«ЎЗМИЛЛИЙБАНК» хизмат доирасини кенгайтирмоқда

74

«Ўзмиллийбанк» аҳолига хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш мақсадида янги марказларини ишга туширмоқда. Яқинда Тошкент шаҳрининг Чорсу ҳамда Алгоритм даҳасида хизмат кўрсатиш марказлари сони яна иккитага ортди.

Айни пайтда Тошкент шаҳри ҳудудида «Ўзмиллийбанк»нинг 16 та филиали, 4 та хизмат кўрсатиш маркази, 15 та махсус касса ва 21 та валюта айирбошлаш шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
– Банк филиалларининг умумий сони республика бўйича 90 тани ташкил этса, бу каби хизмат кўрсатиш марказлари 41 тани ташкил этади, – дейди «Ўзмиллийбанк»нинг бўлим ва филиалларини мувофиқлаштириш бошқармаси ­бошлиғи Шоназар Раимберганов. – Ушбу хизмат кўрсатиш марказлари аҳолига ва тадбиркорга юқори сифатли банк хизматларини кўрсатиш, қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда янги турдаги банк маҳсулотларини тақдим қилишни мақсад қилган. Марказларда ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган замонавий банк ускуналарини ўрнатиш орқали кеча-ю кундуз хизмат кўрсатишни амалга ошириш ниятидамиз.
Мамлакатимизда банклар ўртасида ошиб бораётган рақобат шароитида қулай жойларда хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш ва мижозларга юқори сифатли банк хизматларини кўрсатиш тижорат банклар ривожланишининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисоб­ланади.
– Иккита янги очилган марказ айни аҳоли гавжум жойда очилди, – дейди «Ўзмиллийбанк»нинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси пул муомаласи ҳамда касса операциялари назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Шамшод Отажонов. – Бундан кўзланган мақсад – аҳолига янада яқин бўлиш, уларнинг банкнинг бош филиалига бориш учун сарфланадиган вақт ва пулини тежашдан иборат. Хусусан, шаҳарнинг Алгоритм даҳасида 20 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Минибанкда банк хизматларининг барча турлари амалга оширилади. Коммунал тўловлари, омонат операциялари, тезкор пул ўтказмалари, кредит расмийлаштириш, валюта айирбошлаш ва бош­­қа операциялар шулар жумласидан.
Минибанк кунига 300 нафаргача мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Хуллас, мижозлар учун катта банкларда амалга оширилаётган барча хизматлар эндиликда минибанклар орқали ҳам амалга оширилади.
Бугунги кунда «Ўзмиллийбанк» тизимида 41 та хизмат кўрсатиш марказлари (минибанк) самарали фаолият юритиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва вилоятлар ҳудудларида яна 19 та, Тошкент шаҳар ҳудудида эса 6 та янги хизмат кўрсатиш марказлари очилиши режалаштирилган.

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар