Томчида ҳаёт жилваси

102

Оролбўйида обиҳаётдан оқилона ва самарали фойдаланишнинг янги ва замонавий усулларини амалиётга татбиқ этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунда томчилатиб суғориш технологиялари энг мақбул усуллардан биридир.

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги «Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистонда қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Жорий йилда воҳанинг бешта туманида 399 гектар майдондаги пахта далаларида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилди. 27 та фермер хўжалигига «Агробанк» томонидан 7 млрд. 36 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Томчилатиб суғориш технологиясини қуриб берувчи пудратчи ташкилотлар фермерларга ўзларининг хизматларини таклиф этиш баробарида янги усулда хомашё етиштиришнинг сирларини ўргатмоқда.
«OMAD START» МЧЖ раҳбари ­Нажмиддин Раҳимовнинг таъкидлашича, томчилатиб суғоришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша ­шароити мавжуд. Хусусан, Қорақалпоғис­тонда лойқа сувни тиндириб бериш ва фильтрдан ўтказиш жараёни талаб этилади. Шу сабаб ҳар бир фермер учун алоҳида мослашган лойиҳалар ишлаб чиқиш зарур.
Ушбу жамият мутахассислари шу кунгача Қорақалпоғистондаги 15 та фермер хўжалигининг 221 гектар майдонида Туркия технологияси асосида ишлайдиган томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатишга эришди. Келгуси уч йилда томчилатиб суғориш технологиясини 70 фоизгача маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.
– Томчилатиб суғориш усули бизга кенг имкониятлар яратиб бермоқда, – дейди Элликқалъа тумани ҳокими ўринбосари Давлат Қобулов. – Тежалган сув ҳисобидан деҳқонларимиз ғалладан бўшаган майдонларга картошка, карам, сабзи, тариқ, мош ва шоли каби иккиламчи экинларни экяпти.
Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришнинг тежамкорлик хусусиятлари ва афзалликлари – кам харажат, енгил меҳнат билан сувни 60 фоизгача тежаб, ҳосилдорликни 20 фоизга ошириш фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Келгуси йилда томчилатиб суғориладиган майдонлар кўламини икки бараварга кўпайтириш режалаштирилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси Абу Қидирбаев.
– Томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланаётган пахта хомашёсини етказиб берувчи фермерларнинг ҳар бир гектар ерига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 8 млн. сўмдан субсидия берилиши янги усулда ҳосил етиштиришга бел боғлаган деҳқонлар меҳнатига енгиллик бўлиб қўшилмоқда.
Қорақалпоғистонлик фермерларга томчилатиб суғориш технология­ларини қуриб беришда «Камронбек Мега Строй» ва «OMAD START» ­масъулияти чекланган жамиятлари ўз хизматларини таклиф этмоқда. Воҳада ер, сув ва об-ҳаво шароитлари бирдек бўлишига қарамасдан, фермер хўжалик­ларининг ҳар бир гектар ерига қуриб берилаётган томчилатиб суғориш мосламалари сарф-харажатларида анчагина фарқлар бор. Масалан, Хўжайли туманидаги «Хўжайли бақсейс» фермер хўжалигининг 8 гектарлик пахта майдонида томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш учун 128 млн. сўм, яъни ҳар бир гектар ерга 16 млн. сўмдан маблағ кетган бўлса, Амударё туманидаги «Худойбергенова Омонгул» фермер хўжалигининг 30 гектарлик пахта даласи учун 600 млн. ёки ҳар бир гектар майдонга 20 млн. сўмдан сарф-харажат қилинган. Шунга ўхшаш ҳолатларни Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари мисолида ҳам келтириш мумкин.
Пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарига 20 млн. сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, 2021 йилнинг 1 январига қадар, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хомашё олиб киришда божхона тўловларидан озод этилиши ҳам тадбиркорларга берилаётган енгилликлардан ҳисобланади.
Мамлакатимиз агросаноат соҳасида татбиқ этилаётган инновацион усуллар эрта-индин ўз самарасини бериши аниқ.

Ортиқбой МАМУТОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар