Таътил пули ундирилди

86

Касаба уюшмаси аралашгач…

 

Шифокор проктолог Абдухалил Матқулов баъзан иш кўплигидан, баъзан бошқа сабабга кўра йиллар давомида меҳнат таътилига чиқа олмади. Ишемик инсульт касаллигига чалиниб, унга биринчи гуруҳ ногиронлиги тайинлангач, аризасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинди. Қарангки, буйруқда унинг ишлаган даврида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун 30 кундан иборат пулли компенсация тўланиши белгиланди, холос.

Турмуш ўртоғи Дилором Матқулова Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисига бу ҳолат бўйича ариза билан мурожаат қилди.
Аризани ўрганиш жараёнида­ А.Матқуловнинг 10 йиллик ишлаган даврида меҳнат таътилларига чиқмагани аниқланиб, унга фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўлаб берилиши керак, деган хулосага келинди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддаси талаби асос бўлди.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан иш берувчи номига тақдимнома киритилди ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази
А.Матқуловга фойдаланилмаган 10 йиллик меҳнат таътиллари учун жами 19 533 446 (ўн тўққиз миллион беш юз ўттиз уч минг тўрт юз қирқ олти) сўмлик компенсация пули ҳисоб­лади. Тўлов ходимнинг пластик картасига ўтказиб берилди.

Шириной УМАРАЛИЕВА,
Сирдарё вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси
юридик бўлими мудири

Бошқа хабарлар