МАКАРОН НОН ЎРНИНИ БОСГАНДА…

54

 

Ёхуд блогерлар ва босма нашрларнинг “оёғидан чалаётган” блоглар ҳақида

 

Техника тараққиётининг жадаллашиши “блог” ва “блогер” сўзларини луғатимизга олиб кирди. Компьютер ва қўл телефонларининг замон ва макон қаршиликларини парчалай олиш имконияти блогларнинг тезкорлигини оширди. Бугун босма нашрларнинг “оёғидан чалаётган” блогларнинг нима афзаллиги бор? Нега аксарият журналистлар ва бу соҳага кириб келаётган ёшлар айнан шу фаолият турини танламоқда? Журналист Мукаррам Отамуродованинг мақоласи юқоридаги саволларга жавоб топишга ёрдам беради.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

НЕГА БЛОГЕРЛАРНИНГ “КЕТМОНИ” УЧМОҚДА?

Бугун кундалик луғатимиздан фаол ўрин эгаллаган “блог” ва “блогер” сўзлари ҳаётимиз ва тафаккуримизни ҳам ўз домига тортмоқда. Кўпчилик эса журналист сўзини блогер атамаси билан алмаштириб ҳам улгурди.

Аввало, бу тушунчанинг пайдо бўлиш тарихи ва ривожланиш босқичларига назар солсак. Яқин тарихда биринчи блог сифатида тилга олинадиган “Links.net” 1994 йил америкалик эркин журналист Жастин Ҳолл томонидан яратилган. Асосан яратувчининг шахсий қайдларидан иборат бўлган бу саҳифа ҳозирги кўринишдагиларидан мутлақо фарқ қиларди. Асосчи унда кун тартибидан ўрин олган воқеалар, режалари ва ўй-фикрларини баён қилиб борган. Бир сўз билан айтганда, илк блогларнинг ижтимоий қамрови замонавий авлодлариники каби кенг бўлмаган.

“Weblog” атамаси ва блогерлик фаолияти бевосита Жорн Бежер номи билан боғлиқ. 1997 йилнинг 17 декабрида у мазкур сўзни ва ўз блогини оммага тақдим этди. Айни шу йилда Шарлотте Обсервер ҳам ўз блоги билан кузатувчилар диққатини торта бошлади. Журналист Жонатан Дабб эса блогерлик фаолиятига ўзига хос, яъни журналистик ёндашув билан кириб келди. Унинг ҳар бир пости долзарблиги, ҳали ҳеч ким хабар топмаган янгиликлардан иборатлиги билан барчанинг эътиборини тортди.

Кўриб турганингиздек, журналистика каби у қадар олис ўтмишга эга бўлмаган блогерлик фаолияти 2000-2004 йилларда тезлик билан ривожлана борди. 2005-2010 йилларда муваффақият чўққисини забт этди. Техника тараққиётининг жадаллашиши унинг ривожига раҳнамолик қилди, десак тўғри бўлади. Чунки компьютер ва қўл телефонларининг замон ва макон қаршиликларини парчалай олиш имконияти блогларнинг тезкорлигига хизмат қилди. Бугун ОАВ мухбири эшитган ёки гувоҳ бўлган янгилигини таҳририятга келиб, ёзиб, таҳрир қилиб ва ўқувчига етказаман дегунича, бу маълумот блогерларнинг воқеа жойидан қилган постлари сабаб, дарров эскириб қолади.

Бугун босма нашрларнинг “оёғидан чалаётган” блогларнинг нима афзаллиги бор? Нега аксарият журналистлар ва бу соҳага кириб келаётган ёшлар айнан шу фаолият турини танламоқда?

Биринчи савол билан айримларга юзлансангиз: “Ахир биз XXI асрда яшаяпмиз-ку. Интернет турганда, қоғоз варақлаб ўтираманми?”, деган жавобни оласиз. Ўйланиб қолади киши, фақат ўзбекистонликлар йигирма биринчи асрда яшаяптими? Агар бутун дунё шу асрни бошидан кечираётган бўлса, нега унда техника тараққиётида биздан анча илгарилаб кетган давлатларда ҳали ҳам газета ўқишяпти? Ёки улар биздан тараққиётда ортдами?..

Жавоблар турлича. Кимдир бу ҳолатни халқнинг маънавий даражаси билан боғласа, яна кимдир нашрларнинг салоҳият кўрсаткичларини важ қилади. Аслида ноширда ҳам, муштарийда ҳам айб бор. Бири анча йиллардан буён эшитганини хонадан чиқмай, ўтириб ёзишга ўрганиб қолганди. Иккинчиси эса вақт тиғизлигини рўкач қилиб, қисқа хабарларга уста бўлган блогерлар томонга “ўтиб олди”.

Бугун журналистика соҳасига қадам қўяётган ёшларнинг аксарияти ўз блогини яратишга интилмоқда. Ҳатто шу йўналишдаги университетларда ўқиса ҳам дарс қолиб, айрим блогерлар тренингида иштирок этишни маъқул кўрмоқда. Улар қандай қилиб кўп ўқувчи йиғиш, қандай қилиб қизиқарли ёзиш сирларини ўргатармиш.

Қизиқарли ёзишнинг сири аслида кўп ўқиш ва тинимсиз машқ қилишда эканлигини уларга ким тушунтиради? Ўша блогерларнинг ўзи қандай билим даражасига эга? Кўп фоизини журналистикага алоқаси бўлмаган кишилар қизиқарли ёзишни кимдан ўрганишган? Яқинда, www.blogging.org сайти жорий йилнинг энг омадли ва кўп даромадли блогерлари рўйхатини эълон қилди. Ўн беш машҳурни ўз ичига олган мазкур рўйхатдагиларнинг аксарияти жамиятга ахборот етказиш соҳасида махсус таълим кўрмаган кишилардир. Ҳатто “SparkToro” блогининг муаллифи Ренд Фишкин бу фаолият билан шуғулланиш учун коллеж дипломининг ҳам кераги йўқ, деб ҳисоблайди. Балки унинг ўзи коллеждан ҳайдалгани учун шундай ўйлар, бироқ оммага ахборот берувчи киши маълумотсиз бўлиши мумкинми? Ахир ахборот ёзишдан мақсад фақат ўқувчини хабардор қилиш эмас, ўқувчининг тафаккурини кенгайтириш, маълумот хавфсизлигига жавоб бериш ҳам демакдир.

Аслида чуқур билим ва тафаккурга эга бўлган кишигина қизиқарли ёза олади. Қалами ўткир журналистларнинг этагидан маҳкам тутиб, уларнинг тажрибасини ўзлаштириш эса муваффақиятнинг калитидир. Борингки, бугун мамлакатимизда амалда натижага эришаётган блогерлар тараллабедод қилиб юрганидан эмас, ёзмоқчи бўлган соҳасига жиддий ёндашаётганидан, тинимсиз изланаётганидан, деб ҳисоблаш мумкин. Яъни, ҳар қандай соҳада ҳам йўлнинг енгилини излаган одам хато қилади. Масалан, блогерликни шунчаки пиар, деб тушуниш, бу йўлда ғирром йўлдан бориш, “белдан пастига” уриш номард одамнинг иши. Бундай “блогер”дан жамиятга наф йўқ.

– Яхши ёзишнинг калити – тинимсиз ижодий машқ қилишда, – дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев. – Талаба қанча кўп ёзиб, ўчириб ва яна ёзишда давом этса, шундагина қизиқарли мақола тайёрлай олади. Бунда ҳеч қандай блогернинг дарсига бориш шарт эмас. Ундан кўра, устозларнинг амалий тажрибасини ўзлаштирган маъқул. Уларни ўрни келганда, саволларга кўмиб ташлаб бўлса ҳам бой билим манбаларидан ниманидир олишга эришган талаба яхши ва қизиқарли ёза олади. Ҳозирги талабаларимизда қизиқувчанлик етишмайди. Дарсга кирган ўқитувчини саволлар билан “тошбўрон” қилиб, ундан ҳеч қайси блогер бера олмайдиган билимни олишлари керак.

Бир сўз билан айтганда, блогерлик фаолиятининг вақт билан ҳамқадамлигини рад этиш мақсадга мувофиқ эмас. Соҳага профессионал ёндашаётганлар, мақсадни тўғри қўйганларнинг хизматини эътироф этмоқ жоиз. Демоқчимизки, макарон нон ўрнини боса олмайди. Тезкор, аммо тафаккурни тўйдира олмайдиган мақола, соҳага нопрофессионалларча ёндашиш кун келиб онг билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

 

Мукаррам ОТАМУРОДОВА

2019 йил 10 июль, 27-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар