“ПУШКИН КЎЧАСИДАГИ 45-УЙДАН СЎЗЛАЙМИЗ”

90

 

Долзарб мавзудаги мақолалар ҳамиша муштарийларимиз эътиборини тортиб келаётгани бор гап. Аҳоли ташвиши билан яшаб, юз бераётган камчиликларни рўй-рост халқ минбарига олиб чиқаётган ҳамкасбларимиз сафи кун сайин кўпаймоқда. “Устаз жолы” газетасида ана шундай фидойи журналистнинг мақоласи эълон қилинди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ЁЗИЛАВЕРИБ  ЁЗУВИ  УЧГАН  МУАММОЛАР

Тушликка чиқмай таҳририятда қолган кунларимнинг бири.

Бу ерда ишловчи йигитнинг айтган ваҳимали гапи қизиқишимга сабаб бўлди: “Эшикни қаттиқ беркит, битта аёл бор сал ғалати. Дарахт, гулларга сув қуйинг, тозаликни сақланг ва бошқа гапларни айтиб кетади…”.

Ким экан бу ғалати аёл билгим келди ва ҳаммаси шу кундан бошланди.

Замон билан ҳамнафас одамлар ўз бойлигини кимгадир исботлаш учун қаторлаштириб машина олиб, атроф-муҳитга зарарни кўпайтираётган вақтда табиат нидосини эшитган жонкуярни кўришни хоҳлардим. Битта ниҳол дарахт бўлиши учун камида 10 йил вақт ўтиши керак. Айниқса, Қорақалпоғистонда дарахтларни кўпайтириб, тозаликни сақлашга ҳар бир инсон ёрдам бериши лозим. Ҳаракат қилмас эканмиз, 20 ёки 30 йил ўтгач бу ерда ҳаётни тасаввур қила олмаймиз.

Ўша аёлни менга кўрсат…”.

“Биласанми, унинг ит, мушуклари бор. Ўзи ўқитувчи бўлган, уйида боқаркан, битта пианиноси бормиш. Яқинда йиғисини эшитиб қўшниси чиқиб тинчликми, деб сўраса, мушугига гўштга пули етмаётганини айтибди. Айтишларича, ўзи емай ит, мушукларига олиб бераркан тансиқ нарсаларни…”.

Табиатни асрашга уринаётган бу аёлнинг қалби тоза. Ўзини эмас бутун инсонларни ўйлаяпти у… Кун ўтгани сари қарияга қизиқишим ортаверди. “Фалон иш қилдим, бажардим”, деб минбарга чиқиб, ўзини мақтаб қарсаклар чорловчи эмас оҳиста ва жимгина ватанини севган, она тупроғига зарар бермаган инсонлар ҳақиқий қаҳрамонлардир.

Эрталаб яна амалиётга келдим. Дайди, кичкина оқ мушукчага балиқ бераётган бир қария ўтган-кетганга мушукча керакми, олинглар, чиройли, тоза, дея рус тилини аралаштириб аранг тушунтиришга уринарди. Бу ўша аёлмикан…

Кўп қаватли уйдан келаётган нохуш ҳид кўнглимни беҳузр қилди. Бироздан сўнг такси келиб бир халта ун олган ва бозорлик қилган оилани тушириб кетди.

“8-қаватгача буни олиб чиқишни айт. Тура тур энди бир гап бўлар… ”. Эр хотинига бир нималар деб уйига чиқиб кетди.

Лифт йўқми? Осон эмас-ку… Ичимдан ўтаётган саволларим бу ерда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашишга чорлади.

Лифт қачондан бери ишламайди, деган саволни бердим-у уларнинг муаммолари ва “Ёзганинг билан ёрдам беришмайди. Тошкентгача ёздик, телевидениеда чиқдик. Ким келса “ҳал қиламиз” деган гапни айтади-ю, унутади” гапларини эшитдим. Чиқмаган жондан умид, эҳтимол, бироз бўлса-да ўзгариш бўлар. Натижа бўлмаса яна ҳаракат қиламан. Жим туриб, бу ҳолатга кўз юмиб “ҳаммаси жойида шароит яратилган, муаммо йўқ” қабилидаги ҳужжатларга ишониб, мақтов ёзгандан ҳеч нима ёзмаганим маъқул. Инсон ўзлигидан кечса, қалб кўзини кўр қилса, виждонини сотса, энг катта йўқотиши шу. Ўзингни йўқотсанг умрбод топа олмайсан! Маблағ балки бир кунингга ярар, лекин кимнингдир кўз ёши эвазига топган пулинг яхши кунингга буюрмайди.

Нукуснинг марказида жойлашган бу кўпқаватли бинонинг 80 та оиласи ичида “Тётя Ира” номини олган қария яшил дунёни асраб қолишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади.

Ертўла, ичимлик сувнинг ёрилган қувури… Нима муаммо бўлса, барини кўрсатди. Факт бўлса, ишонишади. Ертўлага тушиб суратга олдим. Шу пайт бир киши “Автомобиль турар жойи йўқ, дарахтларни кесиб жой очиш керак. Шуни ҳам ёз”, деди. Буни эшитган қария:

“Камчилик ва муаммолар бўлгани билан яшил манзара кайфият беради-ку! Дарахтларни кесдирмайман”, деди. Яхши одамлар бор. Улар борлиги учун дунё турибди, эҳтимол.

Мана суҳбатдан парчалар:

Т.Т: “1977 йилда 4-қаватга кўчиб келдик. 1992-1993 йилларгача лифт ишлаб, кейин тўхтаб қолди. Ертўлада сув тўла, тозалайдиган одам йўқ. Пул йиғиб тазалаб кўрдик. Келган одам резина этигини сувга бир тиқиб оладида, телефонда ўйин ўйнаб бироздан сўнг пулни олиб жўнайди. Туриб қолган сувнинг нохуш ҳидидан на ухлаб бўлади, на ўтириб.

Ушбу кўп қаватли уйга кирадиган ичимлик сув қувурини “Мендан кетгунча эгасига етгунча” қобилида таъмирлаган. Болалар майдончаси ҳам талабга жавоб бермайди. Шу сабаб фарзандларининг жароҳат олишини истамайдиган ота-оналар болаларининг арғимчоқда ўйнашига рухсат бермайди.

Д.Б: “4-қаватда яшайман. Оқсоқол ўзгарди. Сайланганида “Ҳамма муаммони ечаман” деганди. Ҳеч иш қилмади. 9-қаватда инсульт бўлиб қолган қўшнимиз бор. Кўчага чиқолмайди. Зинапоялардан соғ одамлар зўрға тушиб чиқади. Қўшнилар ўзаро муаммога ечим излаб ҳар бир оиладан 30 мингдан пул йиғиб, ертўладаги сувни тозалагани одам ёлладик. Лекин иш кўнгилдагидек бажарилмади.

С.А: “1992 йилда 6-қаватга кўчиб келдик. Лифт ўтган йили бир марта ишлади. Ичида бир мулла қамалиб қолгач “Фавқулодда ҳолат” дея лифтни тўхтатиб қўйишди. Ертўладаги сувнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмайди. Бошинг айланиб кетади. Пашша, чивин кўплигидан уйда пашшахона қуриб ётамиз.

Ногиронлар, ёш болали келинлар, нуронийлар бор. Тўққиз қаватли уйнинг сал кам 120 та поғанасидан ҳар куни чиқиб тушишга кучи етадими? Ҳокимият ва прокуратурадан келган мансабдорлар “3 кунда ҳал бўлади” деган муаммо ҳануз ечимини кутмоқда.

Г.Д, 8-қаватда туради: “Ёзмаган жойимиз қолмади. Яшаш учун етарли шароит йўқ. Сантехник ҳам топилавермайди. Ичимлик сувидан қўланса ҳид келгач, тозаланган сувни сотиб олиб ичамиз. Қаерга бошимизни уришни билмай қолдик.

Ушбу кўп қаватли уйда яшайдиганларга ёрдам қўлини чўзадиган биронта мутасадди борми шаҳарда? Уларнинг мурожаатини ким эшитади? Одамларнинг ишончини оқламаса ундай оқсоқолдан не наф?

26 йилдан буён Нукус шаҳри Пушкин кўчасидаги 45-уйда яшайдиганлар номидан ёзилавериб, ёзуви ўчган ушбу муаммоларга ечим топиладими? Ким жавоб беради? Ҳозирча масала очиқлигича қолмоқда.

 

Мадина РАВШАН

  2019 йил 29 июнь, 5-сон

“Устаз жолы” газетаси

(Қисқартиришлар билан олинди).

Бошқа хабарлар