Хасталиклар қон гуруҳига боғлиқми?

40

 

«Инсон характери, саломатлиги унинг қандай қон гуруҳига мансуб­лиги билан белгиланади». Бир танишимнинг бу гапи менинг ёдимга бир воқеани солди:

Бундан 13 йил аввал оилада дастлаб опам, сўнг укам ва синглим гепатит касаллигининг енгил шакли (А гуруҳи) билан хасталанди. Улар билан бир ҳаводан нафас олиб, овқатланиб, бир уйда яшашимга қарамай менда касалликнинг аломатлари кузатилмади. Оилавий шифохонага чиққанимизда текширув натижаларидан кейин шифокор бунинг сабабини қон гуруҳи билан изоҳлаган эди…
Биламизки, инсонларнинг ҳаддан зиёд салбий омилга эга бўлиши яхши эмас. Хусусан, бу қон гуруҳи билан боғлиқ бўлса, унга қийин масала сифатида қаралади.
Россиялик мутахассисларнинг таъкид­лашича, резус-омили (Rh factor) билан ҳамма нарса аниқланади. Агар бола уни отадан мерос қилиб олса, у ҳолда резус-омилининг хавфи юқори бўлади. Чунки салбий резус ҳомиладор онанинг иммунитети орқали ҳали туғилмаган болага ўз таъсирини кўрсатади. Енгил кечган ҳолатда бола гепатит касаллигига чалинса, оғир ҳолатда – ўлим ёки гўдакнинг ўлик дунёга келиши билан якунланади. Эътиборлиси, 1-қон гуруҳ аёлларида тухум ҳужайралари захираси тезроқ тугайди ва бепуштлик хавфини вужудга келтиради. Шу сабабли, шифокорлар уларда 30 ёшдан ошгандан кейин ҳомиладорлик оғир кечишини алоҳида таъкидлашади.
Қизиқ… Хўш, қандай қилиб қон гуруҳи орқали бола салбий жиҳатларни мерос қилиб олади? Сўнгги пайтларда япон олимлари ушбу гуруҳга мансуб кишиларда тўхтовсиз қон кетиши оқибатида ўлим ҳолати кўпайишини тахмин қилишмоқда. Чунки ушбу гуруҳда қон ивиши сингари ёмон иллатлар мавжуд эмиш. Дарвоқе, шундай бўлишига қарамай, вазият ижобий томонга бурилиши мумкин экан. Жумладан, организмда тромбоз билан боғлиқ касалликлар (у баъзан ўлик касалликлар – тромбоэмболи, миокард инфаркти, юрак ишемик ва бошқалар)нинг хавфини камайтиради. Бундан ташқари, ушбу гуруҳ, айниқса, касалликларнинг энг жиддий шакли бўлган безгакка қарши самарали ҳимоя воситаси ҳамдир.
Таҳлилларда биринчи қон гуруҳига мансуб инсонларда ошқозон ости бези саратони бошқа қон гуруҳи эгаларига нисбатан (у асосан 3-қон гуруҳидагиларда учрайди) 47 фоиз камроқ кузатилган. Тери саратонининг енгил шаклларида эса у 4 фоиздан 14 фоиз атрофида бўлади. Мисол учун, ошқозон саратонининг хавфи бўйича иккинчи ва учинчи ўрин 2-қон гуруҳидагиларга тўғри келмоқда. Қайд этиш керакки, онкологик, яъни саратон касаллигига 4-қон гуруҳи эгалари мойил бўлмайди.
– Биринчи тоифа қонга эга инсонлар 2-гуруҳ туридагига қараганда семизлик ва қандли диабетга кам сезгирдир. Статистик маълумотларга кўра, тиббиётда қон гуруҳи билан боғлиқ касалликларга парҳез тутиш ижобий ечим бўлса-да, кўпчилик одамлар унга шубҳа билан қарашади, – дейди Тошкент шаҳридаги 37-оилавий поликлиника шифокори Дилфуза Қурбонова. – Албатта, режали овқатланиш юрак-қон томир касалликларини бартараф этишда муайян таъсирга эга. Чунки 1-гуруҳнинг овқатланиш таркиби фойдали маҳсулотларга бой бўлишни талаб қилади. Демак, мазкур йўл орқали организмда нафақат холестерин ва липид­лар, балки тана оғирлиги, босим ва инсулин анча камаяди.
Афсуски, танланган парҳез учинчи қон гуруҳи вакилларига тавсия этилмайди. Бундай қон эгаларида стресс гормонларининг кўплиги сабабли парҳез юрак ва қон томирлари учун самарасиз ҳисобланади. Яхшиси, улар йога, медитация ва шу каби бош­­қа тинчлантирувчи машғулотлар билан шуғулланиши, мақсадга мувофиқ.
Хулоса қиладиган бўлсак, биз қандай қон гуруҳига мансуб бўлмайлик, доимо соғлик эртанги фаровон келажагимизни белгилаб берувчи бойлик эканини унутмайлик.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар