ЧИДАГИН БОЛАМ-А, ЧИДАГИН

20

 

Болам! Жамиятимизда юртимиз иқтисодиётини пармалаб, ривожланишига тўсиқ бўлаётган, давлат идораларига халқнинг ишончи камайиб боришига олиб келаётган порахўрлик камая­яптимикан-а? Қачон камаяркин? Камаярмикан ўзи? Ахир, бу ҳақда бутун бошли қонун қабул қилинди-ку! Коррупциянинг камайишида фақат қонуннинг кучи етмас экан-да! Бунда халқнинг турмуш тарзи юксалиши, топиш-тутиши яхшиланиши, турли тўловлару жарималарнинг халқ ҳаётига мос бўлишиям шарт экан!

 

Ўғлим! Жамиятнинг айрим қоидаларига тишим ўтмайдими ё умуман тушунмайманми, ишқилиб, ғалати ишлар олдида доим лол қолавераман. Яқинда бир шумхабар эшитиб, жуда бошқача бўлиб кетдим. Ўзбекистон «Лукойл» компаниясидан 600 миллион доллар қарз бўлиб қолибди. Буни ҳеч ақлимга сиғдиролмадим. Қанақасига, ўз еримиздан қазиб олинган ўз газимиздан ўзимиз бировларга қарз бўлиб ўтирсак-а! Ғалати ишлар! Жорий йил 21 июнь куни Сенатдаги чиқиш вақтида бу масалани Президент танқид ҳам қилди: бунда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаган, ҳисобга олиниши керак, деди.

Биласан, мен, онанг ва сен бир хонали уйда яшаймиз. Аммо бизникида 6 киши доимий рўйхатда туради. Ижарада яшагани сабабли касбдош дўстим, яъни бобонгнинг оиласини ҳам бағримизга прописка қилганмиз. Яхшилик қилиш яхши-ю, аммо бу ҳисоблагичсиз коммунал хизматлари тўловларида муаммо келтириб чиқарди-да. Қизиғи, бизникида фақат рўйхатда турадиган бобонгнинг оиласи учун ҳам ҳисоблагичимиз йўқ газ ва «мусор» учун одам бошига пул тўлаш талаб этиларкан.

Уйимиз иссиқ сув тизимига уланмаган. Сувни «калонка»да ўзимиз иситамиз. Шу сабабли ҳисоблагичи йўқ газ учун киши бошига 15 минг сўмдан тўлашга тўғри келарди. Пропискада одам кўпайгани сабабли энди ойига 90 минг сўмдан тўлашимиз керак бўлди. Биргина газнинг ўзига. Бошим қотди. Бу оилавий шароитимга сал оғирлик қиларди. Бу бошқа томондан мен учун ҳам, дўстим учун ҳам емаган сомсага пул тўлашдай гап эди. Газчилардан, «мусор»чилардан: «Ахир, дўстимнинг оиласи бизникида яшамаса, нима учун улар газга, «мусор»га пул тўлаши керак?» деб сўрасам, улар: «Унда ижарада яшаётган жойидан газга, «мусор»га тўлаётгани ҳақида маълумотнома олиб келсин!» деди.

Ҳамкасбим 2 хонали ижара уйда 120 доллар пул бериб яшайди. Табиийки, унинг газ ва «махсустранс»га тўловлари ижара ҳақининг ичида. Уларнинг ишлатган гази ва тўккан «мусор»ига ҳақ тўлаганлик ҳақидаги маълумотномани эса олишнинг иложи бўлмади.

Уйимизда «одам» кўпайгач, «тумангаз»га мурожаат қилгандим, аммо уйнинг аввалги эгаси сувни, газни балконга чиқариб, уйни икки хонали қилгани боис, газчилар: «Газни ичкарига киритамиз, ке­йин ҳисоблагич ўрнатамиз» деганди. Бунга эса анча пул керак эди. Шунинг учун ҳам ушбу муаммони бир-икки ой ортга суриб келдим.

Болажоним, охири бўлмади. Хуллас, ҳисоблагич ўрнатмасам бўлмас, деб, «тумангаз»га яна бордим. Газчи йигитлардан бири таклиф берди: ҳисоблагични хоҳласангиз www.schetchik.uz сайтидан олинг, хоҳланг ўзимда бор, деди. 349 минг сўмлик СГБ-4,0 Элехант ҳисоблагичини унинг ўзидан 350 минг сўмга сотиб олдим. Ўрнатиши билан 450 минг сўмга тушди. Бобонг ҳам қараб турмади. Гарчи бизникида газ ёқмаса-да, пропискали тўкис бўлиб юргани учун ҳам отангга қайишди ва қарашди.

Уйимизда гарчи рўйхатда 6 киши бўлсак-да, 9 ойдан бери уч киши яшасак-да, паспорт столидаги «ПОКВАРТИРНАЯ КАРТОЧКА»дан нусха олиб бормаганим учун «оғзаки» уч киши яшаймиз!» деганимга қарамай, газчилар мендан доим бир киши учун пул олиб қолаверишди. Аввал ўша қоғозни олиб келинг, кейин ҳисоблаб бераман, дейишарди нуқул. У билан бўлиб-бу билан бўлиб, ўша бир парча қоғозни вақтида олиб бормаганим учун қарзимиз йиғилиб бораверди. Оиламиз учун ҳам газга ойига 45 минг сўм тўлаш отангга осонмасди. Кап-катта одамлар учун ҳам, ҳали ёшингга етмаган сен учун ҳам теппа-тенг тўлаш адолатдан эмасди ҳам. Чунки сен учун газдан жудаям кам фойдаланардик. Қарагин, мана шу ўринда жамиятимиздаги қоидалар мукаммал эмаслиги кўриняпти. Худди ўқувчи ҳам, талаба ҳам, ногиронлиги бор ё пенсионер инсон учун ҳам ойлик йўл чипталарининг нархи бир хил бўлгани каби.

Талаба, ногиронлиги бор киши ё нафақадаги инсон учун ойлик йўл чиптаси олиш оғирлик қилмас балки. Лекин ўқувчиларнинг ота-оналарига 83 минг сўмлик «ЎМ» (ўқувчилар учун — автобус ва метро) ёки 60 минг сўмлик «Ў» (ўқувчилар учун — автобус) ойлик йўл чипталари олиб бериш осон эмаслиги боис, болаларининг қўлларига йўлкира учун кунлик пул беришади. Автобусларда кўрамиз, мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари кўпинча йўлкира учун чиптачига пул беролмайди, берсаям, 1200 сўмлик ўрнига 500 сўм ё 1000 сўм узатади. Табиийки, «кондуктор» уларга бу учун чипта бермайди. Чипта берилмаган йўл ҳақи эса давлат ғазнасига эмас, ўз-ўзидан чиптачи ва ҳайдовчининг чўнтагига кетади. Буям коррупция!

Энди яна газ масаласига қайтсам. Мушкулимни осон қилиб берган йигит газдан 537 минг сўм қарз бўлганимизни айтди. Ҳисоблагич ўрнатишга ҳам харажатга тушганимиздан сўнг, «еган-емаган сомсамиз» учун шунча пул тўлаш менга оғирлик қиларди, рости.

Яқинда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов: «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти муаммоларини ҳал қилишимиз учун газ нархини икки баравар оширишимиз керак. Шундагина муаммолар ижобий ҳал этилади. Бу таклифни муҳтарам Президентимизга олиб кирдик. Қаттиқ танбеҳ эшитдик. Мавжуд муаммоларнинг 20 фоизини тарифлар оширилиши, қолган 80 фоизини давлатнинг молиявий ёрдами орқали ҳал қиладиган бўлдик», деди.

Болам, нега Президент бобонгнинг бундан жаҳли чиққан? Сабаби, газ нархини икки баравар ошириш халқимизнинг топиш-тутишига мос келмайди.

Билиб қўй! Коммунал тўловларининг нархлари, жарималар халқ даромадидан келиб чиқиб белгиланмас экан, коррупция авж олаверади. Биргина мисол, бизда ривожланган мамлакатлардагидай ўта қиммат саналган — йўл ҳаракати қоидалари бузилганда тўланадиган жарималар кўп ҳолларда ҳайдовчиларга оғирлик қилгани учун ҳам орган ходимлари одамларнинг бир-икки сўм пулини олиб арзонроқ жарималар ёзиб беришини ҳаммамиз биламиз-ку! Масалан, машинасини тўхташ мумкин бўлмаган жойга қўйган касбдошимга камар тақмаганлик жаримаси ёзилганини ўз кўзим билан кўрганман…

Газга ҳисоблагич ўрнатганимдан сўнг оиламизда адолат қарор топди. Энди неча киши пропискада бўлишидан қатъий назар, ишлатган бир метр куб газимизга 320 сўмдан тўлаяпмиз. Ҳисоблаб кўрдим: уччовимиз бир ойда тахминан 15-16 минг сўмлик газ ёқаяпмиз. Аввал ҳам 15 минг сўм тўлаб келганман. Демак, биз давлатнинг ҳақини ноҳақ емадик. Емайлик ҳам.

Шу билан коммунал хизматларидан муаммомиз қолмади, деёлмайман. «Махсустранс»га уйда пропискада бўлган, аммо яшамайдиган одамларнинг ҳар бирига 3 минг 900 сўмдан тўлаш барибир гарданимизда қолавераркан. Негаки, ахлатга ҳисоблагич ўрнатиб бўлмайди-да.

Болам, яна бир нарсани умуман тушунмайман! Уйни иситиш қурилмаси учун ҳам ғалати тўлов тизими ишлайди. Баҳорнинг ярми, бутун ёз бўйи ва кузнинг ҳам ярмида ишламайдиган «отопление» учун неча йиллардан бери халқдан тўлов ундирилади. Бундаям коррупция бор!

Бу тизим ҳам порахўрлашганини уйи­мизни олди-сотди қилаётганимда билганман. «Иссиқсувчилар»дан нотариусга маълумотнома оламан деганимда уйнинг аввалги эгасидан қолган «мерос» — ошхонадаги «отопление»нинг йўқлиги учун роса бошимизни қотирганди. Охири «мак­лер» қўшнимиз «сувчилар»нинг каттасидан 150 минг сўмга маълумотнома олиб берганди. Ўтган йили ошхонага «отопление» ўрнаттирдим.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилди. Лекин нега мен юқорида санаган муаммолар ҳамон ҳал қилинмаяпти? Улар ўз номига мос ўлароқ халққа хизмат кўрсатиши керак эди-ку! Шундай бўлмас экан, унда нега ташкил этилди бу ташкилот? Улар нима ишлар билан шуғулланаяпти ўзи? Ҳозир вазирликнинг сайтини очиб кўргандим: у ерда 2018 йилда ўтказган йиғилишларининг ҳисоботи турибди. Кабинетдан чиқиб ишлаш талаб қилинаётган бугунги кунда булар фақат йиғилиш ўтказяптими? Балки шунинг учун мен айтаётган муаммоларга ечим топа олмаётгандир-да. Одамлар ичига ораламаса, муаммони қаердан ўргансин. Аслида мана шу каби муаммоларни йўқотиш, соҳадаги коррупцияни камайтириш учун ташкил этилмадими янги вазирлик? Саволларимга кимдир жавоб беришига ишониб қоламан.

Болам, лекин мендаям бир муаммо бор, ёзмасам бўлмайди, виждоним қийналади! Емаган сомсамизнинг 537 минг сўмлик пулини нима қилдингиз денг? Ҳисоблагич ўрнатган йигит: «Қарзингизни ёпиб юборайми, унда мана бунча берасиз!», деди. Рози бўлиб қўя қолдим, болам. Бу учун мени кечир, ўғлим! Бизнинг авлоднинг қўли истамасаг-да «қон» бўлди. Биз барибир ўзимизни пок сақлай олмадик. Сизларнинг авлодингиз бизларга ўхшамасин! Сизлар ҳалол еган, ҳалол авлод бўлинг! Янги авлод бўлинг! Тоза жамият қуринг! Токи, у жамиятда қонунлар, қоидалар, тартиблар адолатли, тўғри ишласин, ҳаммаёқ коррупциядан холи бўлсин!

Бизда ҳам Президент бобонг иккинчи йўлни танлади: коррупцияга қарши аёвсиз курашмоқда. Ўзи ишониб катта-катта лавозимларга тайинлаган уч-тўрт нафар «дўст»ни фош қилди, жазолади. Ўзи эса халққа хизмат қилмоқда, халқим яхши яшасин, ҳалқим рўшнолик кўрсин, демоқда. Мамлакатни ривожланган давлатлар сафига қўшишга интилмоқда. Бу йўлда эса, аввало, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз, юртимиздаги коррупцияни йўқ қилишимиз керак бўлади. Сенинг ҳам ушбу сафда бўлишинг­ни жуда-жуда истайман, болам!

Фозил ФАРҲОД

Манба: “Жамият” газетаси

Бошқа хабарлар