ЮЗАКИ «ТАДБИР»ЛАР НАТИЖАСИ…МИ?

126

 

Ёшлар келажагимиз деб кўп бора такрорлаймиз. Бугунги кунда уларнинг тарбияси жиддий ёндашувни талаб этадиган масалалардан бири саналиб қолмоқда. Ижтимоий тармоқларни кузатиб борар эканмиз ҳар куни бирор бир ёшнинг хурмача қилиғига гувоҳ бўламиз. Бу сафар кун қахрамонлари Самарқанд вилояти ёшлари. Ёрмамат Рустамовнинг мақоласидан ўрин олган мавзуда жамоатчиликнинг фикрлари жамланган. Ўйлаймизки, ушбу фикрлар сизни  ҳам бефарқ қолдирмайди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ЗАМОНАМИЗ ЁШЛАРИ КИМДАН ЎРНАК ОЛЯПТИ?

 

Ёшларнинг бу хатти-ҳаракатини ҳар биримиз қоралаймиз, уларнинг бундай ишларга қўл уришини таълим-тарбиясидаги камчилик деймиз, лекин кўпчилигимиз шу пайтгача бундай ёшлар билан суҳбатлашиб, орзу-ниятинг нима, қандай мақсадинг бор, деб сўрамаганмиз

Аввалроқ бошига чиқинди челагини кийдириб, бувиси тенги онахонни калака қилган ўспиринларнинг хурмача қилиғи, кейинчалик Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳайкали устига, ҳаттоки, унинг бошига ўтириб олган ёшлар, энди эса трамвайдаги йўловчиларнинг юзига аэрозол суюқлигини сепиб қочаётган мактаб ўқувчилари…

Хўш, сўнгги бир йил нари-берисида Самарқанд вилоятида ёшлар, айниқса, ўспиринлар иштирокида рўй берган ҳамда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бу воқеаларнинг таг-замирида нима ётибди? Аслида бу воқелар кўпчиликка маълум бўлганлари. Маълум бўлмаганлари яна қанча? Умуман, ёшлар тарбияси, уларни «ҳар томонлама камол топтириш» борасида амалга оширилаётган юзаки «тадбир»ларимизнинг натижаси эмасмикан бу?

 

«Тўқликка шўхлик» деганлари шуми?

Эътибор қилган бўлсангиз, юқоридаги воқеаларнинг иштирокчилари, асосан, шаҳар мактабларининг ўқувчилари. Ҳақли савол туғилади: нима учун ёшлар орасида юз бераётган ҳуқуқбузарлигу жиноятларнинг аксарияти яшаш шароити нисбатан яхши бўлган шаҳарларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда? Нима бу, тўқликка шўхликми?

Аслида қишлоқ боласида бунақа ишлар учун вақт ҳам, шароит ҳам йўқ. Ҳозир уларнинг кўпчилиги далада, ота-оасининг ёнида меҳнат билан банд. Ҳар куни ишдан қайтаётиб, саратоннинг жазирама офтобида куйиб пахта чопиқ қилаётган ёки ғалладан бўшаган майдонда тиззасидан тупроқ кечиб, ота-онаси ёнида экин экаётган, ёзги таътилни оромгоҳларда эмас, ариқ бўйлари, яйловларда мол боқиб ўтказаётган қишлоқ болаларини кўраман. Улар шаҳар ёшларидек гўзал истироҳат боғларию оромгоҳлар, тунги клублару театрлар, концерт залларига боролмайди. Чунки бу болалар боқаётган қўйи тезроқ семирса, эртага мактабга бориши учун кийим-бош, дафтару китоб бўлишини, бугун тупроққа қадаётган картошка ёки ловияси эртага унинг дастурхонига нон бўлиб келишини яхши билади. Сабаби, уйдаги тарбия, оиладаги муҳит шунга қаратилган.

— Тўрт ўғил, икки қизим бор, қишлоқдаги фермер даласида оиламиз билан ишлаймиз, — дейди иштихонлик Шавкат Турдиев. — Қилган меҳнатимиз эвазига фермер бизга ғалла, ғалладан бўшаган майдонга иккинчи экин экиш учун ер ажратиб беради. Ризқимиз, бир бурда нонимизни пешона тери билан топамиз. Менимча, болаларни ёшлигидан меҳнатга ўргатиш керак. Ёшлар қаерда меҳнат билан банд бўлса, ўша ерда бунақа воқеалар бўлмайди. Хўш, шаҳарда-чи? Уйда дастурхон тўкин, қаерга борса тагида машина, ота-онаси қўлига пул бериб турибди. Уйдагилар ишга кетишади. Айни ўтиш жараёнида турган ўспирин уйда, катта ҳовлида ғирт бекорчи. Сал ақли ишласа, китоб ўқиса, бирор тўгаракка қатнаса-ку, яхши. Аммо бундай бўлмаса-чи? Телевизор қаршисига ётиб олиб, куни билан сериал ёки ур-сурдан иборат кино кўради, интернетдаги тутуруқсиз сайтларга киради. Бунинг натижасида кўчага чиқиб, юқоридагидек хурмача қилиқлар қилади.

Ёшлар ҳаётига қизиқмаётганимизга анча бўлди…

Хўш, ёшларнинг миясини заҳарлаётган ғалати «эрмак»лар қаердан пайдо бўляпти? Наҳотки, улар шу қилиғи билан ҳузурланса? Бу ҳаракатларини қаҳрамонлик ҳисоблашса? Бошқа эрмак топилмаяптими?

— Бизнингча, уларнинг қўлига бериб қўйганимиз — қимматбаҳо телефону смартфонлар ёшларнинг онгини, миясини заҳарлаётган ўргимчак тўрларидир, — дейди Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиев. — Рўй бераётган жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг асосий илдизи ҳам ана шунда. Яна бир гап. Оилада фарзанд тарбияси учун, энг аввало, ота-она масъул бўлмоғи лозим. Мактаб ҳам, қолган жамоат ташкилотлари ҳам бу борада ота-онадан анча кейинда туради.

Юзига тиббий ниқоб таққан ўсмир трамвайга чиқиб, йўловчиларнинг юзига суюқлик сепган. Нега? Нима учун? Ахир, ўша суюқлик… худо кўрсатмасин, кислота бўлиши ҳам мумкин эди-ку! Бу «қаҳрамонлар» саккиз нафар. Ҳаммаси мактаб ўқувчиси. Энг ёмони, уларнинг орасида қизлар ҳам бор!

Бу нимани англатади? Демак, ўспиринлар билан ҳеч ким жиддий шуғулланмаяпти. Соатлаб тадбирбозлик, мажлисбозлик қилгандан кўра, ёшлар ҳаётига тийрак кўз билан эътибор қаратиш маъқул эмасми? Таассуфки, келажагимиз бўлган ёшлар ҳаётига қизиқмаётганимизга анча бўлди. Биз кўпроқ ўз ҳаловатимизни ўйлаймиз, бошқаларга нисбатан бепарвомиз. Бу лоқайдлигимиз ёшларни тобора дангаса, бекорчи, боқиманда ва шафқатсиз қилиб қўймоқда.

«Самарқанд учун ярашмаган иш бўлди»

Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, юқоридаги воқеа «Темирйўл вокзали — Сартепа» йўналишидаги 1-трамвай «Чой қадоқлаш фабрикаси» бекатида тўхтаб турган вақтида содир этилган. Шу куни соат 19:40 атрофида 2003 йилда туғилган Д.Т. трамвайга чиқиб, йўловчиларнинг юзига номаълум суюқлик сепади. Йўловчилар орасида бўлган, унинг олдиндан келишган «шериклари» эса атайин ўзларини ҳушини йўқотганликка солишади. Трамвайдаги бошқа йўловчилар эса воқеадан қўрқувга тушиб, қочиб кетишади.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида «саҳналаштирилган» «пранк» Самарқанд шаҳрида яшовчи, ўзаро таниш бўлган 8 нафар вояга етмаган шахс — 5 нафар ўғил бола, 3 нафар қиз томонидан ташкил этилгани ва улар ўртасида ушбу «саҳна»даги роллар ўзаро тақсимлангани аниқланди. Улар ҳудуддаги 33-, 42-, 43-умумтаълим мактабларида таҳсил олишади.

Хўш, ўқувчилар нега бу ишга қўл урди, улар кимнинг фарзанди, қайси маҳаллада яшайди?

— Ушбу ҳолат ҳақида маълумот олганимиздан сўнг вилоят ички ишлар, халқ таълими бошқармалари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъуллари билан биргаликда ўқувчилар таълим олаётган муассасаларда бўлдик, ота-оналар, маҳалла аҳли билан учрашдик, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Ғофур Бобобеков. — Воқеанинг келиб чиқиш омиллари муҳокама этилди. Ҳеч ким бу ёшлардан бундай ҳаракатни кутмаганини маълум қилди. Албатта, бу барча учун кутилмаган ҳолат бўлса-да, аввало, Самарқанд учун ярашмаган иш бўлди. Бунинг учун ота-оналар ҳам, таълим муассасалари ўқитувчилари ҳам, маҳалла ва ёшлар ташкилоти ҳам айбдор.

— Набирамнинг тарбиясига ҳозирча мен масъулман ва унинг бу ишга аралашиб қолгани учун барчадан узр сўрайман, — дейди воқеа иштирокчиларидан бири бўлган Р.Б. нинг бувиси Лола Муҳаммадиева. — Эътиборсизлигим, унинг ким билан дўстлашгани, нима иш билан машғуллигидан бехабарлигим туфайли бу воқеа содир бўлди. Энди набирам таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланаман.

— Бу ўқувчиларимиз мактабда яхши ўқийди, ўтказиладиган оммавий ва маданий тадбирларда ҳам фаол иштирок этар эди, — дейди Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Гулноза Худойқулова. — Шу боис мазкур хунук ҳолат ҳақида эшитганимизда аввалига ишонмадик. Ўқувчилар айни пайтда таътилда бўлса-да, уларнинг бундай номақбул ишларга қўл уришига биз ҳам ўзимизни айбдор деб биламиз.

Маҳалла фаоллари нима дейди?

Мазкур ўқувчилар яшайдиган Самарқанд шаҳридаги «Каттаариқ» ва «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғинларининг оқсоқоллари, фаоллари ҳам ҳолат юзасидан ўз муносабатларини билдиришди.

— Вояга етмаган ёшларнинг бу хатти-ҳаракатини ҳар биримиз қоралаймиз, уларнинг бундай ишларга қўл уришини таълим-тарбиясидаги камчилик деймиз, лекин кўпчилигимиз шу пайтгача бундай ёшлар билан суҳбатлашиб, орзу-ниятинг нима, қандай мақсадинг бор, деб сўрамаганмиз, — дейди «Каттаариқ» йиғини раиси Меҳриддин Орипов. — Бугун таътил пайтида болалар вақтини қаерда, қандай машғулот билан ўтказяпти — буни нафақат ота-оналар, аслида маҳалла-кўй ҳам сўраши керак. Афсуски, маҳаллаларимизда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун имконият йўқ. Ўзимизнинг ҳудуд мисолида айтадиган бўлсам, болалар майдончаси шу кунларда автотураргоҳга айланиб қолган. Шундай бўлгач, болалар қаерда ўйнасин, вақтини қаерда ўтказсин? Интернет-кафега боради, телефонида турли ўйинларни ўйнайди ва охир-оқибат мана шундай ҳолатлар келиб чиқади. Бугун масъулиятни бир-биримизга ташламасдан оила ҳам, мактаб ва маҳалла, қўни-қўшни ҳам ҳар бир бола тарбияси, келажаги учун жавобгар эканини ҳис қилиши керак. Бу болалар билан содир этган вазият барчамизга сабоқ бўлиши лозим.

Воқеа юзасидан билдирилган мулоҳазалардан англашилган асосий фикр шу бўлдики, кўпчилик ота-оналар фарзандларини бобо ва бувилари ёки бошқа шахслар ихтиёрига топшириб, хорижга ишга кетаётгани улар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда. Ҳар бир ота-она фарзандининг бекаму кўст улғайишини истайди, аммо унга биринчи навбатда, уларнинг тарбияси, ўгити, шахсий ибрати зарур. Ҳеч нарсадан зориқмай ўсган фарзанднинг тарбиясида кемтиклик бўлса, уни кўча муҳити тарбияласа, ота-онанинг бугун чекаётган шунча заҳмати эртага бир пул бўлиши, барча орзу-умидлари саробга айланиши ҳеч гап эмас.

Мулоҳазаларимизни атоқли адиб Абдулла Авлонийнинг қанча вақт ўтса-да, ўз қадрини ва аҳамиятини йўқотмайдиган қуйидаги сўзлари билан якунламоқчимиз: «Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё фалокат… масаласидир».

 Ёрмамат РУСТАМОВ,

«Mahalla»

2019 йил 11-18 июль, 31-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар