Таъсир чоралари қўлланган…

44

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Ishonch» газетасининг шу йил 25 май кунги сонидаги «Ҳаёт – қимор… эмас!», 28 май сонидаги «Қопқоқ остидаги «қопқон» ёхуд турли акциялар ва лотерея шоуларининг зарари» сарлавҳали мақолаларга қуйидагича муносабат билдирди:

Мазкур мақолаларда бугуннинг долзарб мавзуларидан бири – телеканалларда ютуқли акциялар ва лотерея шоулари намойиш этилаётгани ортидаги салбий ҳолатлар баён этилган. Тегишли савдо шохобчаларидан бирон-бир буюм (пул тўлаб) ёки турли салқин ичимликларни сотиб олиш орқали ўйин иштирокчисига айланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар, айниқса, бу жараённинг ёшлар тарбиясига таъсири чуқур таҳлил қилинган.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, бугунги кунда «Zo’r TV» телеканали орқали «Борига барака», «Менинг юртим» телеканали орқали «Омад шоу», «Мilliy ТV» телеканали орқали «Миллионер шоу», «Олтин калит» дастурлари, шунинг­дек, одамларнинг ютуқли акцияларда иштирокини таъминлайдиган «WF», «Tizer», «Sitro», «ОК», «Jesco» ичимликлари рек­ламаси намойиш этилмоқда.
Мазкур дастурлар ҳамда маҳсулотлар рекламалари Агентлик томонидан доимий равишда шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги тизимли асосда таҳлил этиб борилмоқда.
Мисол учун, ўтган давр мобайнида эфирга узатилаётган ушбу ичимликлар рекламалари намойишида ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи қайд этилмагани, ушбу ҳолатларда «Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 22 октябрдаги 848-сон қарори билан тасдиқланган «Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 12-банди талаблари бузилгани учун Агентлик томонидан ўз ваколатлари доирасида телеканалларга тегишли таъсир чоралари қўллангани маълум қилинади.

Директорнинг биринчи
ўринбосари А. Ходжиметов

Бошқа хабарлар