ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯ: ХАЛҚАРО ТАЖРИБАНИ ҚЎЛЛАЙ ОЛАМИЗМИ?

239

Мамлакатимизда коррупция иллати ҳамон барҳам топгани йўқ. Бунга қарши курашишда турли давлатларда турлича усуллар қўлланилади. Карим Баҳриевнинг мақоласида бу борадаги халқаро тажриба ўз аксини топган. Ундан унумли фойдаланиб, қонунчилигимизда акс эттирсак, мамлакатимиздаги мазкур салбий иллатнинг олди олинган бўлармиди?!
Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

«МОЛ-МУЛКНИ ПОРАГА ОЛМАГАН БЎЛСАНГ, ИСБОТЛА!»

ёхуд коррупцияни жиловлаш бўйича халқаро тажриба

 

Суюкли шоиримиз Абдулла Орипов суҳбатларимиздан бирида порахўрлик каби иллатларни одамнинг тирноқларига ўхшатган эдилар, яъни у тугамайди, ўсиб чиқаверади, фақат вақти-вақти билан мунтазам қирқиб туриш керак. Коррупцияни батамом енга олган мамлакат йўқ. Халқаро рейтингда биринчи ўринда турадиган Янги Зеляндия 100 баллдан 89 балл олган, холос. Аммо коррупцияни самарали жиловлай олган мамлакатлар бор. Уларнинг тажрибаси бизга фойдалидир. Шундай қилиб…

Олмония

Германия жамиятда коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли, шаффоф ва очиқ механизмларни яратган мамлакат. Transparency International ташкилотининг охирги ҳисоботига кўра, Германия 180 та мамлакат орасида 81 балл билан 12-ўринни эгаллаган. Оммавий ахборот воситалари бу ерда коррупция ҳолатлари ҳақида кескин материаллар ҳавола этади.

Коррупцияга мойиллик юқори бўлган ҳар бир соҳада ўзига хос кураш усуллари татбиқ этилган. Масалан, Давлат харидлари шаффофлашган — тендерлар ҳақида маълумотлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади, унинг ҳар бир босқичига (тайёргарлик, саралаш, тендер ва ҳисобга олиш) турли кишилар жавоб беради. Олмонияда коррупциялашган ташкилотларнинг «қора рўйхати» юритилади ва ҳар бир тендер ўтказилганда ёки шартнома тузилганда шу рўйхатга назар солинади.

Немис амалдорларини пора эвазига оғдириб олиш деярли имконсиз, чунки улар бир лаҳзада барча нарсадан – мансабидан, имтиёзлардан, жумладан, кафолатланган пенсиядан қуруқ қолишдан қўрқади.

Германиядаги сезиларли ўзгариш­ларга полиция ва прокуратурада коррупцияга қарши бўлинмалар кучайгани, аноним хабарлар учун «ишонч телефонлари» йўлга қўйилгани, жиноят ва солиқ полициясининг яқин ҳамкорлик қилганлиги сабаб бўлмоқда. Илм-фан: олимлар коррупцияга сабаб бўлувчи барча омилларни чуқур тадқиқ қилмоқда. Аён бўлишича, амалдорнинг пора олишга тайёргарлиги ушбу лавозимда икки йилдан ортиқ ишлаганидан сўнг ўсиб борар экан. Шунинг учун ҳокимият йирик буюртмалар тақсимоти ёки зарур рухсатнома бериш билан шуғулланадиган ходимларни тез-тез алмаштириш чораларини кўради. Амалдор бу мансабда узоқ қолмаслигини яхши билади ва кейинги ишини эгаллаши учун ҳалол ишлаши лозимлигини тушунади.

Олмонияда хизмат ва совғаларни олишга оид қатъий қоидалар жорий этилган. Амалдор ёки давлат хизматчиси ёхуд ваколатли шахс томонидан олинган ҳар қандай совға, хизмат ёки бошқа қандайдир наф пора ҳисобланиши мумкин. Масалан, талаба томонидан домла тавсия­нома ёзиб бергани учун миннатдорлик сифатида шоколад совға қилинса ҳам «ортиқча эътибор» ҳисобланади. У ҳеч қанақа совға олишга ҳақли эмас.

1998 йилда Олмонияга борганимизда Бош прокуратура, Олий Суд, Бундестаг (парламент) каби турли идораларда бўлдик. Ўзбекчилик – чопон, дўппи, пичоқ каби совғалар олиб борганмиз. Қайси идорага кириб раҳбариятига совға қилсак, аввал рад этади, жуда қўймасак, ходимини чақириб, қанча туришини сўраб, кирим қилиб, ҳужжатлаштириб қўяди. Чунки 5-7 доллардан қиммат нарса совғага олиш мумкин эмас экан.

Биз ўзбек мусаввири Исфандиёрнинг «Олтин куз» асари Лувр музейида сақланадиган Осиёлик замонавий рассомнинг ягона асари эканидан фахрланамиз. У қандай Луврга олинган? Бу Ўзбекистон раҳбари Франция Президенти Миттеранга совға қилган асардир. У ўзига олиши мумкин бўлмаганидан, музейга топширган.

Ўзбекистонда дори ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчиларнинг шифокорлар билан тил бириктириши кузатилади. Арзон дори турганда шифокор қиммат, кучли дориларни ёзиб беради… Германияда кардиостимулятор ишлаб чиқарувчилар ва шифокорлар ўзаро тил бириктириб, ноқонуний иш олиб борганлиги аниқланиб, қаттиқ чоралар кўрилган. Siemens ва Daimler компания­лари дунёнинг турли мамлакатларида мансабдор шахсларини пора эвазига оғдириб олиб, ўзлари учун фойдали битимларни қўлга киритишгани кенг қамровли суд ишлари, қамоқ жазолари, сиёсатчиларнинг истеъфога чиқишига, бир неча миллион евролик жарималарга олиб келди.

Олмонияда нодавлат нотижорат ташкилотлари коррупцияга қарши курашишда муҳим ўрин тутади. Улар аҳолининг хабардорлигини ошириш, порахўрлик ва коррупцияни қоралаш, жамоатчилик муҳокамасини ташкил қилиш, мазкур қабиҳ иллатга қарши ислоҳотларни илгари суриш борасида ўз сўзи ва овозига эга.

Эстония

Бу мамлакат коррупцияга қарши кураш борасида муваффақиятга эришган мўъжаз мамлакатлардан бири. 1990-йилларда Эстонияда коррупция ва уюшган жиноятчилик чуқур илдиз отган эди. Ушбу мамлакатда коррупция­га қарши курашишнинг асосий принцип­ларидан бири ахборот технологиялари хизматларининг бошқарувга ва давлат хизматларига фаол жалб қилингани бўлди. Бугунги кунда Эстония Европа иттифоқида IT-технология соҳасидаги илғор мамлакат ҳисобланади. Мамлакат тўлиқ бепул Wi-Fi билан, 98 фоиз ҳудуди эса симсиз интернет билан қамраб олинган.

Ахборот технологиялари ривожланиши коррупция муаммосини тубдан ҳал қилиш имконини берди. Биринчи галда бунга «электрон ҳукумат»ни жорий қилиш орқали эришилди. 2000—2005 йилларда мамлакатдаги ҳамма ҳужжатлар айланиши электрон шаклга ўтказилган ва барча эстонияликлар ягона маълумотлар базасига уланган. Амалдорларга керак бўладиган барча маълумотлар — иқтисодий статистика, суд, архив ҳужжатлари, тиббиёт карточкаси ва фуқаролар шикоятлари давлат маълумотлар базасида жойлашган. Тизим шундай яратилганки, ҳар қандай амалдор маълумотлар базасига кириб, фуқаронинг маълумотларига назар ташласа, унга ўзгартиш киритиш ёки киритмасликдан қатъий назар из қолдиради. Яъни ғаразли давлат хизматчисининг қилмишини бир баҳяда аниқлаш мумкин.

Мен айнан «электрон ҳукумат» тизимини ўрганиш учун 2015 йилда  Эстонияда бўлганман. Кўрганманки, ҳатто, қувуридан сув оққан киши сантехникка ҳам интернетдан буюртма беради, тиши оғриган киши стомотолог қабулига ҳам уйидан туриб ёзилади, фирма очмоқчи бўлган киши ҳам уйидан чиқмай, тегишли шаклни тўлдирган ҳолда ҳужжат топширади ва тез муддатда олади, чунки у шаклда ўз исми-шарифини ё картаси рақамини ёзиши билан тизим ўзи қайда яшаши, соғлиғи ва ҳоказо маълумотларни давлат тизимидан олади ва аризани тўлдиради. Бирор ерга бориш, маҳалладан, солиқдан ва бошқа бир ердан справка тўплаш шарт эмас.

Эътиборли жиҳати шундаки, амалдорлар ва фуқаролар қарийб мулоқот қилмайди ёки бир-бирини жуда камдан-кам ҳолларда кўради. Эстонияликлар солиқ дек­ларациясини электрон тарзда топширади. Масалан, 2010 йилдаёқ 97 фоиз декларация интернет орқали юборилганди. Юридик шахсни рўйхатга олиш 15 минутда ҳал бўлади, бунда тадбиркор кабинетма-кабинет сарсон бўлмайди. Эстония 2007 йилда дунёда биринчи бўлиб ўз фуқароларининг сайловда электрон тарзда овоз бериш имкониятини яратди.

Тегишли ҳужжатларни олиш учун фуқаро жойида суратга тушиб, электрон сканерда имзо қўйиши, бармоқ изларини топшириб, давлат божини тўлаши кифоя. Барча зарур ҳужжатлар автоматлаштирилган режимда тизимга келиб тушади. Барча ҳаракатларга бор-йўғи 10 дақиқа кетади. Ҳужжат тайёр бўлгач, фуқарога электрон почта ёки мобиль алоқа орқали хабар келади. Ана шу тартибда е-мактаб, е-полиция, е-тиббиёт тизимлари ишлайди. Ота-оналар фарзанди машғулотга қатнашган-қатнашмаганини билиб олади, унинг уй вазифалари ва баҳоларини кузатиб боради. Эстонияда давлат идораларида узундан-узоқ навбатларга барҳам берилди.

Эстонияда хавфсизлик полицияси олий даражадаги мансабдор шахсларни (вазирлар), давлат прокуратураси эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги коррупция ҳолатларини тергов қилиш билан шуғулланади.

Барча ҳукумат ҳужжатлари уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим. Шу сабабли амалдорлар ҳужжатдаги ҳар бир қоидани исботлаб, тушунтиришга тайёр туриши керак. Ҳар йили юқори мартабали амалдорлар ўз мол-мулки ҳақида декларация топшириши керак. Бу маълумот кенг жамоатчилик учун очиқ манбада жойлаштирилади.

Сингапур

Мустақилликка эришган вақтда Сингапурда коррупция ниҳоятда авж олган эди. Ли Куан Ю бу даврни шундай ифодалайди: «Коррупция – Осиё ҳаётининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Одамлар «мукофот»ни очиқдан-очиқ қабул қилишади, бу улар ҳаётининг бир қисми эди. Уни йўқотишда ишни ўз дўстларингиздан учтасини панжара ортига ўтқазишдан бошланг. Нима учунлигини сиз ҳам, улар ҳам яхши биласизлар. Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Иккинчи омил – бозор даражасига мос келувчи маошдир. Биз энг кўп маош тўланадиган ўн фоиз кишиларнинг даромадига диққатимизни йўналтирганмиз. Модомики, мансабдорларимиз энг кўп ҳақ олмас экан, уларнинг ҳукуматга нима кераги бор?»

Коррупцияга қарши курашишда Сингапур қандай қилиб, муайян натижаларга эришди? Сингапур бош вазири Ли Сянлуннинг қайд этишича, бунга сабаб тўртта омилни кўрсатиб ўтиш мумкин. Биринчидан,  Сингапур Буюк Британия мустакамлака ҳукуматидан тоза ва ишлайдиган тизимни мерос қилиб олади. Иккинчидан, мамлакат етакчилари тизимни ҳалол ва тоза ушлашга ҳаракат қилишади. Ли Куан Ю ҳокимиятга келгач, ўзи ва партиядошлари оқ куйлак ва оқ шим кийишди. Бу уларнинг ҳукуматни тоза ва коррупциядан холи тутиш ниятининг рамзи эди. Бу ўшандан бери Сингапур ҳукумати учун асосий тамойил бўлиб келади. Учинчидан, кучли сиёсий хоҳиш ортидан Сингапурда коррупцияга қарши ишончли, институционал ва комплекс тизим яратилди. Бу тизим мустаҳкам қонунлар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давлат хизмати ҳамда жамоатчилик назоратини қамраб олди. Сингапурнинг Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси мустақил давлат органи бўлиб, ҳар қандай фуқарони, полиция ходимини, вазирларни тергов қилишга ҳақли ҳисобланади. Мамлакатда давлат хизматчиларига хусусий секторда топиш мумкин бўлгандан кам бўлмаган миқдорда ойлик маош тўланади ва шунга яраша мезон ҳамда талаб қўйилади.Тўртинчидан, Сингапур коррупциядан холи жамият ва маданият яратдики, халқ ҳукуматдан тоза ва ҳалол тизимни кутади ҳамда талаб қилади. Бугун бирор бир сингапурлик муаммони пора эвазига ҳал қилмайди, порага дуч келса, давлат идорасини хабардор қилади.

 Хитой

Буни Шарқ дейдилар. Хитойда бош­қарув тизими асрлар давомида коррупциянинг турли кўринишларини одатга айлантирган, пора қарийб қонунийлашган бўлган. Масалан, Цин династияси даврида давлат амалдори совға билан келмаган мурожаатчини қабул қилмаслик ҳуқуқига эга бўлган. Майдароқ амалдорга ғоз, каттароқ лавозимли амалдорга эса бутун бошли тўнғизни совға қилиш керак бўлган.

Хитойда коррупцияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирларга якдил баҳо бериш осон эмас. Бу ерда коррупцияга қарши дунёдаги энг қаттиқ қонунлар ҳаётга татбиқ этилган, катта миқдорда коррупция жиноятини содир этганлар умрбод озодликдан маҳрум этилиши ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

…Офицер каскада ва қора кўзойнакда турибди. Чўккалаб олган айбдорларнинг кўзлари боғланган. Жаллод тўппончасини чиқаради ва айбдорларни гарданига ўқ узади. Худдики оддий ишини қилгандек. Сюжет тахминан беш сония давом этади. Сўнг диктор ним табассум ва расмий овозда шундай дейди: «Ҳурматли ўртоқлар, сиз ҳозиргина коррупционер-амалдорларнинг қатлини томоша қилдингиз. Энди эса эртанги об-ҳаво маълумотлари билан танишинг»…

1978 йилда Хитойда Дэн Сяопин томонидан «ислоҳотлар ва очиқлик сиё­сати» эълон қилинади. Шундан сўнг мамлакатда «ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти» ҳаётга татбиқ этила бошланди. Хусусий секторнинг тараққий этиши, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши билан коррупция кўлами ҳам кенгайиб борди ва Хитойнинг халқаро обрўсига, иқтисодий мақсадларига тўсқинлик қила бошлади. Хитойлик экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, ХХРнинг коррупция туфайли иқтисодий йўқотишлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 13 – 17 фоизини ташкил қилади. Давлат маблағларининг 20 фоизга яқини ноҳалол амалдорларнинг чўнтагига бориб тушган. Хитой олий миллий аудитори маълумотларига кўра, мақсадсиз ишлатилган бюджет маблағларининг умумий миқдори 8,5 миллиард доллардан ошади. Ҳар йили айнан коррупцио­нерларнинг кўмагида жиноятчилар томонидан 25 миллиард доллардан ортиқ маблағ легаллаштирилган.

2000 йилнинг бошига келиб, Хитойда «коррупцияга қарши уруш» стратегияси эълон қилинди. Бу стратегия ўзининг қаттиқлиги, кенг кўламлилиги ва «тарбиявий мақсадни кўзлагани» билан ҳам дунё ҳамжамиятини ларзага солиб келади.

2008 йилги Олимпиада арафасида чет эллик меҳмонларнинг кайфияти ва асабини бузмаслик учун қатл намойиш­лар вақтинчалик тўхтатилган эди. Ке­йинчалик Олимпиада тугаши билан жараён давом этмоқда.

2000 йилдан бери Хитойда судлар томонидан 10 минг амалдор отувга ҳукм қилинган, яна 120 минг нафари эса 10 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига тортилган. Хитойда коррупционерларнинг мол-мулки мусодара қилиниб, уларнинг оиласига қатл пайтида ишлатилган икки дона ўқ учун 8 юан миқдорида ҳисоб ҳам юборилади.

Хитойда коррупцияга қарши самарали чоралардан яна бири барча бўғиндаги давлат органларида кадрлар ротациясидир. Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитаси ва Сиёсий бюроси тегишлича 51,5 ва 36 фоизга янгиланди. Марказий интизом комиссияси таркиби эса қарийб 80 фоизга янгиланди.

2012 йилда ҳокимиятга келган Си Цзиньпин мамлакатда коррупцияга қарши том маънода уруш эълон қилди. Унинг фикрича, мамлакатнинг асосий муаммоларидан бири айнан коррупциядир.

Сўнгги 30 йил давомида Хитойдан 4 мингдан ортиқ партия амалдорлари қочиб кетган. Улар ўзлари билан 7,1 миллиард доллардан ортиқ маблағни олиб кетишган.

Гонгконг

Коррупция Гонгконг учун ҳам бегона одат эмас эди, аммо бугун бу ерда жуда катта тажриба ва муваффақиятга эришилган. Зеро, давлат раҳбарияти кучли хоҳиш, қатъият ва изчиллик намойиш этган.

Гонгконг 1974 йилдан коррупцияга қарши чораларни амалга оширишга киришди. Коррупцияга қарши учта таъсирчан чора қўлланди:

Биринчи чора. Амалдорлар учун айбсизлик презумпцияси бекор қилинди. Унинг ўрнига, агар мол-мулкни порага олмаган бўлсанг, исботла деган тамо­йил жорий қилинди. Гонгконг қонунчилигига кўра, агар амалдор чет элдаги ҳисоб-рақамидаги маблағлар ёки мол-мулки қонуний йўл билан олинганини исботлаб бера олмаса, 15 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Иккинчи чора. 1974 йили Коррупция­га қарши курашиш бўйича мустақил комиссия тузилган. На ички ишлар вазирлиги, на хавфсизлик идоралари комиссия ишига аралаша олади. Комиссия аъзоларининг ойлик маоши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлариникига қараганда 20-30 фоиз юқори. Комиссия нафақат порахўрларни аниқлайди, айни пайтда профилактика ишлари билан ҳам шуғулланади, яъни коррупцияга мойиллик юқори бўлган органларда, хизматларда фаол иш олиб боради. Комиссия доимий равишда порахўрлар томонидан янги схемалар ўйлаб топилаётгани ёки қўлланилаётганини ўрганиб, уларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириб боради. Комиссия ҳар қандай вазирлик ёки идорада, агар зиғирчалик шубҳа бўлса ҳам, текширув ўтказишга ҳақли.

Учинчи чора. Оддий одамлар ва журналистларга порахўрлар ҳақида маълумот бериш имконияти берилган. Одамлар мус­тақил комиссиянинг қайсидир маънода ёрдамчисига айланган. Журналистлар эса ҳар қандай амалдорнинг иши билан тўлақонли танишиб чиқиш имкониятига эга. Бундан ташқари, Гонгконгда пора берувчиларни жазолаш бекор қилинган. Амалдор ҳар доим айбдор.

Энг муҳими, коррупционерларни қўлга олиш, қидириш билан боғлиқ барча тадбирлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Одамлар юқори мартабали амалдорлар жазо олаётганини кўриб, ҳис қилиб туради. Одамларда коррупцияга қарши курашишга нисбатан ишонч ортган. Улар ҳукуматнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини тўлақонли қўллаб-қувватлайди.

Юқоридаги каби тажрибалар Ўзбекистон учун ўрганилиши зарур ва улар халқимизга умид беради.

Карим БАҲРИЕВ

 2019 йил, 12 июль, 26-сон

“Жамият” газетаси

 

Бошқа хабарлар