МАЪНАВИЯТ УММОНИДАН ДУРЛАР

39

«Маънавий ҳаёт» журналининг ушбу йилдаги 2-сони нашрдан чиқди

Журналнинг илк саҳифасидан Асқад Мухторнинг «Ҳаётга муҳаббат» шеъри жой олган. Аллоҳ инъоми – ҳақиқий истеъдод ва ақл кучи билан битилган шеър, ҳаётнинг асл мақсадидан сўзлаб, кўнгил торларини чертади. Инсонни фикр қилишга ундайди:

…Ҳиссиёт ҳаётнинг
аслига тўғри,
Идрок гоҳо яқин,
гоҳо йироқдир.
Ҳаётга муҳаббат ва
яшашнинг ўзи
Ҳаёт маъносидан
улуғроқдир.
«Замон ва жараён» рукнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, публицист Сайди Умировнинг «Маънавият отлиғ бир денгиз…» сарлавҳали мақоласида мамлакатимиздаги маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилади. Президентимизнинг жорий йилнинг 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг нақадар долзарб­лиги, ёш авлод камоли учун нечоғлик муҳимлиги таъкидланади.
Ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди кўплаб адабиётшунослар томонидан ўрганилган бўлса-да, бу «маънавият уммони» ҳали-ҳунуз тадқиқ этилмоқда. «Тарихнинг номаълум саҳифалари» рукнида Шуҳрат Сирожиддинов «Навоий Ҳиротда туғилган…ми?» тадқиқотида янги дурларни топ­ганига яна бир карра шоҳид бўласиз.
«Қалтис даврдаги қалтис қадамлар», «Тухум ичкаридан синдирилса», «Юз йиллик ёзувлар», «Матонат мадҳия­­си», «Тушларимда келинг, онажон», «Босқинчиликми, босмачилик?», «Тақдир тандирининг «иссиқ нон»лари» каби мақолаларда ҳам инсон, унинг кўнгил кечинмалари, хаёли-ю ҳаёти, баъзан равон, гоҳ чигал сўқмоқлардаги қувончли-ю изтиробли одимлар турфа лавҳалар, суҳбат ва тарихий манбалар мисолида акс этади. Барчаси ўзининг залвори, бугун ва эрта учун бирдек долзарблиги билан ажралиб туради.
Мусулмон Намознинг «Шах­­сий «мен»ни англаш изтироби» мақоласида кўнглидаги эврилиш­лар сабаб инсоннинг «ўз»ини топишга интилиши, бу йўлдаги «азоб» мусаввирнинг қалами янглиғ ўқувчи қалбида ҳам ўз суратини чизади. Ёш авлодга бойлик эзгу мақсад йўлида бир воситагина бўлиши, етук инсон бўлиб жамиятга нафи тегса, бу энг катта саодат эканлигини уқтираётган, «ўз» ва «ўзлик» ўртасидаги икки ўт орасида қоврилган ижодкор хаёлидан ўтаётган ҳақиқатларни ифодалар экан, шундай хулосага келади: «Бир яхши йўл борки, бу – инсонлардаги «ўзлик»дан «ўз»га қайтиш, ўзининг ёрқин «мен»ини намоён этиш жараёнини тезлаштиришга қобил бўлган ҳар қандай ҳаракатга ёрдам бериш. Навоий бобомиз айтганларидай:
Эл нетиб топкай мениким, мен ўзимни топмасам».
Хуллас, журнални қўлга олган борки, ўқий туриб, унинг ичига қандай сингиб кетганини билмай қолади. Баъзи мақолалар қаҳрамонлари билан ёнма-ён бўлади, улар билан яшайди, қувонса қувонади, дард чекса изтиробига шерик бўлади.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар