Автомобилдан сақланинг: улов чамбараги кимнинг қўлида?

41

 

Шу йилнинг 10 май куни соат 7:40 ларда Аъзам (исм-шарифи ўзгартирилган) нонуштага егулик олиб келиш ниятида дўконга отланди. Бироқ… уйда автомашина турганда, пиёда юриш нимаси? Тезда бориб-келишини айтиб, онасидан «Нексия»нинг калитини сўради. Она она-да, ҳали замон ўғлининг мактабга бориши, кечгача чарчаб қолишини ўйлаб, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги, автомактабда ўқиб-ўрганмаганини ҳисобга олиб ўтирмади. Рухсат берди. Қолаверса, бу биринчи марта эмас эди…

Аъзам кўчада, йўлнинг четида турган беш ёшли Турсуналини кўрмай қолди. Бир зумда қий-чув бошланиб, болакайни «тез ёрдам» касалхонага олиб кетди.
Воқеадан хабар топган Икром ака ва Мақсуда опа мингдан-минг пушаймон ейишди. Бироқ вақт ўтган, уни ортга қайтариб бўлмас эди.
Ўз-ўзидан савол туғилади: 10-синф ўқувчиси Аъзам, унинг ота-­онаси наҳот автомашина ҳайдаш учун махсус билимлар керак эмас, «газ билан тормоз»ни босишни билса, шунинг ўзи етарли, деб ўйлашса? Ахир, кўп йиллардан буён транспорт воситасини бошқараётганлар ҳам йўл-транспорт ҳодисаси сабабчисига айланаётганини кўриб турибмиз-ку! Озгина эҳтиётсизлик, бир лаҳзалик чалғиш кифоя ахир!..
Шу йилнинг 7 апрелида Чилонзор туманида 1980 йилдан буён транспорт воситасини бошқариб келаётган «Каптива» автомашинаси ҳайдовчиси С.Э. пиёдани уриб юборган. Ёки 1985 йилдан, яъни 34 йилдан бери автомашина чамбарагини тутиб келаётган яшнободлик У.Н. 10 апрель куни, Олмазор туманилик Қ.Й. эса 11 апрель куни ўз шахсий автомашинасида пиёдани уриб юборишган. Жабрланувчилар тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Нима демоқчи эканлигимизни тушуниб етдингиз, албатта. Шу боис, ота-оналар фарзандлари хоҳиш-истакларига изн беришдан аввал, мушоҳада қилиб кўришса, фойдадан холи бўлмайди.
Ҳар бир ҳаракат иштирокчиси йўлга чиқар экан, диққат-эътиборини ўзи ва ўзганинг хавфсизлигини таъминлашга қаратмоғи, қоидалар, йўл белгилари, светофор, йўл чизиқлари ишораларига қатъий амал қилишлари лозим.
Азиз юртдошлар, ҳаракат оқимига қўшилдингизми, марҳамат, мавжуд қоидаларга риоя қилинг. Унутмангки, сиз ўзингиз ва бош­қаларнинг ҳаёти, саломатлиги учун жавобгардирсиз.

Ш.САФАРОВ,
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ
Матбуот хизмати катта инспектори, майор

Бошқа хабарлар