«Улуғ учинчи дарё…»

62

ёки Отажон Худойшукуров мероси муносиб эъзоздами?

 

Саҳна сари қўйилган қадам

1944 йил 4 октябрда Тўрткўл шаҳрида таваллуд топ­ган Отажон болалигидан санъатга меҳр қўйган эди. Дастлаб мактаб, кейинчалик туман миқёсидаги тадбирларда қатнашган иқтидор соҳиби ўқувчи-ижрочиларнинг республика кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритади. Шундан сўнг тоғаси Йўлдош Оллошукуров уни Комилжон Отаниёзов олдига олиб боради. Устоз дуосини олган Отажон Худойшукуров 1960 йили Тошкент шаҳридаги мусиқа билим юртига ўқишга киради. Билим юртида бир йил таҳсил олгандан сўнг Тўрткўл шаҳрига қайтиб келади. 1963 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат филармониясида иш бошлайди.

 

Тегмаган «тош»лар

Ҳар бир инсоннинг ўзига хос хулқ-атвори бўлади. Отажон жуда ишонувчан, соддадил, оқкўнгил ва меҳри дарё инсон бўлган. Ҳеч қачон бировга ҳасад қилмаган ҳофиз дилидагини баралла айта олган. Айтишларича, ўтган асрнинг 70 йилларида Қорақалпоғистон Маданият вазирлигига соҳадан анча йироқ бир инсон раҳбарликка тайинланади. Ишни меҳнат ҳақидан бошлашни маъқул кўрган вазир билан ходимлар ўртасида носоғлом муҳит пайдо бўлади. Раҳбарнинг таклифига биноан ансамблдаги най­чининг найи, рубобчининг рубоби, доиракашнинг доираси дўконда неча сўм турса, ойлик иш ҳақи шунча бўлиши керак, деган қарорга келинади. Шунда Отажон «Агар мен торни Бокудан олиб келсам (ўша даврда тор дўконларда сотилмаган) нархи минг сўмдан ошиб кетади. Менга шунча ойлик бера оласизми?» дейди. Дарғазаб бўлган вазир Отажонни ишдан бўшатади. Бу воқеа ўша пайтдаги партия қўмитасининг биринчи котиби Қаллибек Камоловнинг қулоғига етиб боради. У Отажонни ишига қайта тиклайди.
Шундан кейин Отажон Худойшукуров Жайҳун бўйларида тўлиб-тошиб куйлай бошлайди. «Қайда юрсам соғинтирар, она юртим томонлари. Хаёлимда саҳар-саҳар эсар Жайҳун шамоллари» дея куйлаган ҳофиз соҳир сўзлардан куч олди, илҳомланди ва санъат осмонида чарақлаган юлдуз бўлиб порлади. Ўзи бадиий раҳбарлик қилган ансамблга «Аму тўлқини» дея ном бергани ҳам бежиз эмас. Чунки Амударё унча-мунча тошларни писанд этмайди-да!
«Пахтакор»нинг жонкуяр ишқибози
Оролбўйида азалдан тўйлар катта давра(қўр)ларда ўтказилган. Даврага доира шаклида шоли сомон тўшалиб, ўртага олов ёқилган ва халқ қўчқор, хўроз уруштириш, кураш мусобақаларини томоша қилиб, санъаткорларнинг қўшиқларини жон қулоғи билан тинглаган. Шундай давраларда ҳофиз созини ғилофига солиб, курашга ҳам тушган. Шу боис Отажон Худойшукуров эл орасида нафақат хушовоз хонанда, балки «полвон» лақабини ҳам олган. Бундан ташқари, футболга жуда ишқибоз бўлган. Севимли футболчимиз Биродар Абдураимов билан қалин дўст тутинган. «Пахтакор» командаси молиявий жиҳатдан қийналиб қолганда кўмаклашган.

Овозида сеҳри бор ҳофиз

«Умримда қўлимга танбур олиб, икки сатр куйлай олмадим. Лекин кўнгил қурғур қўшиқ шайдоси. Ишқ-муҳаббат ҳақида бўлса, эзилиб эшитамиз. Айниқса, Отажондек қўшиқчилар куйлаб турса! Шундай овоз соҳибини севмай, у билан фахрланмай бўлардими?!», – дея ифтихор билан таъкидлаган эди атоқли ёзувчимиз Саид Аҳмад.
«1967 йилнинг қишида қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Аҳвол шу даражага етдики, қариндош-уруғларга рози-ризолик айтишдан ҳам уялмадим. Шунда Отажон уйимда уч кун холис қўшиқ айтди. Аввал бошимни кўтардим. Кейин ўрнимдан турдим. Хуллас, неча шифокор, неча табиб даволай олмаган Маркс оғангизни Отажон ҳофиз мусиқа ва қўшиқ билан ҳаётга қайтарди!», деб эслаган эди Хоразм вилоятининг ғурурига айланган оқсоқоллардан бири Маркс Жуманиёзов.

