Ходим ишга тикланди

147

Касаба уюшмаси аралашгач…

Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига Бухадичахон Жўраевадан ноҳақ ишдан бўшатилганлиги юзасидан мурожаат келиб тушди.

Ўрганиш жараёнида Фарғона тумани ҳокимининг 2018 йил 9 октябрда чиқарган қарори билан Фарғона туманининг 2-сонли ФҲДЁ бўлими ходими Б.Жўраева билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-банди 2-қисми талабларига зид равишда бекор қилингани аниқланди.
Ҳолбуки, Меҳнат кодексида ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши бўйича иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида давлат муассасаларида меҳнат қилувчи ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби тармоқ идора органлари қабул қилган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга биноан белгиланиши ҳамда меҳнат шартномаси фақат ходим саломатлиги барқарорлиги доимий ёмонлашгани, натижада соғлиғи ҳолатига кўра ушбу вазифани бажариш тиббий кўрсаткичларга кўра амалга оширилиши кўзда тутилган. Бироқ фуқаро Б.Жўраева билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинишида юқоридаги ҳолатларнинг мавжудлиги бирон-бир ҳужжат билан асослантирилмаган.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 101-моддасига зид равишда Фарғона туман ҳокимлиги меҳнат жамоасининг 2016 йил 25 январдаги умумий йиғилишида 2016 – 2018 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 3.3-бандида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилигини олиш белгиланган бўлсада, бу қоидага риоя қилинмаган.
Бирлашма кенгаши юқоридаги ҳолат бўйи­­ча Бухадичахон Жўраевани ишга тиклаш ҳамда унга мажбурий юрган прогул кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни кўзда тутиб, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Суд мазкур даъво аризасини қаноатлантирди ва Б.Жўраева ўз иш жойига тикланди.

Орзигул ҚОЗИХОНОВА,
Фарғона вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси
юридик бўлим мудири

Бошқа хабарлар