Кенг муҳокамага муҳтож мавзу

105

 

 

Газетанинг шу йил 11 ва 25 апрель кунги сонларида чоп этилган ҳуқуқшунос Абдураҳмон Ҳамидовнинг «Чекловлар: иқтисодиётга фойдами ёки зарар? Мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида холис фикр» сарлавҳали мақолаларига Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари инс­титути қуйидагича фикр ва мулоҳазалар билдирди:

«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти томонидан шу йил 27 апрелда Молия вазирлигига йўлланган 95-сонли хат ўрганиб чиқилиб, ижро учун қабул қилинди.
Мазкур хат ижроси доирасида газетанинг шу йил 11 ва 25 апрель кунги сонларида чоп этилган ҳуқуқшунос Абдураҳмон Ҳамидовнинг мақолалари лойиҳа ҳамда бўлимлар мутахассислари иштирокида муҳокама қилиниб, бир қатор фикр ва мулоҳазалар билдирилди (Улар қуйида илова қилинмоқда).
Шу билан бирга савдо фаолияти эркинлаштирилганда иқтисодиётда кутиладиган эффектларни миқдорий ўлчаш мақсадида Ҳисобланадиган умумий мувозанат модели (CGE – Computable General Equilibrium)ни ривожлантириш мақсад қилиб олинди.
Мақолалар кенг қамровли бўлгани боис Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари мутахассислари иштирокида муҳокама қилинишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Директор

Ж.Негматов

* * *

Мазкур мақола икки қисмдан иборат бўлиб, биринчисида банк, савдо ва макро-фискал соҳаларга оид муаммолар ёритилган, иккинчисида эса ушбу муаммоларга ечим таклиф этилган. Келтирилган аргументлар етарли даражада кучли бўлса-да, бир қатор фикр ва мулоҳазаларни билдирамиз.

