ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАШИНАСОЗЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – ЮҚОРИ ҲОСИЛДОРЛИК ВА ДАРОМАД ГАРОВИ

54

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Қишлоқ хўжалигида техника паркини мустаҳкамламай туриб сифат ва самарадорликка эришиб бўлмайди. Мамлакатимизда йиллар мобайнида турли қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва чуқур маҳаллийлаштиришга етарли эътибор берилмагани оқибатида техника паркининг йиллик янгиланиш даражаси 2-3 фоиздан ошмас эди.
Маълумки, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи (собиқ Тошкент трактор заводи) ҳам кучли иқтисодий рақобатга, замонавий бозор талабларига дош беролмай қолганди. Оқибатда бир пайтлар гуркираб ишлаган корхонанинг бино ва линиялари қаровсизликдан тўкилиб бораётганди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2016-2017 йилларда корхонада рақобатбардошликни таъминлаш, тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари тайёрлашни янги сифат даражасига кўтариш мақсадида ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйи­­ча инвестициявий лойиҳа амалга оширилди. Унинг биринчи босқичида қора ва рангли металларни пайвандлаш, қайта ишлаш, штамплаш, трактор кабиналари ясаш ва бошқа турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш, бўяш линиялари ишга туширилди.
Жаҳондаги илғор тажрибани ўрганиш ва кучли рақобатга чидамли замонавий техника воситалари ишлаб чиқариш учун АҚШ, Жанубий Корея ва Беларусь Республикасининг қишлоқ хўжалиги машинасозлигига ихтисослашган етакчи компания­лари билан ҳамкорлик ўрнатилди.
Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш учун соҳадаги ислоҳотларга янги суръат бағишлаш, тармоқда рентабелликни ошириш талаб этилади. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи заводга катта ўзгаришлар олиб келади. Корхона негизида янги заводлар ишга туширилиб, том маънода қишлоқ хўжалиги машинасозлиги саноати барпо этилади.
Жумладан, локализация даражасини ошириб, импортни қисқартириш мақсадида бу ерда 5 та корхона ташкил этиш режалаштирилган. Улардан бири умумий қиймати 42 миллион доллар бўлган металл қуйиш корхонасидир. Заводнинг 3 гектарлик бўш турган биносида ташкил этиладиган корхонада йилига 47 минг тонна халқаро стандартларга жавоб берадиган, юқори аниқликдаги металл қисмлар қуйи­лади.
Давлатимиз раҳбари ушбу корхона учун мўлжалланган бинони кириб кўрди.
Машинасозлик корхоналари учун металл қуйиш қуввати – энг муҳим масала. Бунингсиз маҳаллийлаштириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва таннархини пасайтиришга эришиб бўлмайди. Бу корхоналарни ишга туширсак, техникаларимиз рақобатбардош бўлади, фермерларимизга ҳамёнбоп маҳсулотлар етказиб берилади, деди Шавкат Мирзиёев.
Умумий қиймати 24 миллион доллар бўлган яна 4 та лойиҳа трансмиссия валлари, ғилдирак дисклари, кабиналар ва маҳкамловчи темир буюмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган. Ушбу лойиҳаларни ишга тушириш натижасида соҳада маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизга етказилади, маҳсулот таннархи 32 фоизга ва импорт йилига 116 миллион долларга камаяди.
Шунингдек, бу янги қувватлар нафақат «Ўзагротехсаноатхолдинг» корхоналари, балки «Ўзавтосаноат» тизимида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, юк машиналари ва автобуслар учун ҳам бутловчи қисмларни кооперация асосида етказиб беришни таъминлайди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга мазкур лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириб, келгуси йил ишга тушириш зарурлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев трактор йиғиш ва пайвандлаш цехлари, «Uz Clааs Аgro» Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
«Uz Clааs Agro» қўшма корхонасида 4 та ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлиб, улар Германиянинг «Clааs Central Asia Investment» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган «Dominator 130» комбайни, «Arion 630» ҳайдов трактори ва тиркамалар шундай русумдаги техника воситаларига қараганда унумдорлиги билан ажралиб туради. Барча турдаги техника воситалари зарур сертификатларга эга, халқаро стандартларга мос.
Президентимизга қўшма корхона томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳсулот турлари ва корхонани ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари локализация даражасини ошириш, янги қисмлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимиз Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида аграр соҳа машинасозлигини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди.
Тармоқда бозор механизмлари жорий этилаётгани, ғалла ва пахтанинг харид нархи оширилгани, мева-сабзавотлар экспорти кенгаяётгани натижасида деҳқон ва фермерларимизнинг даромадлари изчил ортиб бормоқда. Энди улар янги-янги техникалар олиб, иш самарадорлиги ва маҳсулотлар сифатини оширишга ҳаракат қилмоқда.
2018 йилда фермерларга 11,5 минг дона техника етказиб берилган. Ўтган йили 10 миллион доллар, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 15 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги техникаси экспорт қилинган.
Лекин бу мавжуд салоҳият ва талабга нисбатан жуда кам. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида йилига 11 мингдан зиёд техникага, жумладан, 4 мингта трактор, 500 та комбайн ва 5 мингдан зиёд осма-тиркама техникага эҳтиёж мавжуд. Бундан ташқари, 2022 йилгача 263 минг гектар, 2025 йилгача яна 1 миллион гектардан зиёд ерлар қайта фойдаланишга киритилиши боис бу эҳтиёж янада ошади.
Ҳозирги кунда мавжуд техникаларнинг 46 фоизи кўп муддатдан буён фойдаланишда бўлиб, яроқсиз аҳволга келиб қолган. Фермерлардаги техниканинг 97 фоизи пахта ва ғалла учун мўлжалланган.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар турларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил 1 октябрдан бошлаб иқтисодиётнинг барча жабҳалари қатори ушбу соҳада ҳам солиқ имтиёзлари бекор қилинаётгани тармоқ корхоналаридан янада фаол ишлашни талаб қилиши қайд этилди.
Аввало бозорбоп техникалар ишлаб чиқариш, таннархни камайтириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш корхоналар олдидаги энг муҳим вазифалар бўлиши кераклиги таъкидланди.
Кабина, бошқарув тизими, ғилдирак, тезлик узатгич, осма тизимлар каби асосий қисмлар локализация даражасини 32 фоиздан 56 фоизга етказиб, таннархни 30 фоизгача арзонлаштириш, шунингдек, маҳаллий корхоналар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш орқали йиллик импортни 20 миллион долларга қисқартириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Фермерларни қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашнинг барқарор молиявий механизмларини яратиш, техникаларга сервис ва таъмирлаш хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар етказиб беришни яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
Қишлоқ хўжалиги техникасини сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, тайёр маҳсулотлар билан бирга хизматлар экспортини ҳам кенгайтириш вазифаси қўйилди. Замонавий техникалар ишлаб чиқарувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бизга рақобатбардош техника керак, қўшимча қиймат зарур. Тизим корхоналарида минглаб одамлар ишлаши лозим. Бугун белгиланган мақсадларни ким амалга оширади? Мутахассис. Нима амалга оширади? Ақл, билим, меҳнат, деди Президентимиз.
Йиғилишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш режалари юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар