Майдаёбудаги муаммолар

116

Майдаёбу – Косон туманининг чекка қиш­лоқларидан бири. Туман марказидан салкам олтмиш чақирим олисда жойлашган. Олти минг нафарга яқин аҳоли яшайдиган қишлоқда учта мактаб бор. Қувонарлиси, ушбу қиш­лоқ «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Дастур бўйича 58-умумтаълим мактабида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Вақтида ҳатто уч навбатлаб ўқиш ташкил этилган 16-умумтаълим мактаби учун янги бино қуриш белгиланган. Бунинг учун жой танланган, бунёдкорлар тили билан айт­ганда, «қозиқлари қоқилган». Бироқ йил яримлаган бўлса-да, қурилиш ҳамон бош­ланганича йўқ…

Ҳудудда  2014 йилгача  қишлоқ врачлик пункти фаолият олиб борган. Бироқ ҚВПлар сонининг қисқариши натижасида 25 ўринли шифохона ёпилиб, бугунги кунда унинг ўрнида «Тез ёрдам» ва эмлаш шохобчаси ишлаб турибди.– Бу шохобча Сурхон қишлоғидаги оилавий поликлиникага бириктирилган, – дейди шу ҳудудда яшовчи Шукрулло Турдиқулов. –  Бемор бирор тиббий текширувдан ўтиши лозим бўлса, 25 километр йўл босишига тўғри келади. Битта маълумотнома учун ҳам шу ёққа борамиз.  «Обод қишлоқ» дастурига кўра, Майдаёбудаги мавжуд шифо маскани замонавий тарзда таъмирланди. Бироқ унда ҳеч қандай мақом йўқ. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари қиш­лоғимизга келиб, бугунги ҳолатни ўз кўзлари билан кўрсалар ёмон бўлмасди. Жилла қурса, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мақомида бўлса ҳам қиш­лоқдаги шифохонани ишга тушириш зарур.Минг хил касаллик бор. Оғирроқ беморлар туман марказига юборилса ҳам, қолганлари шу ерда даволанса кошки эди. Ҳомиладор аёлларни «Тез ёрдам» машинасида, яъни «Дамас»да  55 километр узоқликдаги туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ мажмуасига олиб боришга ҳожат қолмасди…Дастур шарофати билан Майдаёбунинг эски, чириб тамом бўлган ­симёғочлари ўрнида темир бетон устунлар ўрнатилаётганидан халқ хурсанд. Янги трансформатор пунктлари олиб келиниб, электр таъминоти яхшиланадиган бўлди.Барча қишлоқларга хос бўлган йўл муаммоси Майдаёбуда ҳам мавжуд. Ёзда тизза бўйи тупроқ, қишда эса билч-билч лой кишининг таъбини хира қилади. Қишлоқ кайвонилари қараб туришгани йўқ. «Бирлик», «Гулшантўқ», «Галасўфи» маҳаллалари нуронийлари ёшларнинг бошини қовуштириб, ҳашар йўли билан қишлоқ йўлларига ­тупроқ ва тош тўкишди. Бирликда 2,5 километр, Гулшантўқда 1 км, Галасўфида 800 метр йўл эпақага келтирилди. Бироқ дас­турга кўра белгиланган 43 километрлик асосий йўлни текислаш, шағал тўкиш ишларини оддий ҳашар билан бажариш мушкул иш. Бунга туман йўл қурувчиларининг техникалари ва меҳнати билан эришиш мумкин…Майдаёбуда мактабгача таълим муассасаси ишламайди. Икки қаватли болалар боғчаси биноси анча тўкилиб қолган. Уни таъмирлаб, ишга туширадиган тадбиркор эса чиқмаяпти. Қишлоқ айланиб, тадбиркор Олимжон Эргашев ташландиқ, авария ҳолига келиб қолган дўконни  таъмирлаётганига кўзимиз тушди.– Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида озиқ-овқат ва хўжалик моллари сотишга мўлжалланган дўконларни ишга туширамиз, – деди тадбиркор.– Қишлоғимиз ҳудудидан шифобахш иссиқ сув қайнаб чиқади, – деди биз билан суҳбатда «Майдаёбу» МФЙ «Нуронийлар» кенгаши раиси Зиёдулла Зулфиев. – Аҳоли шу сувдан истеъмол қилади. Атрофдаги қишлоқлардан келиб, ушбу сувдан дардига шифо топаётганлар ҳам бор. Бу сувни махсус автомашина билан қишлоқ оралаб, ҳовузларимизга қуйиб беришади. 30-40 минг сўм пул берамиз. Ичамиз, ювин-чайинга ишлатамиз. Самарқандлик ишбилармонлар бу ерда сиҳатгоҳ ишга туширмоқчи бўлиб, ҳаракат бошлашди. Ўтган йиллари қурилиш ишлари қилинди. Бироқ бу йил улар негадир жимиб кетишди. Маблағида қийинчилик туғилдими, билмадик. «Обод қишлоқ» дастурига кўра, қиш­лоқда иккита артезиан қудуғи қазиш белгиланган. Аҳоли уларнинг ишга туширилишини интизорлик билан кутмоқда. Йил эса яримлади…
Хуллас, Майдаёбунинг обод қиш­лоққа айланиши учун кўпгина зарур чора-тадбирлар белгиланган. Ишлар кетяпти. Аммо қилинажак ишлар ҳам кам эмас.Таъкидлашни истардикки, ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод қиш­лоқ»  дастурини ўлда-жўлда ёки чалакам-чатти бажаришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки бу ишлар бўйича ҳисоб халқ олдида берилади, унинг баҳосини ҳам халқ қўяди…

Акмал АБДИЕВ, 

  «Ishonch»

Бошқа хабарлар