МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИ ИШТИХОН ТУМАН БЎЛИМИДАГИЛАР ДАВЛАТ СИЁСАТИГА ҚАРШИМИ?

108

Фермерларнинг ҳалол меҳнати билан етиштирилган маҳсулотлар туфайли эл дастурхонига файз киради. Аммо бугунги кунда уларнинг ривожланишига халал бераётганлар ҳам кам эмас. Хусусан, Иштихон тумани Амир Темур хўжалиги ҳудудидаги «Саида далалари» фермер хўжалиги вакиллари ана шундай кўнгилсизликлардан азият чекаётир. Фермер хўжалиги иш юритувчиси Отамурод Бўриевнинг мақоласида мазкур ҳолатнинг тўлиқ тафсилотлари билан танишасиз.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИНИ БАЖАРИШ «МАЖБУРИЙ ИЖРО» УЧУН МАЖБУРИЙ ЭМАСМИ?

 

Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатининг йўлга қўйилиши айнан мустақиллигимиз билан боғлиқ эканини бугун барча фуқароларимиз, айниқса, ёши улуғроқлар яхши билади. Илгариги колхоз-совхозлар ўрнида кўплаб фермер хўжаликлари ташкил топди. Ер, мол-мулк улар ихтиёрига ўтди. Бизда ҳам шундай бўлди. Фермерларимиз йилдан-йилга кўпая борди. Бундан тўрт йил аввал фарзандларим билан гапни бир жойга қўйиб, туманимиздаги собиқ Амир Темур хўжалиги ҳудудида «Саида далалари» фермер хўжалигини ташкил этдик.

Фермер хўжалигида аввал ўғлим Олимжон Бўриев раислик қилди. Кейинчалик бошқа ўғлим  Анвар бошқара бошлади. «Саида далалари» фермер хўжалигини ташкил этиш учун 22,5 гектар ер майдони ажратиш тўғрисида 2015 йил 15 июнда Иштихон тумани ҳокимининг қарори чиққан эди.  2016 йилнинг 28 мартида «Саида далалари» фермер хўжалиги билан  туман ҳокимининг ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини қайтадан тузиш тўғрисида»  ҳоким қарори қабул қилинди.

Биз эса ўтган тўрт йил мобайнида фермер хўжалигини ривожлантириш мақсадида артезиан қудуғи ковладик, трансформатор ўрнатдик, дала шийпони қурдик. Янги иш ўринлари барпо қилдик. Аммо ишимиз энди юриша бошлаган бир пайтда бизга халақит берувчилар, еримизга эга чиқувчилар пайдо бўлди.

Оқибатда еримизнинг бир қисми ўзгалар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб,  катта маблағ ҳисобига қаздирган артезиан қудуғи, ўрнатилган трансформатор, қурилган дала шийпони бошқалар ерида қолиб кетди.  Набижон Бўтаев ва Баҳриддин Норбоев деган кишилар фермер хўжалигимизга тегишли жойда ноқонуний равишда уй-жой қуриб олишди. Ойбек Ҳайитов исмли  фуқаронинг ҳаракати бундан-да ошиб тушди.   У тегишли идоралар рухсатисиз хўжалигимизга олиб борадиган йўлни эгаллаб, шу ердан уй-жой қуришни бошлади. Ҳозир тахминан 25 километр ортиқча йўл босиб,  даламизга айланма йўллардан боришга мажбур бўляпмиз.

Энди ўйлаб кўрайлик. Илгари экин майдонимизга борадиган йўлимиз  бир километрга етиб-етмасди. Энди эса у 25-30 бараварга ошди. Шундай бўлгач, фермернинг харажатлари ҳам шунга монанд бўладими?  Ана шу 25-30 баравар қилинадиган ортиқча харажатни фермер қаердан қоплайди? Бу воқеадан туман ҳокими ва бошқа тегишли мутасадди раҳбарлар хабардор. Аммо негадир улар жим.

Йиллар мобайнида ҳақиқат излаб жуда кўп идораларда, раҳбарлар қабулида бўлдик. Ҳокимлик, прокуратура ва бошқа нуфузли идораларга қилган мурожаатларимизнинг фойдаси бўлмаяпти.

Туман фермерлар кенгаши тасарруфимиздаги ноқонуний эгаллаб олинган ерни қайтариб олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритди. 2017 йилнинг 19 январида мазкур  суднинг очиқ  мажлисида жавобгарлар – Бўтаев Набижон ва Норбоев Баҳриддиннинг ноқонуний қурилган биноларини буздириш ва ер майдонини фермер хўжалигига қайтариб бериш масаласи кўриб чиқилди. Суд бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Жумладан, унда шундай дейилади:

«Даъвогар Иштихон туман фермерлар кенгашининг «Саида далалари»  фермер хўжалиги манфаатларини кўзлаб, жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичларга нисбатан ноқонуний қурилган қурилишни буздириш ва ер майдонини қайтариб олиб бериш тўғрисидаги даъво аризаси  қаноатлантирилсин.

Жавобгар Бўтаев Набижон Ортиқович томонидан «Саида далалари» фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан  ноқонуний равишда  ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган  1 гектар  ер майдонининг 170 кв.метрдан иборат қисмида ноқонуний қурилган қурилиш  жавобгарнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилсин.

Жавобгар Норбоев Баҳриддин Пўлатович томонидан «Саида далалари» фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан  ноқонуний равишда  ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган  1 гектар  ер майдонининг 200  кв.метрдан иборат қисмида ноқонуний қурилган қурилиш жавобгарнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилсин.

Жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичлар томонидан «Саида далалари» фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан  ноқонуний равишда  ўзбошимчалик билан 1 гектардан  эгаллаб олинган жами 2 гектар ер майдони жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичлардан «Саида далалари» фермер хўжалигига олиб берилсин».

Бу иш яна бир неча бор судлар томонидан апеляция ва кассация тартибида кўриб чиқилди.  Ҳар гал бизнинг фойдамизга қарор чиқарилди, ажрим қилинди. Хусусан, 2017 йилнинг 16 март куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлиси шундай ажрим чиқарди:

«Даъвогар Иштихон туман фермерлар кенгашининг «Саида далалари» фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичларга нисбатан ноқонуний қурилган қурилишни буздириш ва ер майдонини қайтариб олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2017 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин».

Аммо ижро ҳамон амалга оширилмаяпти. Негадир  Мажбурий ижро бюроси ишга киришмаяпти. Бу идорадагилар адолатли суд томонидан қилинган ҳукмни тан олишмаётганга ўхшайди. Ҳатто, бу идорадагилар суд қарори бажарилиш муддатини ортга суришга ҳам ҳаракат қилишди.

Ана шу ўринда яна бир хатга эътибор қаратайлик:

Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими давлат ижрочиси Б.Ҳожиева.

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди Сизнинг ФИБ Иштихон туманлараро судининг 2017 йил 19 январь кунги ҳал қилув  қарорини  ижро ҳужжати  ижросини  бир марталик умумдавлат акциясини амал қилиш муддати тугагунига қадар тўхтатиб туриш ҳақида ёзган хатингизни ўрганиб чиқди. Ушбу юзасидан  Сизга қуйидагиларни тушунтираман.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 263-моддаси 1-2-қисмига кўра ҳал қилув қарори ноаниқ бўлса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси ёки  ишда иштирок этувчи  шахсларнинг аризасига, шунингдек, ҳал қилув қарорини  ижро этиш зиммасига юклатилган органлар  ва давлат ижрочисининг аризасига кўра  ҳал қилув қарорини унинг  мазмунини ўзгартирмаган ҳолда  тушунтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларни ижро этиш  тўғрисидаги қонуннинг  31-моддаси 1-қисмига кўра ижрога топширилган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда  суд ижрочиси ижро ҳужжатини бериш учун  асос бўлган суд ҳужжати  ёки бошқа орган  ҳужжатини, шунингдек, қонунга кўра  ижро ҳужжати ҳисобланадиган  ҳужжатни тушунтириб беришни сўраб, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга  ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур қонун талаби асосида давлат ижроси ҳал қилув қарори  ноаниқ бўлса, тушунтириш бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши мумкинлиги боис давлат ижроси ҳал қилув қарорини тўхтатиб туриш юзасидан тушунтириш бериш ҳақида хат билан чиқишга ҳақли эмас, бу ҳақда  Ўзбекистон Республикаси ФПКда ва Ўзбекистон Р еспубликаси суд ҳужжатларида  бошқа органлар  ҳужжатларни ижро этиш тўғрисидаги қонунида назарда тутилмаган.

Шу боисдан юқоридаги қонун талаб­ларидан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими давлат ижрочиси Б.Ҳожиевни ижро ҳужжати ижросини муддати тугагунга қадар тўхтатиб туриш юзасидан тушунтириш бериш ҳақидаги хатини суд  мажлисида муҳокама қилмасдан, оқибатсиз қолдирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг судьяси В.Қ.Асқаров.

Қарангки, Мажбурий ижро бюроси ходимининг суд ижросини кечиктириб туриш тўғрисидаги таклифи суд томонидан рад этилди,  унинг амалдаги қонунларга зид эканлиги кўрсатилиб берилди. Аммо шундай бўлса-да, мажбурий ижро бюроси томонидан   суд қарорини бажариш ҳамон кечиктирилмоқда.

Қисқаси, «Саида далалари» фермер хўжалиги бугун ҳисобот учун қилинадиган барча ҳужжатларда мавжуд. Аммо ажратилган ерда ишлаш учун имконият йўқ. Очиқроғи, бундай имкониятни сунъий равишда йўқотиш кимларгадир керак бўлаяпти. Ана ўша «кимлар» фермер хўжалигимизга тегишли ерларга қайсидир йўллар билан эга чиқишга ҳаракат қилмоқда. Ўз манфаатларини кўзлаб,  раҳбарларни чалғитяпти. Ерларимизни ноқонуний равишда эгаллаб олганлардан ерни қайтариб олиш ва ўзбошимчалик билан қурилиш қилинганлиги учун биноларни бузиш ҳақида суд қарори бўлса-да, унинг ижроси Иштихон туман мажбурий ижро бюроси томонидан пайсалга солинмоқда.

Биз эса  ҳар сўзимизни исботловчи ҳужжатларга, далилларга эгамиз. Ерга эгалик ҳақидаги туман ҳокимининг қарори, ерни қайтариб олиш ҳақидаги суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар қўлимизда. Уларни тан олмаётганлар мамлакатимизнинг амалдаги қонунларига, Президентимиз сиёсатларига  зид иш тутишмаяптимикан?

Шу ўринда яна бир муҳим масала ҳақида гапирмоқчиман.  Бир пайтлар оиламиздан бир эмас, тўрт киши Чеченистон Республикасида ишлаб келарди. Сабаби, оиламиз катта бўлиб, рўзғор боқишнинг бошқа йўлини тополмаганмиз. Ўша пайтларда у мамлакатда турли жиноий тўдалар мавжудлигидан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор эдик. Мен фарзандларимнинг ана шундай хавфли оқимларга қўшилиб қолишидан жиддий ташвишланардим.

Ўйлаб кўрсам, энг тинчи фарзандларимнинг ўз юртимда, ёнимда бўлиши экан. Агар ер бўлса, ҳаммамиз бир жойда, ўз Ватанимизда ишлаймиз, деган хулосага келдик. Тендерда ғолиб бўлиб, фермер хўжалиги ташкил этганимизда бундай хавфлардан қутилганимизга, бундан буён тинч, бехавотир, фаровон яшашимизни ҳис этиб, қанчалар хурсанд бўлгандик. Бугун эса ҳар қадамда ишимизга тўсқинлик қилувчилар учрамоқда.

Хуллас, Иштихонда бориб турган масъу­лиятсизлик ҳолатлари юз бермоқда, суд қарорларига нисбатан беписандлик қилинмоқда. Бизнинг арзу додимизга юқори идоралардаги раҳбарлар қулоқ тутишар деган умиддамиз!

Отамурод БЎРИЕВ,

 Иштихон туманидаги

 «Саида  далалари»

фермер хўжалиги

 иш юритувчиси

2019 йил 5 июль, 25-сон

“Жамият” газетаси

 

Бошқа хабарлар