Тафаккур ёғдулари

85

Кўплаб журналистларнинг севимли устози Сайди Умиров нафақат моҳир педагог ва публицист, балки синчков адабиётшунос ҳамдир. Буни устознинг «Чингиз Айтматов – публицист ва мунаққид» китоби ҳам яққол тасдиқлайди. Ушбу китобда муаллиф Чингиз Айтматов даҳосини ўзига хос тарзда тадқиқ этган. Китобни ўқир экан, ўқувчи буюк мутафаккир тафаккурининг ёғдулари билан нурланиб, билим ва дунёқараши кенгайиб боради.

Китобнинг бош мақоласида «Айтматов пуб­лицистикаси сокин оқадиган чуқур дарё, ундаги эҳтирос зоҳирий эмас, ботиний, матн бағрида, далил, детал, мисоллар ичида бўлиб, ўқиган, таъсирланган ўқувчи, томошабин қалбига ўтади, жунбушга келтиради, – деб ёзади Сайди Умиров. – Журналистика ва публицистика ўзаро чамбарчас боғлиқ, эгизак, эт-тирноқ соҳалар бўлса-да, муштарак ва фарқли жиҳатлари борлигини унутмаслик лозим. Журналистика қамров доираси кенг соҳа, кўпроқ ёйиқ (горизантал) ўлчов, сон билан ўлчанса, публицистика асосан тик (вертикал) ўлчов, сифат билан ўлчанади. Бу қўш соҳани паст-баланд тизмалардан иборат тоғ деб тасаввур қилсак, ­публицистика унинг баланд чўққиларидан, чўққига эса бирдан чиқиш, забт этиш қийин, унга журналистика пиллапояларидан аста-секин, бирин-кетин чиқиб, малака, тажриба, маҳорат орттириб етилади. Чингиз Айтматов публицистикаси бадиий асарлари сингари мафтункор ва жозибадор, қамровли ва ҳузурбахш, мароқли ва пурҳикмат, далил ва далилли бир сўз-жумла билан айтганда, маҳорат ва жасорат ҳосиласи».
Шу тарзда Чингиз Айтматовнинг очерк ва эсселари, мақола ва хатлари, суҳбат ва нутқлари, адабий-танқидий қарашлари қамровининг кенглиги, маъносининг теранлиги, оҳори тўкилмаган далил ва мисоллар, босиқ ва эҳтиросли, чўнг ва чўғдор фикрлар, кутилмаган қиёслар, санъаткорона мушоҳада, фалсафий муҳокама, публицистик мулоҳазаларга бойлиги, мантиқий далиллангани ҳамда ишонарли, мафтункорлиги ва яна кўп фазилатлари билан ажралиб туриши ва бу фазилатлар бирданига, ғойибдан пайдо бўлиб қолмагани ҳаётий ва ижодий тажрибаси катта, билими, савияси жуда кенглиги, воқеа, жараёнларга замонавий онг, самовий тафаккур юксаклиги ҳамда теранлигидан қараб ҳукм чиқарувчи, баҳо берувчи асарлар экани алоҳида таъкидланади.
«Публицистика адиб нигоҳида» деб номланган мақоласида эса шундай ёзади: «Чингиз Айтматовнинг очерк ва публицистика хусусида ўз мулоҳазаларини баён этиб, жумладан, «Очерк адабиёти, уни «бадиий», «лирик», «драматик» янглиғ ташбеҳлар билан атанг-атаманг, у ўз табиатига кўра, барибир, ҳикоя ҳам, санъат ҳам эмас ва шундоқ бўлиши керак ҳам эмас, акс ҳолда жанр ўз вазифасини бажара олмаган бўларди. Худди шу гапни пуб­лицистика хусусида ҳам айтиш мумкин. Ҳарқалай публицистика «мавсумий» ҳодиса».
Жамиятнинг жадал ривожланишида ­оммавий ахборот воситалари, сўз ва тасвир аҳли янада фаол бўлишини олдиндан илғаган Чингиз Айтматов «Огонёк» журнали мухбири Ф.Медведев билан суҳбатида шундай таъкидлаган экан: «…рўй берган, бераётган ҳодисаларни ҳаммадан олдин илғовчи, сезувчи ва воқеликка энг биринчи бўлиб таъсир ўтказишга интилувчи, шубҳасиз, журналистика, публицистикадир… Баъзан, айрим ҳолларда, айнан публицистика бадиий адабиётдан кўра кўпроқ, муҳимроқ аҳамият касб этиши мумкин. Ўйлайманки, ҳозир шундай давр…»
«Адиб ижтимоий фаоллик зўрайган бундай даврда журналистиканинг масъулияти кўп марта ошиши, журналист, публицистлар бир қатор масалаларда, сукут сақлаб туришдан воз кечолса, инсон ва унинг даврини янгича, аниқ-тиниқ ва ҳаққоний ифодалашга куч, имкон тополса, бу ҳар бир кишига… ўзини таниб, топиб олишга ёрдам беражагини таъкидлайди» дея хулоса қилади ­С.Умиров.
«Тинчлик – мавзулар мавзуси, муаммолар муаммоси» бўлимида адиб, тинчликни сақлаш ва унга таҳдид қилаётган кучларни таҳлил қилиб, «Ашаддий атеизм, оммавий террор мамлакати худонинг қаҳр-ғазабига учрамадими, деган хаёлга ҳам борасан баъзан», дея фикр билдирганда, беихтиёр ўтган йили БМТ Бош ассамблея­­си ялпи мажлиси томонидан муҳим ҳужжат – Президентимиз илгари сурган «Маърифат ва диний бағрикенг­лик» резолюцияси қабул қилингани ёдга келади.
«Айтматов ардоқлаган, Айтматовни ардоқлаган юрт» бобида мақоласида «Правда» газетасининг 1988 йил 13 февраль сонида босилган «Қайта қуриш, ошкоралик – омонлик дарахти» мақоласи алоҳида аҳамият, салмоқ касб этади, – деб ёзади Сайди Умиров, – эртасига Ўзбекистон газеталарида кўчириб босилган, таржима қилиб берилган бу машҳур мақола, аввало, замонавий онг уфқи, сайёравий тафаккур юксаклигидан туриб ёзилгани, иккинчидан, энг муҳими, ўзбек юрти, унинг меҳнатсевар, олийжаноб халқи, қадимий, бой маданияти ҳақида илиқ, самимий, далдакор сўзлар айтилганлиги, туҳмат, маломатга қолган миллатимиз шаънига ижобий фикр билдиришга ботинолмай, йўлини тополмай, ҳайрон, лол турган бир пайтда биринчи бўлиб юрак ютиб айтилгани билан алоҳида аҳамиятли, қимматлидир. Шу биргина мақоласи учун ҳам адиб шаънига кўп миннатдорчилик билдирилди. Таниқли олим, профессор Ғайбулла Саломов «Мен сув ичган дарёлар» китобида ёзганидек, «Дунёда ёзувчи кўп. Зўр, иқтидорли, инсон қалбини ларзага солувчи соҳиби қаламлар ҳам оз эмас. Аммо улар орасида Чингиз Айт­матовчалик оқибатлисини, фақат ёзувчи сифатида эмас, балки халқимизнинг дўсти, қадрдони сифатида бундай одамохунни топиш қийин. Бутун марказий матбуот зўр бериб «ўзбеклар иши» ҳақида оғиз кўпиртириб ёзиб турганда у «Правда» рўзномасида қайғумизга қайғудош, елкамизга елкадош, бағримизга бағрдош бўлиб, жумҳуриятимиз учун, унинг меҳнаткаш одамлари ҳақида бор ҳақиқатни айтишга журъат этди. Юз йиллар ўтар, ўзбек халқи Чингиз Айт­матовнинг бундай зарур, таскин ва ҳамдардлик билан айтилган ҳалим сўзларини унутолмайди. Дориламон кунларда нима кўп, ҳар хил дўст, оға, қариндош, биродар кўп. Бироқ айтадилар-ку, «мол ­дўстинг бошқа, жон дўстинг бошқа» деб… Чингиз Айтматов ўзбек халқининг жон дўсти».
Чингиз Айтматовга ўзбекистонликларнинг қанчалик меҳр қўйгани барчага аён: асарлари таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилгани, саҳналаштирилгани, адибнинг мамлакатимиз юксак мукофотларига сазовор бўлгани, ва албатта, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтган йили улуғ ёзувчи ва жамоат арбоби таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонлангани ана шу эҳтиромнинг яққол ифодасидир.
Бу ҳурмат саҳнида устоз Сайди Умировнинг «Чингиз Айтматов – публицист ва мунаққид» китоби ҳам ўзига хос ўринга эга.

Абдурауф БАХМАЛИЙ,
журналист

Бошқа хабарлар