МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ТУГМАЧАСИ: УНИ КИМ БОСМОҚДА?

45

 

ЁХУД КОСОНСОЙ ВОҚЕАСИГА ЯНА БИР НАЗАР

Ҳар нарсанинг ўз номи бўлгани яхши. Бирор воқелик аслиятдан бошқача номлана бошландими, ўша жамиятда тараққиёт ғилдираги лойга ботди, деяверинг. Яқин 15-20 йиллик тарихимизда “ҳашар” деган қадрият маъноси “азоб” даражасига кўтарилдики, унинг юкини асосан “бюджетчилар” кўтаришди. Даставвал, ўқитувчи ва тиббиётчиларга давлатдан ойлик оляпти-ку, деган писанда билан кўча супуртирдик, йўл ёқасига гул эктирдик, пахтани чопиқ қилишдан то ғўзапояни йиғиштиргунга қадар ишлатавердик. Энг ёмони, фермерга маҳаллий ўғитни ҳам ўқитувчилар йиғиштириб беришарди. Номи ҳашар бўлгани учун қилинган меҳнатига бир тийин ҳам тўланмайдиган, олий маълумотли мардикорлар қатламини шакллантиришга улгурдик. Бирор ким ўқитувчи ободонлаштириш, фермернинг иши билан банд бўлса, таълимни ким беради, келажакда бу болалар ким бўлиб вояга етади, деган саволни тилига чиқара олмади.

Ҳайриятки, ХМТ билан олиб борилаётган ҳамкорлик, қатор Конвенцияларнинг ратификация қилиниши мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши курашга йўл очиб берди. Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора тадбирларни кучайтириш тўғрисида” 2017 йил 4 октябрдаги СҚ-231-III-сон қарори билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан бирон-бир шаклда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича ушбу йўналишда комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган парламент назорати институти жорий этилди. Бир муддат мажбурий меҳнатнинг ҳамма элементларига қарши кураш шитоб билан давом этди. Бироқ айрим раҳбарлар бу масаланинг кун тартибидан бироз четга сурилишини кутгандек.

Биргина мисол “kun.uz”да “Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишди. Ҳар бир мактаб учун алоҳида жой ажратилган” сарлавҳали мақолада 29 июнь куни мактабда ишловчи ходимлар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида бонг урилди. Даставвал, мутасаддилар томонидан ҳашарга жалб этилганлар ўқитувчилар эмас, техник ходимлар бўлганлиги важ сифатида келтирилди. Ҳар ҳолда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 3 июль куни журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда: “Намангандаги ҳолат ҳақида сўрасам, “техник ходимлар жалб этилган”, дейишди. Бу баҳона эмас. Улар ҳам халқ таълими тизими ходими. Меҳнат кодекси ҳамма учун бир хил… Бу – техник ходим, буниси – ўқитувчи, деб ажратишга ва халқ таълими тизими ходимини ўзбошимчалик билан бошқа жойда мажбурий ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”, деганди.

Эндиликда, турли ОАВларда бетон қуйишда иштирок этганлар техник ходимлар эмас, ободонлаштириш бўлими ходимлари эди, “kun.uz” вазиятни бўрттириб кўрсатган, деган маълумотлар сизиб чиқмоқда. Аслида, у ерда ишловчилар ким бўлишидан, қайси касб бошини тутган бўлишидан қатъи назар, ўз вазифасидан ташқари ишни қилишга йўналтирилдими, бу ҳолатнинг номи айлансангиз ҳам, ўргилсангиз ҳам МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ бўлиб қолаверади. Алоҳида таъкидлашни истардикки, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш деганда, тиббиётчилар ёки ўқитувчиларни эмас, барча фуқароларнинг, ишловчи ходимларнинг манфаати назарда тутилган.

Воқеалар занжирининг бошидан таҳлилни бошласак, кўп нарса кафтдаги чизиқдек ойдинлашади.

2019 йилни 31 май куни Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Алижон Сиддиқов туман халқ таълими бўлими мудири в.б. Ф.Нўъмоновга мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан назорат ўрнатиш учун огоҳлантириш хати (№18) чиқарилади. Унда “маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим… бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини… турли ишларга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари кузатилаётгани”ни инобатга олиш алоҳида таъкидланади.

2019 йил 2 июль куни “kun.uz”да “Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишди. Ҳар бир мактаб учун алоҳида жой ажратилган” сарлавҳали мақола чоп этилади ва арининг инига чўп суқилгандек ҳолатни эслатувчи “томоша”лар бошланиб кетади.

 2019 йил 3 июль куни вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи С.Қодиров, Косонсой тумани адлия бўлими ходими Ж.Жўрамирзаев, Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлим мудири Б.Раҳимбердиев, вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиқ ўринбосари А.Реджапов, Косонсой туман бандликка кўмаклашиш маркази директори З.Аҳмедов, марказнинг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори И.Саидовлар томонидан ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш давомида қуйидаги ҳолатлар аниқланди: 2019 йил 27 июн куни Косонсой тумани ХТБ бошлиғи в.б. Ф.Нўъмонов томонидан тумандаги мавжуд 52 та умумтаълим мактаблари директорларига 28 июнь куни соат 07.00 да “Обод марказ” дастури бўйича “Мажнунтол” ва “Махдуми Аъзам” МФЙ ҳудудида қурилаётган “Яшил хиёбон”да йиғилиш ўтказилиши ва барча директорлар унда иштирок этиши шартлиги тўғрисида кўрсатма берилган. 2019 йил 28 июнь куни “Яшил хиёбон”да туман ҳокимлиги томонидан йиғилиш ўтказилиб, 29 июнь куни “Мажнунтол” ва “Махдуми Аъзам” МФЙ ҳудудида қурилаётган “Яшил хиёбон”да ҳашар ўтказилиши, ҳашарда мактаб ўқитувчилари иштирок этмасликлари, фақат мактабларнинг техник ходимлари иштирок этишларига топшириқ берилган (Бу тафсилот Ф.Нўъмоновнинг тушунтириш хатида келтирилган).

Айрим директорлар билан ўтказилган суҳбат жараёнида 28-сонли мактаб директори Ш.Шарипов, 10-мактаб директори ўринбосари Ғ.Назаров, 18-мактаб директори Н.Худойбердиев, 17-мактаб директори С.Эшонова,37-мактаб директори Н.Масумов, 27-мактаб директори А.Ҳамидов, 51-мактаб директори Ш.Дўстматовлар ҳақиқатдан ҳам мактаб техник ходимлари 29 июнь кунги ҳашарда ўз хоҳишлари билан қатнашишгани таъкидланган.

Мантиқан ўйлаб қаралса, ҳаво 35-40 даража иссиқда, қолаверса, ёзни ғанимат кунларида, асосий касби деҳқончилик бўлган туман аҳолиси (деҳқонга эса ёзнинг бир соати қишнинг 10 кунидек гап) бетон қуйиш учун “ихтиёрий” равишда ҳашарга чиқиши ҳам, бу “ихтиёр” эса ҳокимият вакилларининг йиғилишидан сўнг пайдо бўлгани ҳам жумбоқли. Ваҳоланки, бундай ишларга жалб этилувчи ва ҳақ олувчи жамоат ишлари жамғармасидагилар борлигини унутишдимикан? “Ҳашар – минг йиллик қадриятларимизга ҳамоҳанг” дегувчи мутасаддилар бу борада тегишли буйруқ тайёрлашни нега ўзларига эп кўришмади экан? Ваҳоланки, “Фалокат қош билан қовоқ ўртасидаги” деган нақл бор. Мактаб ҳудудидан ташқарига бораётган ходимнинг хавфсизлиги, саломатлигини ким кафолатлайди? Ваҳоланки, Самарқанд вилоятидаги марҳума Диана Енекеева билан боғлиқ машъум ҳодиса ва унинг оқибатлари ҳали ҳамманинг ёдида. У ҳам шу каби бепарволик қурбони бўлмаган эдими?!

Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Ш.Мусаев томонидан вилоят халқ таълими бошлиғи В.Ражаповга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди. Унда, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май кунги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарори, Меҳнат кодекси талаблари ҳамда ХМТнинг мажбурий меҳнатга доир конвенциялари талаблари бузилгани, бу ҳолатга йўл қўйган мутасаддиларга қонуний чора кўриш сўралган.

Шу ўринда муайян ташкилотда раҳбарлик қилаётган мутасаддиларга мурожаат қилишни ўринли деб билдик: қўл остингизда 10, 20, эҳтимол 50 нафар ходим бордир. Бу шунча оила, шунча тақдир дегани. Яъни сизнинг вазифангиз ходимни ишлатиб, маошини беришдангина иборат эмас, унинг меҳнат хавфсизлиги, саломатлигига соя солувчи омиллардан ҳимоялаш ҳам сизнинг гарданингизда. У ўқитувчими, қоровулми, фаррошми, айни шу ташкилотдаги фаолияти учун маош олади. Ҳокимиятнинг хоҳишидаги ишни бажаргани учун эмас. Бу борада қаршилик қилишга қурбингиз етмаяптими: касаба уюшмасига мурожаат қилинг. Ҳақиқат қўнғироғи чалинганда ҳамма, шубҳасиз, сергак тортади. Қонунлардаги имтиёз эса, касаба уюшмаларига шу кучни тортиқ этмоқда.

Биргина мисол: ғалла ўрими бошланишида вилоятнинг айрим ҳудудларида ўрим-йиғим отрядларига раҳбарлик учун таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари туман кенгашлари раислари жалб этиладиган бўлди. Бу ҳолат мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши, қолаверса, мазкур масалада улар парламент назоратини таъминловчи шахс  эканлиги ҳам ҳоким буваларимизни ўйлантирмади. Мингбулоқ, Норин, Наманган тумани ҳокимиятидаги мутасаддилар билан тармоқ касаба уюшмасининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Лутфиддин Ғаниевнинг бу борадаги музокаралари ижобий якун топиб, туман кенгашлари раислари мажбурий меҳнатдан озод этилишига эришилди.

Ҳокимиятнинг кайфиятига, ҳукмига, қараб режа белгилайдиган кунлар ортда қолди. Зеро, ҳамма ўз вазифасини қилгандагина ривожланиш суръати ошади. Ўқитувчи ўқитсин, шифокор даволасин, бетон қуйишни эса усталарига қолдирайлик…

Аслида, таълим ёки бошқа бюджет ташкилотлар раҳбарлари ҳам ўз ходимларининг хизмат вазифалари четда қолиб уларни мажбурий меҳнат билан азоблагиси келмайди. Афсуски, айрим жойларда ҳали ҳам айни бу борадаги ихтиёр ва ваколат соҳа раҳбарларида эмас. Бугун, эшитган қулоққа ёқмайдиган, тер тўкканидан рози бўлмаган фуқаронинг мажбурий меҳнатини ҳудуднинг эгаси сифатида танилган айрим мутасаддиларнинг чегарадан чиқиб улгурган топшириғи, кўрсатмаси асосида мажбуран ташкил этилаётганини яшириш, тан олмаслик, ойни этак билан ёпишга уриниш кабидир. Аммо, фуқаролар мажбурий меҳнат бўйича “халқ қаҳрамонлари”ни таниб улгургани ҳеч кимга сир эмас.

Деярли барча ҳолларда ходимларни мажбурий меҳнат – қишлоқ хўжалиги, қурилиш-ободонлаштириш ишларига жалб этиш, ойлик иш ҳақиларидан турли тўловлар учун ушланмаларни ташкил этиш ва бошқа шу каби ҳолатлар кузатилса, муассаса ёки унинг юқори турувчи раҳбарини ишдан бўшатиш, жаримага тортиш каби интизомий жазолар қўлланилди дея, гўё адолат қарор топгани намойишкорона кўрсатилади, ҳамма ўзини оқлайди. Аслида, юқорида айтганимиздек, ҳалигача маҳаллий ҳокимият занжиридан қутула олмаётган ижрочиларимиз ҳоким буваларимиз томонидан зўрлик билан, мажбуран, билвосита ишлатилаётганига эътибор қаратишимиз лозим. Агар калавани ечмоқчи бўлсак, тизим – калава бизга бутунлигича керак бўлса, тугулиб қолган қисмини кесиб ташламасдан унинг учини топишимиз, ишни, лозим бўлса жазолашни калаванинг учини ушлаб турган буйруқбозлардан бошлаб, ўртадаги ижрочилар – соҳа раҳбарларини ҳам ҳимоя қилишимиз ёддан чиқмаслиги керак.

Дарҳақиқат, ўқитувчиларга, муайян масъулият ва жавобгарлик юкланган ходимларга “соддалик”, “юзхотирлик” ҳам эви билан-да дегинг келади. “Кўпга келган тўй” нақлини дастак қилиб олган мутасаддиларга ноқонуний топшириқ ва кўрсатмалари учун рад жавобини бериш шунчалар қийинми? Сизларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатингиз кейинги авлод учун ўрнак бўлишини унутманг.

Дилдора РАҲМОНОВА,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар