Янги ох,англар жозибаси

39

Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой оромгоҳида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг семинари ниҳоясига етди.

Ўриклисой тошларига минг йиллардан буён урилиб оқаётган сувларнинг шарқираши ва тоғ ҳавоси эпкини қалбларга ҳузур бахш этади. Аллақаерлардан булбулларнинг хониши эшитилади. Беихтиёр қияликлар бағридаги абадиятдан дарак бергувчи арчалар эътиборингизни тортади, уларнинг ёшликка эш яшиллиги кўнгилларни сокинлик сўқмоқларига етаклайди. Қуёш бу гўзалликка халал беришни истамагандек тоғлар панасида. Фақат нурларгина осмон ҳукмдори тез орада ўз жойини эгаллашидан мужда келтиради.
Ана шундай табиатнинг сеҳрли қучоғида ёш ижодкорларнинг адабий беллашуви, сабоғи бошланди. Назм ихлосмандлари Азим Суюн, Абдусаид Кўчимов, Хосият Рустамова, Сирожиддин Рауф каби шоирлардан шеърият сирларини ўзлаштириб, ижодларига баҳо олдилар. Эркин Аъзам, Луқмон Бўрихон, Собир Ўнар каби ёзувчилар ёшларни насрнинг нафис жиҳатларидан хабардор этдилар. Адабий танқид, бадиий таржима, болалар адабиёти, бадиий публицистика йўналишларида ҳам юртимизнинг таниқли адабиётшунослари, ёзувчи, шоир ва журналистларидан ўрганиш имконияти яратилди.
Йўналиш ва мавзудан келиб чиқиб, турли жанрлардаги ижод намуналари ўқилди. Соҳаларда эришилаётган натижалар, кузатилаётган камчиликлар, эътибордан четда қолаётган масалалар, қисқаси, сабаблар, оқибатлар ижод нуқтаи назаридан таҳлил этилди. ­Фикр-мулоҳаза билдириш, тафаккурда уйғонган ғояларни баён этиш, мавжудларини такомиллаштириш, йўқларини юзага келтириш бўйича таклифлар билдириш мумкин бўлди давраларда.
Бадиий публицистика йўналишида жанрлар ранг-баранг­лигини таъминлаш, болалар адабиёти йўналишидаги асарлар салмоғини ошириш, ижодий ишларда ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш, драматурглар сафини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Улуғ шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларини чет тилларга ўгириш, мазкур соҳада мутахассислар тайёрлаш юзасидан фикрлар билдирилди. Хуллас, янги сўз, янги фикр айтмоқ ҳамда мукаммал асарлар яратмоқ орқали халқимизга хизмат қилиш иштирокчиларнинг муштарак мақсадига айланди десак, адашмаймиз.
Бу жараёнда ёшлар ўз ишларига муносиб баҳо ва рағбат – руҳий қувват олди. Шундан сўнг семинар иштирокчиларининг табиат қўйнига, хусусан, Зомин шаршарасига саёҳати уюштирилди.
Қуёш уфққа бош қўйганда навбат яна мушоирага етди. Бу сафар ижодий намо­йишни устоз­лар бошлаб бердилар. Теран ва кескир, маъно ва моҳиятдан илдиз олган сатрлар диллардан тилларга кўчганда ҳиссиётлар мавжланди. Ёш шоирларнинг ўқиш услублари, қиёфалари, мазмундор шеърлари Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби улуғ сиймоларни кўз ўнгимизда жонлантиргандек бўлди.
Ўриклисойдаги Навоий тоғ-металлургия комбинатининг янги қурилган сиҳатгоҳи амфитеатрида тадбирнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуман навбатдаги адабий-маърифий тадбиргина эмас, давлатимиз томонидан ёшларга, ёш ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин кўриниши, Президентимизнинг беш муҳим ташаббусини ҳаётга татбиқ этишнинг яна бир амалдаги ифодаси сифатида катта тайёргарлик ва ташкилотчилик билан ўтказилди. Айнан шунга кўра, якуний йиғинда устоз ижодкорлар, иштирокчилар томонидан анжуман фақат ёш ижодкорларни етиштиришдагина эмас, адабиётимиз тараққиётида муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ушбу анжуманни юксак даражада ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Жиззах вилояти ва Зомин тумани ҳокимлигига самимий миннатдорлик билдирди.
Семинар сўнггида барча шўъба йиғилишлари, маҳорат дарслари иштирокчиларига сертификатлар, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, ҳомий ташкилотлар, уюшма «Дўстлар клуби»нинг эсдалик совғалари топширилди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар