Ватан тарихининг янги даври

35

Яқинда юртимизнинг сўлим гўшаси Зоминдаги пурвиқор тоғлар, қуюқ арчазорлар бағрида – Ўрик­лисойда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан барпо этилган 150 ўринга мўлжалланган санаторий бугун ниҳоятда гавжум.

Шу кунларда сиҳатгоҳда комбинат ишчилари, инженер-техник ходимлари билан биргаликда мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилган меҳнат фахрийлари, фан ва маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирлар ҳам дам олиб, ҳордиқ чиқаряптилар.
Куни кеча ушбу масканда вилоят ҳокимлиги, Жиззах вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида «Ўзбекис­тон тарихининг янги даври» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар хусусида сўз борди.
– Юртимизда тинч­лик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-­эътиборини юксалтириш борасида ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураб­бийси Ларина Пак. – Буни биргина Зомин туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида ҳам кўришимиз мумкин.
Давра суҳбати давомида Ўзбекис­тон Қаҳрамонлари Исахон Баҳромов, Муҳаббат Шарапова, «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени соҳибаси Ҳанифа Арипова, «Нуроний» жамғармаси Бухоро вилояти бўлими раиси Самойдин ­Ҳусенов, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдуқаюм Йўлдошев ва бош­қалар халқимизнинг янгиланаётган ва тобора кучга тўлаётган заминда эртанги кунга ишончи ортгани, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ошаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.
2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Рес­публикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, «Фаол инвес­тициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастури, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» каби муҳим дас­тур ва режалар доирасидага янгиланиш­лар хусусида ҳам тўхталдилар.
Тадбир ўзаро мулоқот, савол-жавоб тарзида кечди. Ана шундай тарғибот-ташвиқот тадбирларини ҳар бир меҳнат жамоасида, ҳар бир маҳаллада ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар