ТРАНСПОРТ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?

159
Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида туризм инфратузилмасини яхшилаш масаласи атрофлича муҳокама қилиниб, унинг бир қатор асосий сабаблари ўрганилди. Бу ўринда бевосита туризм билан боғлиқ бўлган транспорт соҳаси ҳам эътибордан четда эмас. Журналист Юнус Бўронов томонидан мутасаддилар, мутахассислар, оддий одамлар ва сайёҳлар фикрлари асосида транспорт инфратузилмасидаги нуқсонлар ҳамда камчиликлар мисолида бунинг сабаблари таҳлил этилди. Қуйида ана шу таҳлилларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

СОҒЛОМ РАҚОБАТГА НИМА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛЯПТИ?

 

 

Ўтган йили Саудия Арабистонидан Грузияга 74 минг, Озарбайжонга 54 минг ва Малайзияга 33 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ўзбекистонга эса ушбу мамлакатдан бор-йўғи 821 нафар меҳмон зиёратга келган. 2018 йил мобайнида саудияликлар биргина Малайзияда 916 миллион (салкам 1 миллиард!) доллар сарфлашган. Бу битта давлат саёҳатчиларидан келган даромад.

Шу ўринда табиий савол туғилади. Имом Бухорий, Ат-Термизий, Ал-Фарғоний каби ислом оламининг бутун дунёга машҳур олиму алломалари юрти — Ўзбекистонга нега хорижлик меҳмонлар оқими суст? Келинг, мутасаддилар, мутахассислар, оддий одамлар ва сайёҳлар фикрлари асосида транспорт инфратузилмасидаги нуқсонлар ҳамда камчиликлар мисолида бунинг сабабларини таҳлил этишга ҳаракат қилсак.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида туризмни жадал тараққий эттириш орқали 2025 йилгача юртимизга ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга, ундан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш лозимлигини таъкидлаганди. Бугун туризм инфратузилмасини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар қанчалик самара беради? Бунга нималар халақит бермоқда?

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида ушбу масала атрофлича муҳокама қилиниб, унинг бир қатор асосий сабаблари ўрганилган. Ушбу омиллар қаторида сайёҳларнинг мамлакатимиз бўйлаб эркин ҳаракатланиши учун транспорт хизмати кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган, деган нотўғри тасаввур мавжудлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Аслида ҳам бу нотўғри тасаввурми? Мақоламиз аввалида фақат Саудия Арабистони сайёҳлари энг кўп ташриф буюрадиган давлатлар рўйхатини бежиз келтирмадик. Жидда (Саудия Арабистони)дан Куала Лумпур (Малайзия)гача бўлган масофа 7000 километрни ташкил этади. Бунинг учун 8 соату 40 дақиқа парвоз қилинади. Чипта нархи эса 509 доллардан бошланади. Саудия Арабистонининг мазкур шаҳридан Тошкентгача бўлган масофа 3500 километрни ташкил қилгани баробарида, 4 соату 40 дақиқа училади. Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси чипта нархлари 870 доллардан бошланади. Масофалар тенг ярмига фарқ қилишига қарамай, нархдаги тафовут деярли 35 — 40 фоизни ташкил қилмоқда.

Демак, мамлакатимизда транспорт тизимида сақланиб қолаётган монопол тизим биргина сайёҳлик ривожидаги энг катта тўсиқ, дейиш мумкин. Хулосамизни далиллар билан бойитсак.

“Бир йилда икки баробар қимматлашди”

— Алмати шаҳрига бориш учун Тошкентдан поезд чипталарини қидирдим, — дейди ziyo.uz сайти асосчиси ва блогер Давронбек Тожиалиев. — Бугунга бор экан (2019 йил 19 июнь). Тезюрар “Тальго” поезди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ сайтига кириб, нархини билдим: энг арзон билет 328 824 сўм. Купе — 756 931 сўм, люкс — 1 091 103 сўм. Сайтда ёзилишича, чипта нархи билан бирга воситачилик йиғими ҳам олинаркан. МДҲ давлатларига қатнайдиган поездлар учун 70 000 сўм. Жами 400 000 сўмга яқин бўларкан. Қимматлик қилди.

Бор-е, дедим-да Черняевкадан Чимкентга йўлга чиқдим. Таксида 1500 тенге (33000 сўм) билан Чимкент темир йўл вокзалига етиб олдим. Шу ердан айни Тошкент — Алмати поездига Чимкентдан Алматигача чипта олдим: 3800 тенге (83600 сўм). Тошкентда 400000 сўм бўлган чипта Чимкент орқали менга 116600 сўмга тушди. Ўша рейс, ўша поезд, ўша вагонлар, ўша йўл. Тошкент — Чимкент оралиғидаги масофа 130 км. холос. Чипта нархи эса камида 3 баравар арзон.

— Ўтган йили июль ойида Тошкент — Париж — Тошкент рейсининг чиптасини 3 600 000 сўмга сотиб олган эдим, — дея сўзини давом эттиради блогер Феруз Аллаев. — Нимадир чегирмалар беришганди. Чиптанинг ўртача нархи адашмасам, 4 200 000 сўм эди. Бу йил ҳам июль ойига Парижга чипта олмоқчи бўлдим. Чипта нархи 6 150 000 сўм. Нарх чегирмадаги қийматдан 2 550 000 сўм, яъни 300 долларга ошган. Шунинг учун ҳам Истанбул орқали учишга қарор қилдим.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хизматида ҳам муаммолар бисёр:

— Темир йўл кассаларидаги муаммоларга, сансалорликларга ҳам қачондир чек қўйилармикин, — дейди Хўжайли туманилик Давронбек Юсупов. — Ўзим тадбиркорман, тижорат ишлари туфайли қўшни мамлакатларда ҳам жуда кўп сафарда бўламан. Муаммонинг туб моҳияти шундаки, бизда темир йўл чипталари жуда қиммат. Боз устига, бор чиптани ҳам бронь қилинган, чипта йўқ, дея сарсон қилишади. Ишонмасангиз, Хоразм ва Қорақалпоғистонга бўм-бўш қатнаётган поезд вагонларига чиқиб кўринг. Бундан кўзланган мақсад нима?

Мутахассис фикри: 
“Имкониятларимиздан оқилона фойдалана олмаяпмиз”

— Авиақатновлар кам, чипталар нархи эса осмонда. Бугун дунёда транспорт ҳаракатларининг 80 фоизи сувда амалга оширилади. Атиги 20 фоизигина авиа, темир йўл ва автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келади, — дейди самарқандлик олий даражали гид-таржимон Ўктам Ражабов. — Бизда сув транспорти йўқ. Шундай экан, мавжуд имкониятларимиздан ҳам оқилона фойдалана олмаяпмиз. Бизга мурожаат қилаётган сайёҳларнинг аксарияти авиачипталарнинг қиммат эканлигидан шикоят қилишяпти. Бу, ўз навбатида, юртимизга хорижлик меҳмонлар оқимининг кенгайишига асосий тўсиқ бўлмоқда. Улар жон деб бизнинг қадим шаҳарларимизни кўришни, осориатиқаларимиз билан яқиндан танишишни хоҳлашади. Мана, масалан, Туркия давлатини олинг. Барча қатновларга авиачипта нархлари арзон қилиб белгиланган. Нега? Чунки қанча сайёҳ кўп келса, мамлакат шунча ривожланади. Савдо, умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари тизими юксалади. Туризмни ривожлантириш учун биз, аввало, шу жиҳатларга жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Мутасаддиларнинг жавоби аниқ: “Биз монополист эмасмиз”

Жорий йил 20 июнь куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилганди. Унда ижтимоий тармоқларда сўнгги пайтларда Миллий авиакомпанияга нисбатан кўп қўлланилаётган монополия масаласи кўтарилганди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Бош директори биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов бу саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

— Негадир шу масала кўп кўтарилади. Тўғри, биз республика ҳудудидаги ягона авиаташувчимиз. Лекин монопол ташкилот эмасмиз! Бизнинг ҳеч кимга қаршилигимиз йўқ, авиакомпания очсин, марҳамат — ишласин. Аксинча, соғлом рақобатда ривожланиш бўлади. Самолёт сотиб олсин, учувчи топсин, зарур ташкилотлар билан келишсин, ишлайверсин.

Маълумот ўрнида таъкидлашни истардимки, бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК аэропортларидан 63 та халқаро йўналиш бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. 2017 йилда уларнинг сони 58 та эди. Ўтган йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар тўртта янги йўналиш очилди — Мумбай (ҳафтасига 3 қатнов), Владивосток (ҳафтасига 1 қатнов), Жидда (ҳафтасига 3 қатнов) ва Жакарта (ҳафтасига 2 қатнов).

2018 йил якунига кўра, Миллий авиакомпания ўз тарихида илк маротаба уч миллионлик босқични босиб ўтиб, 3 миллион 173 минг йўловчини ташиди. Бу эса 2017 йил кўрсаткичига нисбатан 117 фоиз кўп деганидир. Бундан 1 миллион 91 минг йўловчи узоқ хориж мамлакатларига, 1 миллион 477 минг — МДҲ йўналишларида ва 606 минг йўловчи ички йўналишларда ташилди. Ушбу йўловчиларнинг 800 мингдан ортиғи хорижий фуқаролар, шу жумладан, 56 минг нафари Қозоғистон, 16 минг нафари Тожикистон ва 12 минг нафари Қирғизистон фуқароларидир. Россия Федерацияси, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон Республикаси, Корея Республикаси Миллий авиакомпания учун асосий йўловчи ташувлари бозори ҳисобланади.

Авиакомпаниямиз томонидан 2018 йилда чегирмалар тақдим этилди — вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия Федерациясига сафарга чиққан шахсларга иқтисодий класс минимал тарифидан 20 фоиз миқдорида (48,9 млрд. сўмлик 33 450 дона чипта сотилган бўлиб, ушбу тоифадаги жисмоний шахсларга берилган чегирма 9,9 млрд. сўмни ташкил этди). Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисига — 50 фоиз миқдорида. Шунингдек, чет эллик сайёҳлар учун халқаро қатновларда тарифлар 30 фоизгача пасайтирилди.

У.Ҳусановнинг сўзларига МАК молиявий иқтисодий департаменти директори Алишер Сатторов қўшимча қилди:

— Лоукостер, монополия бўйича кўпчиликни битта масала қизиқтиради. Арзон нархлар, қулай хизмат. Мана, масалан, ўтган йили қиш мавсумида биз энг кўп қатнов уюштириладиган Москва йўналишидаги нархларни 80 еврогача туширдик. Мана шуни лоукостер аломатлари, монополия сусайгани сифатида баҳолаш мумкин. Қолаверса, Россиядан туристик оқим ошиб бормоқда ва кўпчилик бизнинг хизматлардан фойдаланмоқда. Ҳолбуки, Россиядан бизга учиб келишда 9 та авиакомпания хизмат кўрсатади. Демак, бизни танлашлари бежиз эмас.

“Очиқ осмон” сиёсати

БМТнинг Туризм бўйича халқаро агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда бутун Яқин Шарқдаги халқаро туризмдан келадиган даромаднинг учдан бир қисми айнан Дубай ҳиссасига тўғри келади. Унинг сайёҳликдан оладиган даромади 2017 йилда 31 фоиз ошиб, 77 миллиард дирҳам (21 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил этди. 2017 йилда мазкур шаҳарга ўртача 16 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди, 2020 йилда эса ушбу кўрсаткични 20 миллион нафаргача етказишга ҳаракат қилинмоқда.

Сўнгги ўттиз йил давомида мутлақо чўлда дунёнинг энг йирик мегаполисларидан бирига айлантирилган Дубайга бугун сайёҳлар нима учун интилмоқда?

Мутахассисларнинг фикрича, энг сўнгги меъморчилик ютуқлари асосида қад ростлаган осмонўпар бинолари билан бутун дунёни ҳайратга солаётган мазкур шаҳарга бошқа кўплаб омиллар қатори йўл харажатларининг нисбатан арзонлиги ҳам чет элликлар оқими муттасил ўсишини таъминламоқда.

Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ўз кундаликларида шундай ёзади:

“1970-йиллар охирида биз Дубайда “Очиқ осмон” сиёсатини юрита бошладик.

Аэропорт кўпроқ авиакомпанияларни жалб қилиш мақсадида қурилди. Биз дунёдаги ҳар қайси авиакомпания Дубай аэропортида исталган миқдорда қўниш сонини бронь қилиш ҳуқуқига эга, деб эълон қилдик.

“Очиқ осмон” сиёсатининг мақсади бизнинг рақобатбардошлигимизни ошириш ва иқтисодиётнинг янги тармоқларини ривожлантиришдан иборат эди…

…1985 йил 25 октябрь куни укам, шайх Мактум билан бирга эндигина ташкил қилинган “Эмирейтс Эйрлайн” авиакомпаниясининг биринчи рейси билан Карачига йўл олдик. Янги авиакомпанияни эксплуатацияга киритиш жараёнидаги асаббузарликлардан ҳориган бўлсак-да, жуда завқ-шавққа тўла эдик. Бу ҳали узоқ ва мураккаб йўлнинг бошланиши эканлигини билардим.

Бугун “Эмирейтс Эйрлайн” энг яхши авиаташувчи сифатида кўплаб халқаро мукофотларга сазовор бўлди. У 30 йилдан ортиқроқ даврни қамраб олган узоқ ва самарали тарихга эга. 2018 йилда унинг умумий даромади 28 миллиард долларни ташкил қилди. 100000 кишилик жамоа ва 260 та кенг фюзеляжли самолёт паркига эга авиакомпания бутун дунё бўйлаб йилига 60 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади”.

Халқаро тажрибадан олинган сабоқ шуки, нафақат сайёҳлик, балки миллий иқтисодиётни ривожлантиришимиз учун ҳам мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Тизимда ҳалол рақобат ва шаффофлик таъминланмас экан, муаммо эса муаммолигича қолиб кетаверади. Моҳият ўзгармайди.

Юнус БЎРОНОВ, 

“Халқ сўзи”.

2019 йил 9 июль, 139-сон

“Халқ сўзи” газетаси

 

Бошқа хабарлар