НЕГА ДОРИ-ДАРМОНЛАР РЕЦЕПТ БИЛАН СОТИЛМАЙДИ?

42

 

Айтишларича, Чин аҳли энг оғир ҳолатларда, шифохонага бормасдан тузалишнинг сира иложи бўлмагандагина касалхонага мурожаат қилар экан. Қолаверса, енгил шамоллаш, тумов бўлиш каби ҳолатларда умуман дори-дармон истеъмол қилишмас, аксинча, табиий йўллар орқали муолажа олишни афзал кўришар экан.

Ҳа, Хитойда ҳам бизнинг юртдагидек қадимдан халқ табобати кенг ривож топган. Албатта, замонавий тиббиёт ҳам юксак ривожланган.

Аслини олганда, жаҳон тиббиёти улуғ бобомиз Шарқ ва Европада «Шайхур-раис» («Табиблар шоҳи») номи билан машҳур Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари»дан бугун ҳам ўринли фойдаланмоқда. Унинг беназир тавсияларига амал қилиб яшасак, ўзга халқдан ибрат олишга ҳожат қолмайди. Аммо биз оддий шамоллашни ҳам табиий йўл билан даволашга уриниб кўрмаймиз. Дарров дорихонага чопамиз. Сотиб олинган дори-дармоннинг кўпинча, ҳатто муддати, йўриқномаси билан қизиқмаймиз. Мувофиқлик сертификати ҳақи­да-ку, гапирмасак ҳам бўлади. Буларнинг бари ўзимизга қарши омиллар эканини — ўша дорининг ножўя таъсирларидан тортиб, фармацевтика воситалари савдоси билан шуғулланадиган тадбиркор масъулиятининг сусайишига сабаб бўлишини англамаймиз.

Қайсидир йили четдан келган бир мутахассис: «Сизларда қандайдир эпидемия тарқалганми? Нега бунча дорихона кўп?» деб сўрагани қулоққа чалинган эди. Балки дори-дармонга бунчалик «ихлос» қўймасдан, хитойликлар каби табиий йўллар билан шифо топишни афзал билганимизда, ушбу тижоратнинг бозори бунчалик чаққон бўлмасди. Ишлаб чиқарилган фармацевтика воситалари ички бозордан кўра, экс­портга кўпроқ жалб қилиниб, иқтисодиётимизга фойда келтирарди. Энг муҳими, тиббий маданиятимиз даражаси юксалиб, халқимиз саломатлиги мустаҳкам бўлишига хизмат қилган бўлур эди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўтказган матбуот анжуманида ана шу сингари бир қатор масалалар муҳокама этилди. Мутахассислар ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Анжуманда Президентимизнинг жорий йил 10 апрелда эълон қилинган «2019-2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижроси хусусида  сўз юритилди.

— Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонида маҳаллий корхоналарнинг узоқ йиллардан буён ишлаб чиқариш қувватлари етарли даражада ривожланмагани ҳамда фармацевтика маҳсулотларимизнинг тор ассортименти ички бозор эҳтиёжларини қондирмаётгани ва импортга ҳаддан ташқари боғланиб қолаётгани таъкидланган, — дейди Агентлик директори Сардор Қориев. — Аҳолини сифатли, безарар ва самарали дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 1 январига қадар барча ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, дори воситаларининг клиник синовини ўтказувчилар, тадқиқотларни амалга оширувчи лабораторияларнинг миллий ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлиги таъминланиши белгиланди. Фармон билан республикамиз ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқаришга тавсия этилган дори воситалари гуруҳлари рўйхати тасдиқланди. Талаб юқори бўлган дори воситаларини ишлаб чиқариш учун хорижий ҳамкорларни кенг жалб этиш вазифаси белгиланди. Айни пайтда тармоққа инвестицияларни кўпроқ жалб этиш мақсадида кўпгина давлатлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Хорижлик инвесторлар билан — Ҳиндистон — 105 миллион, Россия — 10 миллион, Беларусь — 12,5, Миср — 60 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар имзоланди.

Таъкидланганидек, (шу йилнинг 1 июнь ҳолатига) мамлакатимизда тармоққа доир 162 корхона фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 90 таси дори воситалари, 61 таси тиббий буюмлар, 11 таси дори-дармон ва тиббий буюмлари ишлаб чиқармоқда.

Ўзбекистон доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича салоҳияти юқори давлатлардан биридир. Ўтган йили республикамиз 6375 тонна хомашё ва 5794 тонна қайта ишланган тайёр ёки ярим тайёр маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич 4125 ва 3485 тоннани ташкил этди.

Яна бир муҳим масала: маълумотлардан яхши биламизки, дунёнинг ривожланган бирорта давлатида дори-дармон воситалари рецептсиз сотилмайди. Бизда эса — очиқ бозор. Ўн ёшли боланинг қўлига тўрт-бешта дорининг номини ёзиб берсак, бемалол бориб дорихонадан сотиб олиб келади. Биров бу мумкин эмас ёки рецепти қани деб сўрамайди ҳам. Ҳатто шифокор бўлмаган бирор таниши тавсия қилган дорини олиб ичаётганлар ҳам кам эмас. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Фармацевтика воситалари сотувини назорат қилиш керак эмасми? Бу кимнинг зиммасида? Ушбу саволимизга фармацевтика фанлари номзоди, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бўйича эксперт комиссиясининг масъул котиби Гулнора Зуфарова қуйидагича жавоб берди:

— Мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳолда рўйхатдан ўтган тўққиз минг­дан ортиқ дори воситалари мавжуд. Мана шу рўйхатда кўрсатилган дори воситаларидан бошқа барча дори-дармонлар рецепт асосида сотилиши керак. Аслида, бошқа мамлакатларда ҳам рецептсиз сотиладиган дори-дармонлар бор. Фақат уларнинг миқдори биздагидан фарқ қилиши мумкин. Дорихоналар фаолиятини назорат қилиш эса қонун ҳужжатларида белгиланган. Айни пайтда ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жорий йилнинг 2 июлидаги 549-сонли қарор билан дори-дармоннинг чакана реализациясини назорат қилиш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари — вилоят бошқармаларига юкланди. Назорат функциялари кучайтирилмоқда. Эндиликда рецепт билан сотиладиган дори воситалари қоидалари бузилган ҳолат бир йилда икки ва ундан ортиқ марта такрорланса, ушбу фаолият билан шуғулланувчи юридик шахснинг лицензиясини бекор қилиш чораси белгилаб қўйилди.

Тадбирда психотроп моддалар сотуви, ўзимизда ва четда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг қиёсий таъсири, ишлаб чиқарувчиларнинг миллий ва халқаро стандартларга мувофиқлиги масаласи, электрон  рецептлар хусусидаги саволлар ҳам ўртага ташланди.

 

Холида ФАЙЗИЕВА

 Манба: “HURRIYAT газетаси

 

Бошқа хабарлар