Сирли акс-садо
Гоҳи мен Сирдарё сайлига борсам,
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:
Гўё шу яқин бир жойдан ўтгандай
Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув!
Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам,
Буюк Амударё бўйида туриб.
Гўё Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр
Яқингина жойда оқар ўкириб.
Бу нима? Кўринмас қандай оқим бу?
Ерданми, кўкданми келар бу садо?!
Наҳот тупроғимда кўзга ташланмай
Оқиб ётар улуғ учинчи дарё?!
Шоир Омон Матжон ёзган ушбу сатрлар эл ардоғидаги санъаткорга берилган юксак таъриф эди. «Сегоҳ», «Дугоҳ», «Сувора», «Феруз» услубида айтиладиган мураккаб мумтоз қўшиқларни баланд пардаларда юракдан куйлаган буюк ҳофиз санъат соҳасида қирқ йилга яқин хизмат қилди. Унинг уч юздан зиёд қўшиғи ва мингдан ортиқ ижро этган ашулалари бугун халқимизнинг бебаҳо маданий меросига айланди. Шу маънода у ҳамон эл хизматида. Жарангдор қўшиқлари билан ҳар куни мухлислари хонадонларига кириб боради. Умрбоқий қўшиқлари туфайли ҳофиз ҳамиша барҳаёт.

Аммо…

1999 йили Элликқалъа туманида Ўзбекистон, Турк­манистон, Қорақалпоғистон ва Татаристон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Отажон Худойшукуров номидаги жамғарма ташкил этилган эди. Маданият вазирлиги, туман ҳокимлиги, Отажон Худойшукуров номидаги жамғарма ҳамкор ташкилотлар билан ҳар икки йилда ёш хонандалар ўртасида «Нафосат бўстоним маним» кўрик-фестивали ва «Ақчакўл илҳомлари» деб аталувчи адабиёт ва санъат байрамини ўтказиб келаётган эди. Ушбу тадбирлар туфайли биргина санъат соҳасида халқ ҳофизи Сойибжон Ниёзов, халқ артистлари ака-ука Ғофур ва Ғулом Эшжонов, Оғабек Собиров, Равшанбек Матёқубов каби истеъдодли ёшлар кашф этилди. Лекин охирги беш йилда номаълум сабабларга кўра мазкур тадбирлар ташкил этилмаяпти. Ушбу анъана нега аро йўлда қолди? Бу маданият ва санъатга беписандлик эмасми? Ёш истеъдодларни кашф этишга хизмат қилаётган бу тадбирлар аслида анъанавий тус олиши керак эмасми? Ёки ёш иқтидор эгалари йўқми? Бу ҳақда мутасаддиларнинг фикри қандай? Афсуски, ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ.
– Устоз Отажон Худойшукуров хотирасига «Нафосат бўстоним маним» номли ёш хонандалар кўрик-танловини ўтказишни режалаштирмоқдамиз, – дейди жамғарма раиси Ибодулла Саъдуллаев. – Хайрли ишларимизни давом эттириб, ҳофизнинг ушалмаган орзуларини рўёбга чиқариш йўлида изланмоқдамиз.
Айни чоғда Тўрткўл тумани маданият саройида таъмирлаш ишлари бош­лаб юборилган. Шу йилнинг октябрь ойида ҳофиз таваллудининг 75 йиллиги нишонланади. Қурувчиларнинг айтишича, ўша санага қадар таъмирлаш ишлари якунланади.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Гап шундаки, ҳофиз истиқомат қилган хонадонда бир хонадан иборат уй-музей ташкил этилган. Юзлаб бебаҳо экспонатларга албатта у торлик қилади. Шу боис барча буюм ва маълумотлар билан танишиш мушкул. Агар уй-музейга янги бино қурилса, зарур шароит яратилса, айни муддао бўларди. Тўрткўл тумани ҳокимлиги, Отажон Худойшукуров номидаги жамғарма ва саховатпеша тадбиркорлар ушбу эзгу ишга бош қўшса, ҳофиз номидаги уй-музейига нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳлар ҳам бажонидил ташриф буюриши аниқ. Бундан ташқари, Элликқалъа туманидаги Отажон Худойшукуров номидаги санъат ва педогогика коллежи ҳозирда ихтисос­лаштирилган махсус мактаб­­га айлантирилган. Ушбу мактабга машҳур ҳофиз номи қайтариб берилса, хайрли иш бўлар эди.
Отажон Худойшукуровнинг ижодий мероси халқимиз маданий хазинасининг муҳим бўлагидир. Уни асраб-авайлаш, ёш авлодга тарғиб-ташвиқ этиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Бинобарин, Отажон Худойшукуров қолдирган бебаҳо мерос мангуликка дахлдор. Унинг 75 йиллик юбилейини муносиб тарзда ўтказиш эса ҳофиз хотираси олдидаги инсоний бурчимиздир.

Ортиқбой МАМУТОВ,

«Ishonch»

 

Бошқа хабарлар