1. Мақолада «…банклардан кредит олиш, айниқса, чет эл валютасида кредит олиш жиддий муаммога айлангани, кредитлардан фойдаланиш фоизлари кўтарилиб  кетгани…» чеклов сифатида талқин этилган. Бу кузатилаётган натижа бўлса-да, унинг сабабларини тушунтириш мумкин. Банклар вазифасидан  келиб чиқиб, аҳоли жамғармаларини бизнесга йўналтиради. Аҳолининг банкларга ишончи суст бўлгани ажабланарли эмас. Чунки ўтган даврда бунга асослар кўп бўлган. 1. Мақолада «…банклардан кредит олиш, айниқса, чет эл валютасида кредит олиш жиддий муаммога айлангани, кредитлардан фойдаланиш фоизлари кўтарилиб  кетгани…» чеклов сифатида талқин этилган. Бу кузатилаётган натижа бўлса-да, унинг сабабларини тушунтириш мумкин. Банклар вазифасидан  келиб чиқиб, аҳоли жамғармаларини бизнесга йўналтиради. Аҳолининг банкларга ишончи суст бўлгани ажабланарли эмас. Чунки ўтган даврда бунга асослар кўп бўлган. 2. Мақолада «Бу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига ҳам салбий таъсир этди. Чунки импорт қилинган хомашё ва бутловчи қисмлар учун асоссиз кўтариб юборилган божхона тўловларини тўлаш оқибатида улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар таннархи ошиб кетаверди», дейилган. Чет эл валютасини эркин қўлга киритиш имконияти бўлмагани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига  салбий таъсир кўрсатган омил ҳисобланади. Бироқ хомашё ва бутловчи қисмлар импортерлари учун божхона тўловлари, умуман олганда, тарихан паст даражада бўлган. 3. Мақоладан  кўчирма: «… чет эл инвесторларини жалб қилиш учун ҳар қандай давлатда, энг аввало, яхши даромад олиш имкониятлари ва мулк дахлсизлиги кафолатланган жозибадор инвестицион муҳит яратилиши лозим». Албатта, халқаро ҳамжамият ўтказган сўровларда ҳам инвестор турига қараб, яхши даромад олиш имкониятини биринчи омил сифатида тан олиши ўз  исботини  топ­ган. Шу ўринда бу  билан бирга ҳуқуқ устуворлиги, яъни суд тизиминнг адолатлилиги ҳам эътироф этилади. Мулк­чилик энди шаклланаётган Ўзбекистон шароитида мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласи келажак муҳокамаси ҳисобланади.4. Муаллиф солиқ ва бож такомиллаштирилганда давлат бюджети тушумлари ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳақида фикр юритиб, ишлаб чиқарувчилар категориясини эътибордан четда қолдирмоқда. Албатта, ҳукуматнинг мак­роиқтисодий вазифаси аҳоли даромадларини максималлаштириш (бюджет тушумини максималлаштириш эмас!) ҳисоб­ланса-да, саноат сиёсати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳам кўмак беришни долзарб масала сифатида кун тартибига чиқаради. Бундай сиёсат юритган давлатлар ичида Жанубий Корея каби иқтисодиёти муваффақиятга эришган мамлакатлар ҳам мавжуд.5. Мақоладан иқтибос: «Импорт қилинаётган товарларнинг божхона тўловлари, ҳеч бўлмаганда, қўшни давлатларники даражасига туширилиши қуйи­даги натижаларга олиб келади:– ички бозорда халқ истеъмоли молларининг нархи кескин тушади. Бу ҳолат эса фуқароларимизнинг тўлов қобилияти ошишига олиб келади. Демак, улар шу миқдордаги иш ҳақларига ўз эҳтиёжларини кўпроқ қондира олади».Иқтисодиёт назариясига асосан импорт қилинаётган товарларга нисбатан божхона тўловларининг туширилиши натижасида ички бозорда халқ истеъмоли молларининг нархини кескин тушиши бир қатор омилларга, энг асосийси, ички бозордаги рақобат муҳитига боғлиқ. Ўзбекистон шароитида халқ истеъмоли моллари бозорида аксарият ҳолларда рақобат муҳити суст бўлгани боис муаллиф кутаётган эффектлар кузатилмаслиги мумкин (камида қисқа муддатда). Мисол учун айтсак, 2017 йилда импорт божлари паст даражада бўлганида аҳоли Қозоғистондан импорт қила бошлади. Шу билан бирга Ўзбекистондаги умумий нархлар тушиши кузатилгани йўқ.6. Мақоладан  кўчирма: «…корхоналар легал даромадларининг ошиши, улар томонидан ишчи-ходимларга тўланадиган маошларнинг ҳам оширилишига сабаб бўлади (бу, ўз навбатида, фуқаролар тўлов қобилиятининг янада кўтарилишига олиб келади). Бундан ташқари, даромадлари ошиши ҳисобига корхоналар кенгайиб, янги иш ўринлари яратилади».Иқтисодиёт реал секторидаги корхоналар даромадларининг ошиши ишчи-ходимларга тўланадиган маошларнинг ҳам оширилишига эмас, балки фақатгина корхона мулкдорлари даромадларининг кўпайишига ҳам олиб келиши  мумкин. Бундай ҳолатда эса аҳолининг тўлов қобилияти ўзгаришсиз қолади.7. Мақоладан иқтибос: «Гап шу ҳақда кетар экан, маиший техника бозорига ҳам тўхталмасак бўлмайди. Сўз яна бир монополист корхона — «Artel» бренди остида маиший техника воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳақида кетаётганини, албатта, англагандирсиз.Ушбу корхоналар Хитой ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган маиший техника воситаларининг бутловчи қисмларини импорт қилиб, Ўзбекистонда уларни йиғиб, ички бозорда тайёр маҳсулот сифатида сотиш билан шуғулланади.Ички бозорда «Artel» маҳсулотларининг нархи Хитойдан импорт қилинган худди шу турдаги маҳсулотларнинг нархидан унча катта фарқ қилмайди. Айрим ҳолларда, ҳаттоки, қимматроқ ҳам. Бундан кўринадики, ушбу корхоналар ҳам Ўзбекистон аҳолисини арзон маиший техника воситалари билан тўлиқ таъминлай олмаяпти.»8. «Республикамиз аҳолисини арзон маиший техника воситалари билан тўлиқ таъминлаш учун электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи янги корхоналарни ташкил этиш, ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш керак. Бу борада янги корхоналарни ташкил этиш учун тадбиркорлар ва инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги бунга мисол бўла олади».9. «Эътиборли томони шундаки, мазкур корхоналар 2022 йилга қадар маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материаллар ва бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловларидан (0,2 фоиз  божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари), шунингдек, фойда солиғи, мулк солиғи ва Рес­публика йўл фондига ажратмаларни тўлашдан ҳам озод этилган.Шундай экан, унда нима сабабдан ички бозорда «Artel» маҳсулотлари Хитойдан импорт қилинган шу турдаги маҳсулотлардан арзон эмас? «Artel»  маҳсулотлари Қозоғистонда Ўзбекис­тон ички бозоридаги нархлардан камида 30-40 фоиз арзон сотилаётганини қандай тушуниш мумкин? Хитойдан импорт қилинган маиший техника воситаларининг Қозоғистон бозорларидаги нархлари ҳам Ўзбекистон ички бозоридаги шу турдаги маҳсулотлар нархларидан 30-40 фоиз арзон. Нега?»Ушбу муаммоли вазиятга адолатли баҳо бериш учун ушбу турдаги маҳсулотлар сотиладиган бозорларнинг қай даражада монополлашганини таҳлил қилиш лозим. Агар мавжуд бозор эркин рақобатлашган бўлса, унда «Artel» бренди остида маиший техника воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат томонидан тақдим этилган имтиёзлар келажакда ушбу соҳани ривожлантириш ва келгусида ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадидаги зарурий чоралар ҳисобланади. «Artel»  маҳсулотлари нархларининг Хитойдан импорт қилинган маиший техника воситаларидан 30-40 фоиз қиммат бўлиши ишлаб чиқариш технологияси тўлиқ ўзлаштирилмагани ва ушбу соҳанинг ҳали бир мунча янгилиги билан изоҳланиши мумкин. Агар ўтказилган таҳлиллар натижасида бозорнинг монополлашгани аниқланса, ундан давлат томонидан тақдим этилган имтиёзларнинг самарадорлигини текшириш зарур. Маълумки, ички бозорни тўлиқ назоратига олган монопол корхона мавжуд соҳани ривожлантиришга эмас, балки қисқа фурсатда ўз фойдасини максималлаштиришга ҳаракат қилади. Бу эса, ўз навбатида, нархларнинг сунъий равишда ўсиши, маҳсулот сифатининг кес­кин тушишида намоён бўлади.

Қайд этилган вазият ва муаллифнинг ўринли эътирозидан келиб чиқиб, мавжуд бозорнинг қай даражада монополлашганини аниқлаш зарур. Чунки эркин рақобатлашган бозорда давлат томонидан берилган имтиёзлар ушбу соҳанинг келажакда ривожи учун хизмат қилади. Нархларнинг бундай ҳолати эса вақтинчалик ҳисобланади. Аксинча бўлса, ушбу соҳанинг келажакдаги инқирозига сабаб бўлади, чунки бундай вазиятда тақдим этилган имтиёзлардан асосан монополистлар фойдаланади. Бундай ҳолатда Монополияга қарши курашиш қўмитаси вазиятни ўрганиб чиқиши ва нархларнинг асоссиз равишда оширилган қисмини монопол корхоналардан олиб қўйиш чорасини кўриш талаб этилади.

 

Бошқа хабарлар