“ШОҲИМАРДОН ТОҒЛАРИГА ЧИҚДИМ, БОЛАЖОН”

89

“…чегара постларида кексалар, ногиронлар, болали аёлларнинг эмин-эркин ҳаракатланишлари учун зарур шароитлар ҳозирланмаган. Кун иссиғи, ёғингарчилик мавсумида қаерда жон сақлашни билмайсан. Бу каби ноқулайликлар саёҳатчиларни чарчатади, бу қадим масканга бўлган қизиқишни сўндиради”.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ШАРОИТ БЎЛСА, САЙЁҲЛАР СОНИ ОРТАДИ. АММО…

 

Юртимизнинг бетакрор табиати, аждодларимиздан қолган бой маънавий-маданий ёдгорликлар, Осори атиқаларга дунё ҳамжамиятининг қизиқиши катта

Шу пайтга қадар Фарғона вилоятига келган сайёҳлар фақат маданий ёдгорликларни томоша қилиш билангина чекланиб қолишарди. Бугун эса вилоятда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш, янги йўналишлар ташкил этиш, сайёҳларга қулай транспорт-логистика, меҳмонхона, умумий овқатланиш сингари сервис ва хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш устувор вазифалардан этиб белгиланган. Шунингдек, сайёҳларга тарихий қадамжолар, пурвиқор тоғлар, ҳунармандчилик марказлари, маъданли сувлар, бой табиатли сўлим жойларда дам олиш таклиф қилинаётир.

“Шоҳимардон” бренди қайта тикланмоқда

Шоҳимардон. Мўъжаз ва сўлим қишлоқ ҳақида сўз кетганда унинг бетакрор табиати, мусаффо об-ҳавоси, кўл ва булоқлари, зилол сувлари кўз ўнгимизда гавдаланади. Оқсув билан Кўксув дарёлари асрлар давомида кўҳна масканга ўзгача улуғворлик бағишлайди. Қишлоқ қадим-қадимдан Фарғона водийси аҳолисининг энг азиз зиёратгоҳи, дам олиш маскани бўлиб келган. Бу ерда Ҳазрат Али Шоҳимардон, шоҳ Толиб сингари тарихий шахсларнинг мақбаралари мавжуд.

Кейинги ўн йилликда бу ердаги манзара, ҳолат тубдан ўзгарди. Давлат чегараларини мустаҳкамлаш доирасидаги ишлар туфайли Шоҳимардонга эркин усулда дам олувчилар ва хорижлик сайёҳларнинг бориши тўхтаб қолди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз туризм салоҳияти ва имкониятини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар “Шоҳимардон” брендини тиклаш, туризмнинг экологик ва алпинизм йўналишларини ривожлантиришга замин яратди. Ана шу мақсадда Фарғона туманидаги Ёрдон қишлоғида 50 ўринли “Шоҳимардон экотуризм маркази” ташкил этилди. Бу ерда дам олувчилар ва сайёҳлар учун керакли бўлган барча қулайликлар яратилди. Улар қишлоқнинг сўлим табиати, маданий ёдгорликлари билан танишиш асносида қўшни Қирғизистон Республикаси ҳудудида жойлашган “Кўккўл” ва “Дугоба” дам олиш масканларида бўлиш имкониятига ҳам эга. Ўтган йилнинг ўзида экотуризм йўналишида 1700 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижлик сайёҳга хизмат кўрсатилди. Жорий йил эса бу ерга 3 минг нафардан зиёд сайёҳ ва меҳмон келиши кутилмоқда.

 150 миллион сўм имтиёзли сармоя

Шоҳимардон қишлоғида жойлашган вилоят қишлоқ хўжалиги техникалари бирлашмасига қарашли бўлган дам олиш маскани йиллар давомида қаровсиз қолди. Натижада сўлим масканда мавжуд бўлган инфратузилма тармоқлари издан чиқди, талон-торож қилинди.

Ёш тадбиркор Ҳожиакбар Комилов ҳудудни обод ва сўлим гўшага айлантириш ташаббусини илгари сурди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида экотуризмни ривожлантиришга йўналтирилган ўз бизнес-лойиҳасини ишлаб чиқиб, 150 миллион сўм имтиёзли сармояга эга бўлди. Кўп ўтмай, “Шоҳимардон кемпинг” экотуризм марказини ташкил этди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 75 нафар сайёҳнинг кўнгилли дам олиши учун барча шароитлар яратиб берилди.

— Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими билан ҳамкорликда иш олиб борамиз, — дейди марказ раҳбари Ҳожиакбар Комилов. — Мақсад, ёшлар ўртасида тоғ экотуризмини ривожлантириш, бу йўналишда иш олиб бормоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам кўрсатиш. Айни кунда тоғ алпинизми, тоғ шароитларида яшаш, тоғ шароитида тунаш, қуруқ озиқ-овқатлардан самарали фойдаланиш, палаталар тиклаш сингари қизиқарли тадбирлар режасини туздик. Шу кунларда илк дам олувчи сайёҳларни кутиб олишга ҳозирлик кўряпмиз.

Йўл азоби…

Табиат манзараларига бой ушбу сўлим масканда дам олишни хоҳловчилар кўп. Лекин соҳа ривожида тўсиқ бўлаётган баъзи масалалар ҳануз ечимини кутиб турибди. Энг асосийси, Шоҳимардонга бориб-келиш билан боғлиқ йўл муаммоси қониқарли даражада деб бўлмайди. Тўғри, бу йўналишлар бўйлаб автобус, енгил автомашиналар ҳаракати ташкил этилган. Лекин одамлар Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги чегара постларида рўйхатдан ўтиш учун соатлаб вақт сарфлашларига тўғри келади. Бу ердан нафақат Шоҳимардон, балки Сўх туманига бориб-келувчи аҳолининг ҳам ҳаракатланиши, айниқса, ёз кунларида узундан-узоқ навбатларга сабаб бўлмоқда.

— Кўпдан буён бу ерга келмагандим, катта ўзгаришлар, ­бунёдкорлик, ободончилик ишлари амалга оширилиб, меҳмонлар ва саёҳатчилар учун керакли шароитлар яратиб берилаётганидан хурсанд бўлдим, — дейди Қўштепа туманидаги “Сармозор” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Толибжон Турсунов. — Чунки бу ерга келиш истагида бўлган меҳмонлар кўп. Аммо икки давлат чегара постларидаги текширувлар янада соддалаштирилса, йўловчилар учун қулайликлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозир Шоҳимардонга бориш учун бир ҳудудда машинадан тушиб навбати билан рўйхатдан ўтиб, бошқа ҳудуд чегарасида ҳам шундай ҳолатни такрорлаб, яна машинага ўтириш учун камида бир-икки соат вақт сарфлашга тўғри келмоқда. Бундан ташқари, чегара постларида кексалар, ногиронлар, болали аёлларнинг эмин-эркин ҳаракатланишлари учун зарур шароитлар ҳозирланмаган. Кун иссиғи, ёғингарчилик мавсумида қаерда жон сақлашни билмайсан. Бу каби ноқулайликлар саёҳатчиларни чарчатади, бу қадим масканга бўлган қизиқишни сўндиради.

“Хизмат кўрсатиш тармоқлари билан мақтана олмаймиз”

Бугунги кунда вилоятда ўнлаб янги экотуризм марказларини ташкил этиш борасида ҳаракат бошланган. Жумладан, Фарғона тумани Водил қишлоғидаги “Чинор таги”, Аввал қишлоғида жойлашган “Етти булоқ”, Учкўприк туманидаги “Меҳригиё”, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги, Қувасой шаҳридаги “Водий тулпорлари” от спорти мажмуаси, Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори қирғоқлари, “Фарғона анорлари” ҳамда “Миндонобод” агросаноат фирмалари бўйлаб саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, қувалик тадбиркор Мирзоҳид Нишонов ташаббуси билан “Каркидон” сув омбори қирғоғида дам олиш маскани ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, ўзига хос қулайликларга эга бўлган ушбу сўлим масканда дам олишни хоҳловчилар сафи кун сайин ортиб бормоқда. Чунки бу ерга келган сайёҳлар замонавий яхта ва елканли кема ҳамда гидроцикллардан фойдаланган ҳолда “Каркидон” сув омборининг бўй-басти, имкониятлари билан яқиндан танишмоқда, мароқли дам олишмоқда.

— Ҳозирда сув омбори қирғоқларида 8 та ана шундай дам олиш масканлари барпо этиш учун маҳаллий ва хорижлик инвесторлар, тадбиркорларни жалб этиш, онлайн тарзда ижарага бериш борасида ишлар олиб борилмоқда, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Музаффар Темиров. — Умумий майдони 10 гектарни ташкил этган масканда спорт майдонлари, бассейн, ошхона, меҳмонхона сингари кўплаб инфратузилма тармоқлари қуриш режалаштирилган. Бироқ жойларда замонавий меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини ташкил этиш борасидаги ишлар билан мақтана олмаймиз. Масалан, туманларда бугунги кун талабига жавоб берадиган биронта замонавий меҳмонхона йўқ. Бу, хорижлик сайёҳларни жалб этиш, малакали хизмат кўрсатишда қатор ноқулайликлар келтириб чиқаради.

Муаммо нимада?

Мазкур дам олиш масканларида одамлар ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган йўл, тоза ичимлик суви, электр таъминоти билан боғлиқ инфратузилма тармоқлари етарли эмас. Жумладан, “Каркидон” сув омбори ҳавзасига олиб борувчи 6 километрдан ортиқ йўл таъмирлашга муҳтож. Устига-устак, ҳудудни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам бир неча йилдирки, ўз ечимни кутиб турибди. Бу масалада мутасаддиларга қилинган мурожаатлар ҳануз жавобсиз қолмоқда.

Яқинда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан “Шоҳимардон ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилди. Унинг зиммасига бу ерда замонавий туризм инфратузилма тармоқларини ривожлантиришдек муҳим вазифа юклатилди. Лекин бу вилоятда экотуризм фаолият кўламини кенгайтиришда мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмоқда, деган хулосани бермайди. Аслида эса мавжуд имкониятлар кўп. Фақат соҳа ривожи йўлида яратилган шароит ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиш, ҳудудлардаги дам олиш жойларини ривожлантириш, уни тарғиб этиш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратиш, обод масканлар сонини кўпайтириш имконини беради.

 

Расул КАМОЛ

 2019 йил 18-25 июль, 32-сон

“Маhallа” газетаси

 

Бошқа хабарлар