Меҳрни оқлаш керак!

74

Афв этилган аёлларга мактуб

Муҳтарам Президентимиз адашиб жиноятга қўл урган аёлларни кечирди, афв этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида тузилган Меморандум асосида жорий йил 99 нафар маҳкума аёл афв этилди.
Айтинг, қанча меҳр керак?
Қанча шафқат лозим, сўранг?
Энди сиз ҳам ҳаё кийинг,
Инсоф ганжинасин ўранг.

 

Ўтган ойда Зангиота тумани ҳудудидаги хотин-қизлар жазони ижро этиш муассасасида судлов ҳайъатининг сайёр суд мажлиси бўлиб, 6 нафар аёлнинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, жазонинг асосий қисмини ўтагани ҳисобга олиниб, жазодан озод этилгани тўғрисидаги қарор ўқиб эшиттирилди.
Ўша куни жиноят ишлари бўйича туман судининг сайёр суд мажлисида 1 нафар аёлнинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишига алмаштирилди.
Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова ушбу аёллар учун кафолат бериб, бундан кейин уларни ўз назоратига олишини таъкидлади.
Афв этилганларнинг сўзларига қулоқ тутамиз: «Билмай қилганман», «Адашиб аралашиб қолганман», «Соддалик қилдим», «Мени алдаб шу йўлга бошлашди».
Қараб туриб раҳминг келади. Аллақачон умрига куз оралаб қолган, кўзларидан нур қочган аёллар ҳам бор улар орасида.
Бири пенсия ёшида, қилмишидан минг пушаймон бўлиб шундай дей­ди: «Гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганим учун 14 йилга қамалдим. Жазонинг 13 йилини шу ерда ўтадим. Афв туфайли муддатдан олдин бу ердан чиқмоқдаман. Қайтиб бу ишга қўл урмайман».
13 йил ичида Ўзбекистон гўзал келинчакдек ороланди. Оқил, ориф куёвдек саодат қасри томон отланди. 13 йил ичида олам 13 минг хил жилоланди, ўзгарди. 13 йил ичида 10 ёшли фарзандинг 23 ёшга кирди. Сен аёл бўлиб, она бўлиб унга нима ўрнак кўрсата олдинг? Бахтли болаларнинг оналари уларнинг ортидан турли кўрик-танловларга борди. Боланг эса сени кўриш учун темир панжара ёнига келиб, маюс-маюс боқди. Атрофда ҳамма ҳам ширинсўз эмас. «Унинг онаси қамоқда», «Жиноятчининг боласи ким бўларди?» каби шивир-шивирлар уни еб қўйган.
Сен сотмоқчи бўлган заҳарнинг асосий харидорлари ғўр ёшлар бўлишини билар эдинг. У сабаб 10 та йигит ёки 10 та ўспирин қиз қурбон бўлса, унинг ортидан ўнта она, 10 та ота тирик мурдага айланишини билар эдинг. Бир томчи заҳар билан ўнлаб, юзлаб бегуноҳларни кафанга ўрадинг. Ваҳоланки, бу оғуни истеъмол қилган оталардан туғилган зурриёдлар майиб-мажруҳ бўлиб, қайсиси оламни кўриш, қайсиси товушларни эшитиш бахтидан маҳрум бўлиб туғилишини ҳам билардинг…
Бугун курраи заминда «Аср вабоси» деб аталган ОИВ ва ОИТС иллатлари 25 миллиондан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган, 40 миллиондан ортиқ одам касаллик исканжасида. Бу хасталиклар асосан сен кабилар пуллаган гиёҳванд моддалар орқали юқиши эса ҳеч кимга си эмас. Демак, уларнинг гуноҳи сен кабилар бўйнида.
Махсус мактаб-интернатларга борсанг, кўрасан: ўнг томондан чап томонга ҳамшира-ю тарбиячи опаларининг ёрдамисиз қайрилиб қарай олмайдиган гўдак­лар бор.
Бу болаларнинг ярми наркотик оғулар – психотроп моддалар истеъмол қилганларнинг болалари. Ёмоннинг ­касрига учраган мурғаклар.
Балки бу болалар ичида сен сотган оғудан истеъмол қилганларнинг ҳам фарзандлари бордир. Йўқ, деб кўр-чи?
Агар ҳуқуқ органлари ҳушёр бўлмаганда нима бўларди?
Яна қанча ёстиқлар қурир эди!
Дунёнинг кўп мамлакатларида оғуфурушлар жиноят айби аниқ бўлиши билан қайси давлат фуқароси бўлишидан, ким бўлишидан қатъи назар, отувга ҳукум қилинади.
Аммо бизнинг давлатимиз кечирди. Кечириш улуғларнинг иши. Энди сиз ишонч йўғрилган кечиримга лойиқ бўлинг! Бу бағрикенглик қошида тиз чўкинг!
Оғу туфайли майиб-мажруҳлар бўлганлар, етимлар – уяси бузилаётган полапонларнинг чирқираши, уқубатлар, мотамлар ҳақи ТАВБА қилинг! ТАЗАРРУ қилинг!

Муҳтарам Президентимиз кечиримидан тўғри хулоса қилинг. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотишини унутманг. Ушбу афвлар сиз кабиларнинг миллат олдида, одамзод олдида қарзингиз, аёл эканингиз ёдингизга келиши учун эслатмадир.

Зулфия МЎМИНОВА,
шоира

Бошқа хабарлар