“ТОМОРҚА ХИЗМАТИ” МЧЖЛАРИ НЕГА ЖИМ?

36

 

Ҳовлида яшовчиларнинг кўпчилигида экинзоридан унумли фойдаланиб, оиласи даромадини ошириш имкони мавжуд. Аммо айрим кишилар шундай имкониятлардан фойдаланишмайди. Оқибатда, қанча-қанча нозу неъматларни етиштирса бўладиган томорқалар қақраб ётибди. Ўз навбатида, шундай нохуш ҳолатларга қарши курашиш, аҳолини боғдорчилик ва деҳқончиликка кенг жалб этиш, томорқа эгаларига ҳар томонлама ёрдам бериш масъулияти юкланган баъзи мутасаддилар ўз вазифаларига совуққонлик билан қараётгани ҳам қанчалар ачинарли. Журналист Акбар Рустамов “Ерда қолган хазина” номли мақоласида юқорида тилга олинган салбий ҳолатларни Бухоро вилоятининг айрим ҳудудлари мисолида таҳлил қилади.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

 

ЕРДА ҚОЛГАН ХАЗИНА

 

Хор бўлган замин

Қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи ҳар бир оила тасарруфида томорқа экинлари майдони мавжудлиги ушбу хонадонлар учун қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Аммо яна бир нарсани таассуф билан таъкидлаш жоизки, баъзи ўринларда аҳолининг томорқага хўжасизларча ёндашуви натижасида том маънодаги хазина, бойлик ер қаърида қолиб кетмоқда.

Қоровулбозор тумани Бўзачи маҳалласида истиқомат қилувчи Нурмуҳаммад Ёровнинг икки сотихдан ортиқ томорқа экин майдонининг 1,5 сотихи қаровсиз ётибди. Фуқаронинг айтишича, чўл ҳудудидаги ушбу майдонларда деҳқончилик қилиш ўзини оқламас экан. Ер шўр, ҳаттоки экилган уруғликнинг ҳам пулини чиқара олмас экансиз.

Ушбу хонадонга туташ томорқаларни кўрганимизда эса, Н. Ёровнинг сўзлари шунчаки баҳона эканлигига амин бўлдик. Негаки, ўша иқлим, ўша тупроқда қўшни хонадонларда ажойиб кўкаламзор манзарани кузатиш мумкин эди.

Тумандаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нурулло Мадинов ҳам оқар сув доимий эмаслигини рўкач қилган ҳолда томорқасини экмасдан келмоқда. Ҳолбуки унинг қўшнилари Самад Ғайбуллаев, Ғолиб Жабборов сингари миришкорлар ерга артезиан қудуқ ўрнатиб бўлса ҳам томорқа экинларини сувга қондиришмоқда.

Когон туманидаги “Геофизиклар” қўрғони ҳудудида истиқомат қилувчи Нигора Рашидова кунда бўлмаса ҳам кунора кам таъминланганлик важидан турли идораларга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Фуқаролар йиғини, туман Маҳаллалар кенгаши ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқарога бир неча бор иш таклиф этилган бўлса-да, у ҳали бола қарови, ҳали иш таклиф қилинган жойга – туман марказига бориш учун йўл кира қимматлиги важидан буни мунтазам рад этиб келган.

Хонадон олдидаги томорқанинг абгор ҳолатини кўриб, оиланинг кам таъминланганлик сабабини тушунгандек бўлдик.

Хонадон соҳибасига давлат маблағи ҳисобли, шундоқ ҳам фойдаланувидаги майдон давлат томонидан яратиб берилган яхшигина даромад манбаи эканлигини, агар қаровсиз ётган жойда иссиқхона ташкил этганида ёки сабзавот-кўкат етиштирганида дурустгина фойда кўриши мумкинлигини тушунтирдик.

– Уйда ҳамма касал бўлса, томорқада ким ҳам ишлайди, – дейди хонадон соҳибаси. – Шу ердан олинган даромад миқдори бериладиган моддий ёрдамдан ўн баравар ортиқ бўлади, дейсизми? Бўлиши мумкин. Аммо ўша иссиқхона ва сабзавотнинг меҳнати қанча бўлишини биласизми, ўзи? Шаҳардан келиб ўргатиш осон-да. Биз томорқани экиш учун маслаҳат эмас, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганмиз..!

Томорқани хазинага қиёслаймиз. Аммо кўп ҳолларда юқоридаги сингари кишилар ана шу хазинани эгилиб олишга-да эринишганини кузатамиз.

 

Яна кампаниябозликми?

Жорий йил экиш мавсуми аввалида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан аҳолига мурожаатнома йўлланиб, унда томорқанинг оила бюджетини шакллантиришдаги афзал жиҳатлари, соҳани ривожлантиришдаги имтиёзлар батафсил баён этилган эди.

Бу борада маҳаллаларда хонадонма хонадон юрилиб, аҳолига томорқадан унумли фойдаланиш борасида тарғибот ишлари амалга оширилганди.

Аммо экиш мавсуми тугаб, вилоятдан ушбу жараён ҳақида ҳисоботлар сўралиши тўхтатилган заҳоти барча ишлар ерга сингган сувдек ғойиб бўлди. Ушбу вазиятда Маҳаллалар кенгаши ҳолатини тушуниш мумкин. Негаки, май ойидаги сайловларни ташкил этиш, кейин ўтказиш, эндиликда янги сайланган раисларни ўқитиш, қолаверса, уларнинг фаолиятига оид бошқа масалалар…

Аммо ушбу соҳага бевосита дахлдор бўлган Фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Томорқа хизмати” МЧЖларининг қуйи бўлинмалари нега яқингача жим қолишди. Фақатгина Фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари кенгаши республика бошқаруви раиси вилоятларда сафарда бўлиб, йиғилишлар ўтказганидан сўнг яна бироз жонланиш кўзга ташлангандек бўлди.

– Экиш мавсуми аввалида маҳаллаларда томорқа бўйича тарғибот ишлари олиб борилаётганда “Томорқа хизмати” МЧЖ ходимлари ҳам хонадонларга кириб, ўзларининг хизматларини таклиф этишди, – дейди Шофиркон тумани Талисафед маҳалласида яшовчи Элёр Назаров. – Аммо кейинчалик ушбу хизмат вакилларини ҳеч ким кўрмади. Улардан дарахт, уруғлик сотиб олганлар янги маҳсулот парвариши йўл-йўриғини сўраш мақсадида мутасаддиларни қидиришди. Аммо фойдаси бўлмади. Энди шу билан келгуси мавсумда келишса керак…

Томорқа – хазина, барқарор даромад манбаи деймиз. Аммо баъзи ўринларда томорқа ер эгаларининг ўз тасарруфидаги майдонлардан хўжасизларча фойдаланилишига айрим мутассадди ташкилотлар томонидан етарлича эътибор берилмаяпти. Хусусан, фойдаланилмаган томорқа майдонлари учун ер солиғини уч баробарга кўпайтириш орқали аҳолини ҳушёрликка чақириш мумкин эди-ку. Ҳолбуки Бухоро вилояти бўйича бундай амалиёт нари борса йигирматани ҳам ташкил этмайди.

Томорқадан унумли фойдаланиш фақатгина томорқа эгасининг эмас, балки бутун жамиятнинг манфаати. Унумли фойдаланилган томорқа – бозорларимиз тўкинлиги, маҳсулотлар арзонлиги кафолати. Қолаверса, томорқасидан етарли фойда кўрган хонадон аҳли “кам таъминланган” бўлмайди. Томорқа мавзусида фикр юритишдан олдин аввало ана шу жиҳатларни ўйлайлик.

Акбар РУСТАМОВ,

журналист

 2019 йил 6 июль, 54-сон

“Бухоронома” газетаси

Бошқа хабарлар