ПОЕЗДДА ҒАРОЙИБ СЕРВИСЛАР “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбарлари ўқимасин!

101

“Ўзбекистон темир йўллари” раҳбарлари ўқимасин!

 

Хизмат юзасидан сафарларда кўп бўламан,  “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг поездларидан фойдаланишга мажбурман! Танлаш имкониятим  йўқ, самолётга чиқай десам, ўзим ва оилам оч қолиши аниқ!

Бу гал ҳам доимгидай “Тошкент-Урганч” поездига  чиқдим. Вагонлар  куни билан қуёшнинг иссиғида туриб, ҳаммомга айланган.  Нафас олиш қийинлашади, яхшиям  вагонларнинг туйнукларини очиб,  жон сақлашга ҳаракат қиласан. Гулистонга етганда  иссиқга чидай олмай чинқиллаб йиғлаётган гўдакка  тиббий  ёрдам кўрсатиш учун шифокорлар чиқишди.

Йўналиш бошлиғини суҳбатга тортаман.

— Нега вагонларда кондиционерларни ишлатишмайди, йўловчилар қийналишяпти, ахир?!

  • Ака, 22 вагондан 8 та вагон купе, 1 таси “люкс”. Ўшаларнинг ҳам  фақат 4 тасида базўр ишлайди бу матоҳ.  Пласкарт вагонларда орзу қилмасангиз ҳам бўлади!   Ишлаганда биз ҳам қийналиб, одамлардан дакки эшитиб юрмасдик!

Аксига олиб телефоннинг қуввати тугади, вагонлардаги розеткалар ишламайди. Проводникларга юзланаман, ака мен нима қилаоламан, вагонлар эски!

Чиптани  брон жой деб зўрға 156 000 сўмга олганман,  шундан 20000 сўми сервис учун,  15000 сўми  чойшаб учун,  10000 гарчи ёзилмаган бўлса-да, брон учун, қолгани йўл ҳақи.

Майли чойшабни тушунаман, бироқ 20000 сўмлик қандай сервис кўрсатишади, анчадан бери ўйлаб, саволимга жавоб топаолмайман! Қизиқ жойи ушбу сервис  нархи манзил узоқлигидан, вагонларнинг  туридан келиб чиқиб ўзгармайди ҳам. 300 километрга ҳам,  умумий вагонга ҳам, “люкс” вагонга ҳам шу шу 20000 минг.   Проводникдан  20000 сўмлик хизматга нима киришини сўрайман.  Ўз билганича тушунтиради. Бир бўлак қанд, бир пакет чойнинг  нархи шу,  деган жавобни оламан!  Бу пуллар нимага олиняпти, аниқроғи, нега мажбурий равишда қандайдир хизматни  “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси  йўловчиларга тиқиштиряпти. Арзимаган пул, бироқ 22 вагонли поездда кетаётган йўловчиларнинг барчасидан деярли 20 миллион сўм пул бир тарафга йиғилади. Бу пуллар кимнинг чўнтагига бориб тушяпти?

Кимдир жавоб бера оладими?

Халқимиз содда, манзилигига етиб олиши билан қийинчиликларни унутади, унинг чўнтагини ҳеч нарса учун пулини ўмараётган монополияларнинг қилиғига кўникиб қолган.

Поездга билет олиш  машмашасидан, вагондаги шароитлардан нолиб ўтирган онахонларнинг гапини эшитиб қолиб, яқинроқ бораман:

— Онахонлар, мен журналистман, келинг мана шу шикоятларингизни  камерага қараб айтинг, биз керакли мутасаддиларга етказамиз. Балки “Ўзбекистон темир йўллари”даги катталар инсофга келиб қолишар!

Улар бир-бирига қараб розилик бергандек бўлишади. Телефонимнинг видеокамерасини ёқаман.  Онахонлардан бири гап бошлади:

— Президентимизга раҳмат, мана ажойиб тезюрар поездлар қўйишган. Ҳеч қийналмасдан манзилимизга етиб оламиз! Дунёнинг ҳеч жойида бундай шароитлар, имкониятлар  бўлмаса керак! Осмонимиз мусаффо…

— Иссиқдан қийналмаяпсизми, вагонда кондиционер  ишламас экан?

—Ҳалигина ишлаётувди, проводник болам ўчиргандир….

Вагонда кулги кўтарилди. Мен эса ўзим билмаган ҳолда пичирлаб такрорлаб бошладим:  “Осмонимиз мусаффо, “Ўзбекистон темир йўллари”га минг раҳмат!”

Давлатназар РЎЗМЕТОВ,

 Хоразм вилояти

Манба: “Жамият” газетаси

 

Бошқа хабарлар