Ўзбекистон – Туркия: ҲАМКОРЛИКНИНГ ОЙДИН ИСТИҚБОЛЛАРИ

87

Давуд гази Бенли:
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот маслаҳатчиси

 

– Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб Туркия тан олган эди. Дастлаб муносабатлар ҳар томонлама қалинлашиб, барча соҳаларда ҳамкорлик ривожланди. Аммо кейинчалик, таъбир жоиз бўлса, ушбу муносабатлар «музлади». Бунинг сабаблари нимада эди?

– Биз қардош халқлармиз. Тарихимиз, анъаналаримиз бир. Ўзбекистон биз учун ота юрт. Юртингиз мустақил бўлгач, яъни 1991 йилдан 2000 йилларгача икки давлат ўртасида барча йўналишдаги алоқалар яхши бўлди.
Аммо орада бу муносабатлар, айтганингиздек, «музлади». Бунинг асосий сабаби сирли ва айёр ташкилотнинг амалга оширган ҳаракатлари эди. Бу ташкилот йигирма йил давомида сирли тарзда ислом дунёсининг ишончини қозонишга уринди. Ўзбекис­тонда ҳам фаолият юритди. Таълим тизимида шуҳрат ­топди, бойлик орттирди.
1999 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бу ташкилотни мамлакатдан чиқариб юборди. Туркияликлар бу ҳолатни у пайтда идрок этмади. Ўзаро алоқаларга рахна, деб ҳисоблади. Фақат 2013 йилдагина мазкур ҳолатнинг моҳиятини тушуниб етдикки, аслида, давлатингиз тўғри иш тутган экан, биз ўшанда хатога йўл қўйган эканмиз.
2016 йил 15 июнда ушбу ташкилот томонидан давлат тўнтаришига уриниш бўлди. Мазкур ҳолатда 251 нафар киши шаҳид кетди, 2700 нафардан ортиқ фуқаро жароҳат олди. Мен ҳам ўшанда жароҳат олганман. Бу воқеа­лар биз учун сабоқ бўлиб қолди.

– 2016 йил июль воқеаларида Туркия халқининг жипслиги ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон сиёсатини якдил қўллаб-қувватлашига гувоҳ бўлдик. Айтинг-чи, бу якдилликнинг асосий сабаблари нимада эди?

– Ўшанда Туркия халқ қаҳрамонлигини кўрди. Агар халқ, ўз уйидан кеч бўлса-да, кўчаларга чиқмаганда эди, бугунги зафарлар бўлмас эди. Халқ ва давлат ўша кеча бир кучга айланди.
Туркияда 1961,1980, 1997 йилларда ҳам худди шундай ҳарбий кучлар хуружлари бўлган. Улар барчасида мақсадига етган. Лекин бу гал 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсонлар кўчага чиқди. Танклар йўлини тўсдилар. Амалдаги давлатни асраб қолиш учун, тинчлик ва барқарорлик учун. Бу халқ иродаси демократиянинг ёрқин кўриниши сифатида дунё тарихига ёзилажак. Бунга ишончим комил.

– Демократия ҳақида сўз кетганда, яқинда Истанбул шаҳри ҳокимлиги учун бўлиб ўтган сайловлар ҳақида сўз юритиш ўринли. Ушбу сиёсий жараёнлар дунё жамоатчилигининг эътиборига тушди. Айни пайтда вазиятни сиёсатчилар турлича баҳоламоқда. Сиз бунга қандай изоҳ берасиз?
– Айтганимдек, Туркияда демократия кучли. Турли сиёсий кучлар, партиялар ўз қараш ва тарафдорларига эга. Ҳуқуқлари қонун бўйича кафолатланган.

Дастлаб Истанбул ҳокимлиги учун бўлган сайловлар якуний натижаси 31 март куни эълон қилинди. Икки номзод деярли бир хил овоз тўплади. Олий сайлов кенгаши қайта сайлов ўтказди.
Кейинги сайловда Халқ республикаси партияси вакили Акром Имомўғли ғолиб чиқди. Унга собиқ бош вазир Биноли Йилдирим рақиблик қилган эди. Акром Имомўғлини биринчилардан бўлиб Президент Режеп Таййип Эрдўғон табриклади. Қолаверса, уни Биноли Йилдирим ҳам ғалаба билан муборакбод этди. Бу – демократия. Халқ иродаси. Унга ҳеч ким қаршилик қила олмайди.
Мен дунёнинг 70 тадан ортиқ давлатида бўлганман. Уларнинг ҳар бирини ўз давлатим билан солиштирганман. Хулосам шуки, Туркия демократияси ўзига хос институт. Биз бу билан фахрланамиз.

– Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти ҳал қилувчи вазифани ўтади. Яъни икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. Мана шу аъло даражадаги муносабатлар натижалари бугун нималарда яққол кўринмоқда?

– Дарҳақиқат, кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар тубдан яхшиланди. Борди-келдимиз кучайди, ўзаро ришталар янада мустаҳкамланди. Биргина мисол келтирмоқчиман: бугунги кунда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2 миллиард АҚШ долларидан ошди. Ҳали бу етарли эмас. Президентларимиз ўртасидаги учрашувда уни 5 миллиард АҚШ долларига етказишга келишилган. Айни вақтда Ўзбекистонда 500 нафардан ортиқ тадбиркорларимиз фаолият кўрсатмоқда. Бироқ биз буни ҳам етарли, деб ҳисобламаймиз. Уларнинг сони янада ортса, энг муҳими, Туркияда ҳам Ўзбекистон тадбиркорлари иш бош­ласа, ана шундагина кўзланган мақсад сари муҳим қадам ташлаган бўламиз. Ишончим комилки, бунга, албатта, эришамиз.

– Хабарингиз бор, Ўзбекистонда бу йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча соҳаларда инвестиция масаласини ўртага қўймоқда. Туркияда бу йўналишдаги ишлар қандай даражада? Ўзбекистонда қайси соҳалар инвестиция киритиш учун истиқболли, деб ҳисоблайсиз?

– Ўзбекистон Туркия учун энг қулай иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Биринчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлардан бири. Иккинчидан, бу заминда табиий бойликлар жуда кўп. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги – 33 миллионлик аҳолиси. Ишчи кучи етарли. Инвестиция киритиш учун энг қулай давлатлардан бири. Шу сабабдан Туркиядаги ишбилармонларга Ўзбекистонга келиш ва сармоя киритишга даъват этяпман.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Фикримча, бунда зиёрат туризмининг ўрни катта. Нафақат Туркия, балки Малайзия, Индонезия, Араб давлатлари, умуман, ислом олами учун Ўзбекистон энг муҳим зиёрат маскани ҳисобланади.

– Ўз вақтида Маҳмуд Кошғарий шундай деган: «Ума келса, қут келар» («Меҳмон келса, қут келар»). Туркия – туризм ривожланган давлатлардан бири. Ўз тажрибаларингиз билан ўртоқлашсангиз. Ўзбекистонда туризм­ни ривожлантириш учун яна нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Бундан 30 йил олдин Туркияда ҳам туризм соҳаси ривожланмаган эди. Ўшанда Туркия икки жиҳатга эътибор қаратди: биринчиси, туризм соҳасида мактаблар очди. Бунда таълим олувчиларга меҳмонларга хизмат кўрсатиш, қабул қилиш, кузатиш каби соҳалар ўргатилди. Иккинчиси, хусусий секторга, яъни ишбилармонлар ва инвес­торларга кенг имконият яратди. Диққатга сазовор жойларга меҳмонхоналар қурди. Туризмнинг барча йўналиш­лари – денгиз туризми, зиёрат туризми, қиш туризмини ривожлантирди. Янги йўналишлар очди. Ҳар бир йўналишда хизмат кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлади.
Мен бир йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистонда фаолият юритиб, кўп нарсаларни кузатиш имконига эга бўлдим. Уларга асос­ланиб айта оламанки, туризм ривожида бир қанча муаммолар бор. Масалан, меҳмонхоналар сони етарли эмас. Хизмат кўрсатувчи мутахассисларнинг малакаси ҳақида ижобий фикр билдириб бўлмайди. Мана шу омилларга эътибор қаратилса, сайёҳлар сони янада ортади.

– Маълумки, Туркия таълим соҳасида катта ютуқларга эришган. Сиз Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги ислоҳотларни кузатиб бораётган бўлсангиз, холис кузатувчи сифатида уларга қандай баҳо берасиз?

– Туркияда бугунги кунда 200 тадан ортиқ университет бор. Уларнинг ярми вақф (фонд), ярми хусусий ҳисоб­ланади. Яъни уларнинг 100 дан ортиғи хусусий университетлардир. Туркиядаги барча университетлар Туркиянинг ўзига тегиш­ли, бошқа давлат олийгоҳларини Туркияда очиш мумкин эмас. Ҳозирда жаҳоннинг 500 та университети рейтингида Туркиянинг 12 та университети юқори ўринларда туради. Дунёдаги энг яхши 1000 та университет орасида эса 26 та университетимиз бор.
Яна бир муҳим жиҳат: Туркияда Олий таълим вазирлиги йўқ. Барча университетлар мустақил. Улар ўзини ўзи бошқаради. Олий таълим бир тизимга бирлашган. Дейлик, бир университетга турли факультетлар, илмий институтлар қарайди. Бундан ташқари, магистратура ва докторантура ишлари билан шуғулланувчи институтлар ҳам бир университетга боғланган.
Туркияда университетлар шаҳар ташқарисида жойлашган. Талаба шаҳар ичига киришга эҳтиёж сезмайди. Ҳамма шароит ўша университетнинг ўзида мавжуд. Дунёнинг барча давлатларидан ёшлар келиб ўқишади. Ўзбекистон ёшларига ҳам Туркияда ўқишларига имконият яратишимиз керак.

– Яқинда Тошкентда касаба уюшма ёшларининг «ТЕМП – 2019» халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 20 давлатидан, хусусан, Туркиядан ҳам вакиллар иштирок этди. Ушбу форумда мазкур тадбирни келгуси йилда Туркияда ўтказиш таклифи ҳам билдирилди. Шу ўринда мамлакатингизда касаба уюшмаларининг ўрни ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Касаба уюшмаси Туркияда «Сендика» деб аталади. Яъни бу ном Ғарб давлатларидаги «синдикат» сўзидан олинган. Касаба уюшмаси демократия жиҳатидан жуда муҳим ташкилот ҳисобланади. Чунки ишчи ва ходимлар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари муҳофазаси демократия нуқтаи назаридан катта аҳамият касб этади. Қайси давлатда касаба уюшмаси кучли бўлса, ўша давлатда демократия ҳам кучли бўлади. Ишчи ва ишбилармон ўртасида келишмовчилик, муаммо бўлмайди.
Туркияда касаба уюшмалари маслаҳат столига ўтиради. Бир томонда давлат, бир томонда касаба уюшмалари ҳар йили маошлар, ходимлар ҳақ-ҳуқуқлари бўйича мунозара қилади. Уларда доимо халқ манфаати устувор бўлади.

– Ўзбекистонда дипломатик фаолиятингизни бош­лаганингиздан буён икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун нима ишлар қилдингиз?

– Коммуникация ҳамда матбуот соҳасида Ўзбекистон ва Туркия алоқаларини яхшилаш бош мақсадим. Мен ўзбекис­тонлик матбуот ходимлари билан яхши алоқалар ўрнатдим. Кўплаб журналистлар ва зиёлилар билан дўстлашдим. Улар билан биргаликда материаллар тайёрлаяпмиз. Туркия ва Ўзбекистон имкониятларини ёритяпмиз, икки қардош халқни бир-бирига танитяпмиз.
Ҳамкорликнинг истиқболлари янада ойдин бўлишига ишончим комил.

Суҳбатдош:
Анвар Қулмуродов,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар