд келтиришидан саноқли ҳафталар ўтиб амалга ошган.

Энди бу курашга ҳаммамиз сафарбар этилсак, ўз миллатимиз ва давлатимизга соҳиб чиқсак, келгуси авлодларимизнинг тақдирига бефарқ бўлмасак, албатта, юрт фаровонлиги ва барқарорлигига эришилади.

Карим БАҲРИЕВ

Манба: “Жамият” газетаси

 

 

Бошқа хабарлар