ЯНГИ УЙЛАРГА НЕГА КЎЧИБ ЎТИШМАЯПТИ?

88

Давлатимиз томонидан турар жойга муҳтож имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат дастурлари доирасида улар учун жойларда уйлар қурилаётир. Аммо мазкур турар жойларда яшаш учун етарли шароит яратилганми, аслида улар ҳақиқий эгаларига бериляптими? Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида қурилган коттежлар аҳволи билан танишиш жараёнида шундай саволлар туғилди. Болтабой Матқурбоновнинг мақоласида сўз юритилган ушбу ҳолат мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолмаса керак, албатта.

Мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишинг.

 

МУҲТОЖЛАРГА БЕРИЛГАН,  АММО БЎМ-БЎШ…

ёхуд яна намунавий уйлар атрофидаги «намунали» муаммолар ҳақида

 

Мамлакатимизда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат томонидан алоҳида эътибор ва имтиёзлар берилмоқда.

 

Ҳеч кимга сир эмас, давлат дастурлари доирасида жойларда қурилаётган уйларга эҳтиёж катталиги боис талабгорлар сони таклиф этилаётган уйлардан анчагина кўп. Шу боисдан ҳам ҳар бир туманда фаолият кўрсатаётган махсус комиссия талабгорлар шароитини батафсил ўрганиб, уй-жойларни тақдим этишда манзиллилик, шаффофлик ва ижтимоий адолатни таъминлаш тамойилларини инобатга олган ҳолда асосий эътиборни ҳақиқатдан ҳам уй-жойга муҳтож оилалар эҳтиёжини қондиришга қаратади. Биз ушбу соҳадаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун Хоразм вилояти қишлоқларини кездик.

Дастлабки манзилимиз Янгибозор тумани бўлди.

Аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қатлами ҳақиқатда ҳам муҳтожми? Намунавий уй-жойлар бугунги кун талабига тўлиқ жавоб берадими? У ерда яшаётган оилаларнинг яшаш шароитлари қандай?

Ана шу каби саволларга жавоб ахтариб намунавий уйларни кўздан кечирдик.

2018 йили Янгибозор туманидаги «Қипчоқлар» маҳалласида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК масъулияти чекланган жамиятининг буюртмаси асосида турли лойиҳалардаги 60 та турар жой топширилди. Ушбу янги уйлар қурилган ҳудудга «Қипчоқлар» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Роҳатой Собирова ҳамроҳлигида бордик.

«Урганч – Гурлан» катта автомобиль йўлнинг чеккасида жойлашган ҳудуднинг олди қаторидаги икки қаватли коттежлар орқасидаги 200 квадрат метрли турар жойлар жойлашган кўчаларнинг абгор аҳволи таъбимизни хира қилди. Айтиш керакки, бизнинг кузатувларимизга кўра ушбу янги турар жойларнинг қурилиб фойдаланишга топширилганига олти ойдан ошган бўлишига қарамай уйларнинг кўпчилигида ҳали ҳеч ким яшамаслигини англаб олиш қийинчилик уйғотмади. Чунки уйларга кўчиб келган одамларнинг эшиги олди гулзор, томига антенналар ўрнатилган. Кўчиб келмаганлар уйининг олди қаровсиз, тиканзор, деразалар ойнасига эски мато тортиб қўйилган.

Уйи олдидаги мўъжазгина гулзорда ер чопаётган киши ўзини Қадамбой деб таништирди:

– Иккинчи гуруҳ ногирониман. Турмуш ўртоғим ҳамда икки нафар фарзандим билан турли жойларда ижарада яшаб келаётган эдик. Мана шу янги уйларга биринчи бўлиб, ўтган йилнинг декабрь ойида кўчиб келганман. Кўчамизда кўраётганингиздек 18 хонадон бор. Шуларда фақатгина 3 оила кўчиб келиб доимий равишда яшамоқда. Яна бир-икки оила онда-сонда келиб кетади холос. 60 та уйнинг ярмига ҳали ҳеч ким кўчиб келгани йўқ. Кўчаларимизнинг аҳволини кўриб турибсиз, ҳалигача чанг, тупроқ бўлиб ётибди. Икки-уч ой олдин йўлчилар келиб, кўчаларни бетонлаштириб бошлаган эди, бироқ негадир бир-икки кун ишлаб, барчасини чала ташлаб кетишди.

Аниқланишича, ушбу кўчада қурилган 18 та уйнинг 10 таси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фар­зандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низом»га асосан 10 нафар аёлга берилган экан. Бироқ уй-жойга муҳтож деб, бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилганига қарамасдан ушбу ўн нафар аёлнинг барча шароитлар муҳайё бўлган турар жойларга ҳалигача кўчиб ўтмагани жуда қизиқ. Шу жойда ҳақли савол туғилади:

 

қуриб битказилган бу уйларга олти ойдан ортиқ муддатда кўчиб ўтмаганлар чиндан ҳам уй-жойга муҳтожми? Ёки яшашга уйим йўқ деб қилинган барча айюҳаннослар шунчаки фонограмма эдими?

Ушбу саволимизга жавоб излаб Янгибозор туман ҳокими ўринбосари Феруза Рўзметовага мурожаат қилиб, аниқ ва тўлиқ изоҳ ололмадик…

Барибир жуда ажабланарли ҳолат!

Яна бир қизиқ томони, бу масалаларга жавобгар мутасадди ташкилот раҳбарлари нега мониторинг ўтказиб турмайди? Ахир чин муҳтожларга атаб қурилаётган бу уйлар учун давлат бюджетидан озмунча маблағ кетяптими? Қанча имтиёзлар, енгилликлар… ҳатто бошланғич тўлови ҳам давлатнинг зиммасида бўлса. Бир пайтлари вилоят ва туман ҳокимларининг сайёр қабулларида «уйим йўқ, менга уй беринг» деб келган ногирон, уй-жойга муҳтож инсонлар қани? Нега улар янги уйларга кўчиб ўтмаяпти? Ёки бу уйларда яшаш учун шароит йўқми?

Ташқаридан қарасанг бино­йидай уй-жойларни кўриб кўзинг қувнайди, ҳавасинг келади. Аммо… ҳудудларда газнинг йўқлиги, ичимлик сувнинг ҳам чекловлар билан берилаётгани бунга сабаб бўлса, ажаб эмас.

Кейинги манзилимиз Шовот тумани «Оқ кўл» маҳалласидаги 2018 йили қурилган 200 квадрат метрли уй-жойлар бўлди. Таассуфки, бу ерда ҳам худди шундай аҳволга дуч келдик. Қурилиб битказилган уй-жойларнинг ярмидан кўпи ҳувиллаб бўш ётибди, кўчалар асфальтлаштирилмаган, уйларнинг сифати ҳаминқадар. Ушбу уйларнинг бирида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Тўлғаной Ишчанованинг айтишича, уйларнинг сифати яхшимаслиги, табиий газнинг йўқлиги кўпчиликнинг бу ерларга кўчиб келмаслигига сабаб бўлаётган экан.

– Мана, қаранг, уйимни янгидан таъмирлатяпман. Усталар сифатсиз қилиб қуриб кетишган. Хоналар нам олиб, сувоқлар «гуллаб» – моғорлаб кетган, – дейди хонадон соҳибаси Тўлғаной Ишчанова. – Ёшуллиларига дардимни айтиб, уйимни ўша усталарга қайтадан таъмирлатяпман.

Ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида бу ҳудудда иш шундай қайноқ эдики, асти қўяверасиз. Ишлар «ура-ура» билан бошланиб, қўл учида фойдаланишга топширилган бу ҳудудда бугун деярли ҳеч ким йўқ. Ҳамма иш ўз ҳолича қолиб кетаверган. На болалар майдончалари, на бир ижтимоий объектлар қурилган. Уйлар олдиларига ўтқазилган арча кўчатлари сувсизликдан қовжираб ётибди.

Ана, сизга ҳақиқий аҳвол. Бу уйларга кўчиб келувчиларда ҳам озми-кўпми айб бор аслида. Ногиронман, имконияти чекланган, деб жойни номига расмийлаш­тириб, бугунги кунда акасими, укасими, синглисими, куёвими яшаб келаётган оилалар борлигини ҳам яшириб бўлмайди. Бу аҳволни мутасаддилар мониторинг қилишса, вазият яққол ойдинлашади. Боз устига, ёзнинг иссиғида, қишнинг совуғида бу уйларда яшашнинг қийинлиги кўчиб келувчиларнинг озчилик бўлишига сабаб бўлмоқда, деб айтиш мумкин.

Унутмаслик керакки, бу инсонларга бошланғич бадалини давлат тўлаб бергани билан кредитини ҳар ойда ўзлари тўлашади. Шундай экан, тегишли мутасаддилар уларнинг ҳақли эътирозларини ўрганиб чиқиб, яшаш учун шарт-шароитлар яратиб бериши ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига тўла амал қилинаётгани (яъни уйлар фақатгина ҳақдорларга берилиши)ни назоратга олиши зарур эмасми?

 

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

Хоразм вилояти

2019 йил 4 июль, 27-сон

 “Oila davrasida” газетаси

Бошқа хабарлар