ҲОКИМ БУВАДАН ҲАРНА, УНГАНИ-ДА, ОШНА!

64
  1. Самарқанд вилояти ҳокими ЭркинжонТурдимовнинг Каттақўрғон шаҳридаги сайёр қабулида шунча мурожаат қайд этилди.

Албатта, вилоят ҳокими шунча одамнинг ҳаммасини эшитди, демоқчи эмасман, у кишининг ёнида вилоят прокурори, ДХХ бошлиғи, ички ишлар бош­қармаси бошлиғи, Каттақўрғон шаҳри ва тумани ҳокимлари ҳам одамларнинг мурожаатларини тинглади. Бундан ташқари, бу ерда ҳозир бўлган вилоят судлари раислари, МИБ раҳбари, солиқ, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар, сувоқова, электр, газ, сув ва бошқа идоралар раҳбарлари ҳам ўз соҳаларига тегишли бўлган мурожаатларни «ҳокимга етказмай» ҳал қилишга ҳаракат қилишди. Шунча мутасадди бўлса ҳам вилоят ҳокими 100 нафардан ортиқ одамни шахсан эшитиб, кўп муаммоларини ё жойида ёки ечимини кўрсатиб, тегиш­ли мутасаддиларга уни ҳал қилиш борасида аниқ топшириқлар берди. Олис ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни асфальтлаш каби бир қанча талабларни шахсан ўзи ҳал қилиш учун қабул қилди.

Мен эса бунақа қабулларда одамларни ўрганаман, қизиқ характерларни кашф қиламан. Одамлардаги кейинги ойларда рўй бераётган ўзгаришларни кузатаман, хулосалар қиламан. Каттақўрғонда ҳам мени ажаб­лантирган ҳолатлар бўлди…

…Ўша аёл яна келди! Онаси билан. Бошқа тумандан. Менимча, энди бу аёл вилоят ҳокими сайёр қабулни Шимолий Кореяда ўтказса ҳам борадиёв. Яна ўша гап: бер, бер, бер! Вилоят ҳокими дастлабки қабулларда унинг бечораҳоллигига ачиниб, бир-икки идора раҳбарларига «Ёрдам беринглар, қийналиб қолибди», деган бир оғиз гапи билан туман ҳокими ўн миллион сўм ёрдам берди. Аёл яна келди. Уйини таъмирлаб беришди. Аёл яна келди. Хотин-қизлар раҳбари «тўлиб-тошиб» борди. Аёл яна келди. Бир оилага бериш мумкин бўлган ҳамма нарсани беришди. Йўқ, аёл келаверади, бер деяверади…

Яна бир аёл келган. У ҳам бошқа тумандан. У ҳам бер, дейди. Вилоят ҳокими ўша туман хотин-қизларининг «катта»сини чақирди. У ҳам борини айтиб қўя қолди.

– Ҳоким бобо, ўлай агар, қизимга шунча сеп қилмайман, бу кишига олиб бориб берган нарсам бир «Камаз»га сиғмайди! Иш сўрайди, аммо ишлашни истамайди, эллик ерга ишга қўйдим, биттасига ҳам кўнгил қўймади, ўз ўрнимни берайми?

– Эрингиз борми? – сўради вилоят ҳокими.

– Эрим бўлса, шундай юрармидим, қайси туманга борсангиз, орқангиздан чопиб? – деди аёл.

– Ҳа, бу аёлдаги муаммоларнинг ечими бошқа жойда экан, – деди ҳоким. – Бунинг муаммоларини биз адо қилолмаймиз…

Бир ёш аёл малака оширишга борибди. Пуллик экан. Бир миллион сўм. Шуни тўлаб беринг, дейди. Эри бор, ота-онаси бор, ака-укаси бор. Одамлар майдалашаяпти. Олдин 50-60 миллион сўрашарди, энди бир миллионни ҳам ҳокимдан ундирмоқчи бўлишяпти.

– Менинг ҳам бола-чақам бор, – деди ҳоким. – Сизларнинг миллионларингизни тўлаб бераверсам, рўзғоримни қандай боқаман?

Тўртинчи ҳолат. Бир йигит уйини таъмирлаб беришларини сўради. Соппа-соғ. Хаёли ҳам жойида. Оёқ-қўли бутун. Тавба, нимага унинг уйини бошқалар таъмирлаб бериши керак экан? Ортидан эргашиб, ўзига шу саволни бердим.

– Уйим ана, – қўли билан нарироқдаги уйни кўрсатди йигит. – Қарасам, ҳамма йиғилиб ётибди. Нима гап экан, деб чиқиб келсам, ҳамма ҳокимдан бир нима ундириш пайида экан. Навбатга турдим. Навбатим келгунча оғзимга келгани шу бўлди, уйимни таъмирлаб беришларини сўрадим. Шунчаки, қизиқчиликка сўрадим, аммо ёрдам берамиз, дейишди. Ҳоким бувадан ҳарна, унгани-да, ошна!

Бир ўқитувчи келди. Жизмонсойдан. Асабий. Гаплашганида биров билан урушаётгандай, лаблари учиб гапиради. Аввал ҳам кўрганман. Ҳар келганида аниқ кимнидир ишдан олишларини талаб қилиб келади. Бугун ҳам Жизмонсой тарафдаги мактаблардаги битта ҳам ўқитувчи талабга жавоб бермаслиги, ҳаммасининг билими пастлиги, директорлар қариндошларини ишга олгани, мактаблар таъмирланмаган, ҳаммасини ўт босиб ётганини айтиб, вилоят ҳокими ишдан олиши шарт бўлган директорлар рўйхатини ҳоким қўлига тутқазди.

– Охири Жизмонсойдаги ҳамма мактабда сизнинг бир ўзингизни қолдирамиз, шекилли? – деди вилоят ҳокими, аммо барибир шикоятни ўрганишни туман ҳокимига шахсан юклади.

Вилоят ҳокими аввалбошдан «Эринг боринг, азамат ўғилларинг, ака-укаларинг боринг уй сўраб келма, текин уй йўқ», деб эълон қилишига қарамасдан, худди ана шунақа аёллар текин уй сўраб, кўплаб мурожаат қилмоқда. «Арзон уйлардан берамиз, дастлабки тўловини тўлайсиз», дейилса, «Дастлабки тўловини тўлашга ҳам қурбим етмайди», дейишади. «Майли, дастлабки тўловини ўзимиз тўлаб берамиз, қолганини тўлайсиз», дейилса, «Қолганини қандай тўлайман?» дейишади. Тавба, текин уй шунчалик кўпми? Қаерда ўша текин уй, мен ҳам битта олай?!

Текин уй сўраётганларнинг кўпчилиги эрининг ишёқмаслигидан, ношудлигидан нолийди. Бугун ҳам биттаси эри олти ойдирки, Россияда экани, пул юбормаётганини айтди. Мана шунақа аёлларни кузатиб, кўнг­лимдан бир ўй ўтади. «Ҳар бир буюк эркакнинг ортида буюк бир аёл туради», дейди донишмандларимиз. Мен сайёр қабулларни кузатиб, бошқа бир фикрни айтгим келади:

– Қўлини чўзиб келган ҳар бир аёлнинг ортида номард бир эркак туради!

Биргина аёл ҳеч қандай шикояти йўқлигини айтиб, кейинги бир йил ичида бўлаётган улкан ўзгаришлар, яхшиликлар, раҳбарлар уйма-уй юриб, одамларнинг муаммоларини ўрганаётгани, кўп муаммолар жойида ҳал қилинаётгани учун вилоят ҳокимига ташаккур изҳор қилди. Ва дарҳол кетди!

Бекорга ташаккур изҳор қилган аёл дарҳол кетди, демадим. Бир қанча одамлар вилоят ҳокими билан учрашгандан кейин ҳам кетмади. Шу атрофда юрди. Майли-да, бу бир истироҳат боғи экан, юради-да, Каттақўрғонда сайёр қабул ҳар куни бўлиб ётибдими, ёр-дўстларини кўради, дедим. Аммо улар сайил қилишмади, ҳокимга айтган дардларини атрофда бўлган бошқа раҳбарларга ҳам бирма-бир айтиб чиқишди. Буни мен ўзимча баҳоладим. Фанда қувватхўрлик деган тушунча бор. Бир тоифа одамлар ўз дардини бошқаларга айтиш билан бош­қаларнинг қувватини сўриб олади. Ўзлари эса, қанча кўп одамга дардини айтгани сари шунча енгиллашиб бораверади. Хусусан, «бер-бер» деб тўймаган она-бола аёллар камида 30 кишига, ҳатто, бегона одамларга, ўзлари каби мурожаат билан бошқа туманлардан келган аёлларга ҳам кўрган-кечирганларини бошидан охиригача айтиб беришганига гувоҳ бўлдим.

Вилоят ҳокимининг сайёр қабуллари нега ташкил этиляпти? Ҳоким фуқароларимизнинг бугуни кечагидан, эртаси бугунидан яхшироқ бўлсин, деяпти. Одамларнинг дардига малҳам бўлай, уларни яқиндан билай, имконим етгунча улар бахтлироқ яшаши учун ёрдам берай, деяпти. Аммо буни суиистеъмол қилаётганлар қанча? Сайёр қабулларга бир нима ундириб қолай, деган ниятда бориш яхши эмас. «Ҳоким бобо, менга имкон беринг, иш ўрни яратаман, халқимга хизмат қиламан», «Имкон беринг, қишлоғимда нимадир қураман», «Халқим учун бир қулайлик яратаман, мана, лойи­ҳам бор, шунга ёрдам беринг», деган мард йигитларни кўрмаяп­ман. Бўлса ҳам жуда кам.

Энг ачинарлиси, ҳар бир қабул ногиронлик аравачасидаги инсонлар, хусусан, кўзи ожиз, биринчи гуруҳ ногиронларининг мурожаати билан бошланмоқда. Бир неча ёш, қўлига гўдагини кўтариб олган аёлларнинг мурожаати билан бошланмоқда…

Менимча, сайёр қабулга эртага бориши аниқ бўлган инсонлар уйда, оила даврасида яна бир марта «шу ишимиз тўғрими?» деб маслаҳат қилиб оладиган пайт келди.

Каримберди ТЎРАМУРОД

 Манба: “Жамият” газетаси

Бошқа хабарлар