АСТИГМАТИЗМДАН БАТАМОМ ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИНМИ?

24

 

Инсонга Аллоҳ томонидан берилган энг азиз неъматлардан бири кўриш қобилиятидир. Бу орқали инсон борлиқни англайди. Кўриш хусусиятида пайдо бўлган камчиликлар, мураккабликлар инсоннинг тўлақонли ҳаёт кечиришига ҳалал беради. Журналист Лобар Қандаҳорова муштарийларнинг кўз касалликлари ва кўриш билан боғлиқ саволлари асосида олий тоифали офтальмолог Ботир Зокиров билан суҳбатлашди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

“TUG‘MA  G‘ILAYLIKNI  DAVOLASA BO‘LADIMI?”

 

Инсон кўриш орқали ташқи муҳит ҳақидаги маълумотларнинг 90 фоизи қабул қилар экан. Бошқа сезги аъзоларига нисбатан устунлик қиладиган кўриш қобилияти бироз хиралашса, ҳаётимиз ҳам мураккаблашиб, ўз ёрқинлигини йўқотаётгандек туюлади. Бугунги саҳифамизда муштарийлар томонидан кўз касалликлари ва кўриш билан боғлиқ саволларга олий тоифали офтальмолог Ботир ЗОКИРОВ жавоб беради.

 

“Ёшим 45 да. Анчадан буён кўзимдаги катарактадан азият чекаман. Шифокор қабулида бўлганимда жарроҳлик амалиёти ўтказишни таклиф қилишди, аммо кўз жуда нозик аъзо бўлгани учун бу муолажадан бироз чўчидим. Қандай ҳолларда кўз устида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?”

Фотима Ражабова,

Тошкент шаҳри.

– Бугунги ривожланган тиббиёт барча соҳада, жумладан, кўз жарроҳлиги соҳасида ҳам анча илгарилаб кетган десам янглишмаган бўламан. Илгари кўриш қобилиятининг заифлашувини кўзойнаклар ва турли муолажалар билан даволаш мумкин бўлган, холос. Бугунга келиб эса кўз билан боғлиқ ҳар қандай муаммо илғор технологиялар ёрдамида ҳал этилмоқда. Кўз жарроҳлик амалиётлари ҳақида гап бошлашдан аввал бу турдаги муолажа қай ҳолларда ўтказилишини аниқлаштириб олсак. Кўриш қобилияти пасайганлар, астигматизм, миопия, гиперметрия, қандли диабет асоратида келиб чиққан ретинопатия, глаукома, катаракта кабиларда кўз микрохирургиясини ўтказишга кўрсатма берилади.

Жарроҳлик амалиёти ҳар бир беморга индивидуал тарзда танланиб, 18 ёшдан сўнг касаллик даражаси ва ҳолатига кўра ўтказилади. Бу жарроҳлик амалиётидан қўрқишингизга сира асос йўқ. Чунки бугунги кунда ўтказилаётган амалиёт ультратовуш ёрдамида ҳеч бир оғриқларсиз ва чоксиз усулда амалга оширилади. Бу операция маҳаллий оғриқсизлантириш йўли билан 10 дақиқа давомида ўтказилади. Жарроҳлик амалиёти давомида кўзлар тикилмайди ва бемор ҳеч қандай оғриқларни ҳис қилмайди. Амалиёт амбулатор шароитда ўтказилади ва беморга 10 дақиқадан сўнг уйга кетишига рухсат берилади. Кўз устига қўйилган боғламни эса 1 соатдан сўнг олиб ташлаш мумкин.

“15 ёшли ўғлим туғма ғилайлик билан дунёга келганди. Шу пайтгача жуда кўп касалхона ва шифокорларга мурожаат қилдик, аммо ҳеч биридан ижобий жавоб ололмадик. Яъни, фарзандимнинг ғилайлигини жарроҳлик йўли билан даволаса бўладими?”

– Кўз гавҳарини алмаштириш, мунтазам кўзи ёшланадиганларнинг бурун орқали кўзёш каналини даволаш, қовоқларнинг осилиб қолиши, вертикал ғилайлик – кўзнинг ёнбош ва ичкарига қараб қолишидан ташқари, тепа ва пастга қараб қолиши, турли сабабларга кўра, тан жароҳати олиш – тош, шиша кириши оқибатида кўз олмасининг кичрайиб, шакли ўзгариб қолиши каби ҳолатларда косметик ва эстетик пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Шунингдек, бугунги кунда айрим сабаб­ларга кўра, бир кўзи олиб ташланган беморларга иккинчи кўздан фарқ қилмайдиган протез аъзо қўйиш амалиётлари ҳам қўлланилмоқда. Аввало фарзандингиз офтальмолог-жарроҳ кўригидан ўтиши лозим.

“Ёшим ўтиб, ўзимда қандли диабет хасталиги ривожланаётганини пайқаб қолдим. Афсуски, бу тахминларим шифокор қабулида бўлганимдан сўнг ўз тасдиғини топди. Бироқ кейинги пайтларда кўзим билан боғлиқ муаммоларга дуч келяпман. Қандли диабет касаллиги кўзга салбий таъсир қилиши мумкинми?”

Сайёра Омонова,

Тошкент вилояти.

– Қандли диабетга чалинган одам кўзини текширтиришни унутмаслиги керак. Негаки, қандли диабет касаллиги таъсирида кўз туби қон томирлари зарарланади. Бу ҳолат тиббиёт тилида диабетик ретинопатия дейилади. Агар вақтида касалликнинг олди олинмаса, беморнинг кўриш қобилияти пасаяди. Дастлаб майда қон томирлар кенгаяди, қон айланиши бузилади. Аста-секин томир ичида тиқинлар ҳосил бўлиб, қон айланишига халақит беради. Бунинг таъсирида томир девори мўртлашади, дағаллашади, эластик­лигини йўқотади. Натижада, кўзнинг тўрпардасига маълум миқдорда қон қуйилади. Тўрпардада тўпланган қон ва ювилиб кетишга улгурмаган моддалар кўриш қобилиятини пасайтиради.

Йилига икки марта офтальмолог кўригидан ўтиб турилса, кўз қон томирларидаги ўзгаришлар ва унинг сабаб­лари вақтида аниқланади. Шунингдек, қонда қанд миқдорининг ортиши ёки камайиш ҳолати вақтида даволаниши керак.

“Кўз касалликлари насл суриши ҳақида эшитганман. Айнан ўзимда ҳам наслимиз билан боғлиқ миопия касаллиги мавжуд. Лекин бунинг фарзандларимга ўтишини сира истамайман. Кўз касалликлари орасида қайсилари насл сурадию, қайсилари орттирилади?”

Гулсанам Аҳмедова,

Фарғона вилояти.

– Кўз касалликларининг турлари жуда кўп. Масалан, миопия касаллиги ҳам орттирилган, ҳам наслий бўлиши мумкин. Миопия билан оғриган бемор кўзойнаксиз узоқни яхши кўра олмайди. Охирги пайтда бу касалликнинг орттирилган тури кўпайиб кетмоқда. Нега? Бунга асосий сабаб телефон, планшет, компьютердан фойдаланаётганда ўта яқин масофадан туриб кўп ишлашни мисол қилишимиз мумкин. Бундан ташқари, бугунги глобаллашув жараёнида ёшларнинг тил ўрганишга, турли дастурлар билан ишлашга бўлган иштиёқи ҳам айнан кўриш қобилиятининг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда. Асосан, бу касаллик мактаб ёшидаги болаларда кўп учрамоқда. Бу хасталик ўз вақтида коррекция қилинмаса, кўзда дангасалик пайдо бўлади. Кейин кўзойнак тақса ҳам кўриш қобилияти ўзгармайди. Ҳаттоки жарроҳлик амалиёти ҳам бунга ёрдам беролмаслиги мумкин.

Ҳаётда орттирилмайдиган тўлиқ наслий касалликлар ҳам бор: тўр парданинг пигментли дестрофияси – бола туғилганидаёқ унинг кўзларида бу касалликнинг белгиси бўлади. Статистик маълумотларда айтилишича, бундай беморларнинг аксарияти 35 ёшга қадар кўриш қобилиятидан маҳрум бўлар экан. Аммо тажрибамда дестрофия билан оғриган беморларнинг кўриш ўткирлиги кескин паст бўлишига қарамай, 40-45 ёшгача кўриш қобилияти сақланганига ҳам гувоҳ бўлганман. Бу касаллик, асосан, ота-онаси яқин қариндош бўлган кишиларда кузатилади. Бунда беморда кўз олдида ҳар хил нуқталар учиши, ёруғлик нури, тўғри чизиқларни қабул қила олмаслик, кўриш ўткирлиги пасайиши ва хиралашиши, ранг кўришнинг бузилиши ҳамда кечки пайт кўришнинг кескин пасайиш ҳолатлари кузатилади. Тўр парданинг пигментли дестрофияси кўриш ўткирлигининг бутунлай йўқолиши билан якунланади. Лекин тўғри ва ўз вақтида даво чораларининг кўрилиши дегенератив жараён ривожланишини тўхтатади.

Глаукома ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳам туғма, ҳам орттирилган бўлиши мумкин. Глаукома – бу сурункали зўрайиб борадиган кўз касаллиги бўлиб, кўз ичи босимининг кўтарилиши, кўриш нервининг зарарланиши ва кўриш қобилиятининг тиклаб бўлмайдиган пасайиши, ҳаттоки кўрлик вужудга келиши билан ҳам намоён бўлади.

“Менда туғма астигмазтизм бор. Эсимни таниганимдан буён кўзойнак тақаман. Бироқ бошимни айлантиргани, кўнглимни айнитгани учун узоқ муддат кўзойнакларимдан фойдалана олмайман. 20 йил давомида турли кўзойнаклар, юмшоқ ва қаттиқ  линзалардан ҳам фойдаланиб кўрдим. Лекин ҳеч бири мен кутган натижани бермади. Бу нимадан?”

Нозим Тўлаганов,

Сирдарё вилояти.

– Тиббиётда астигматизм деганда кўзнинг тиниқ муҳитлари турли меридианлардан келаётган нурларни синдириб, бир нуқтада жамлай олмаслиги тушунилади. Яъни кўраётган предметингиз сизга иккилангандек бўлиб кўринади. Ота-оналар фарзандидаги астигматизмни кўп ҳолларда кеч билиб қолишади. Ўз вақтида коррекция қилинмагани учун кишида ноқулайлик туғдиради. Аслида, астигматизм билан оғриган касалларга кўриш даражасидан бироз паст даражадаги кўзойнаклар буюрилади. Аммо шунда ҳам кўзойнак таққанда бош айланиши, атроф қийшайиб кўриниши мумкин. Бу жараёнга секин-секин мослашиш керак бўлади. Биринчи куни 5 дақиқа, иккинчи кунда 6 дақиқа ва ҳоказо. Буюрилган кўзойнакка мослашишингиз 6 ойгача давом этиши мумкин. Бу жараён тез амалга ошмаслиги аниқ, бироқ кўзингизнинг дангаса бўлиб қолмаслиги учун бироз машқ қилишингизга тўғри келади.

Астигматизмни махсус линза ёки кўзойнаклар орқали бартараф этиш мумкин. Ундан батамом халос бўлиш эса жарроҳлик амалиётини тақозо этади. Даво чоралари ичида бирмунча самарали ва хавфсиз ҳисоблангани “ЛАСИК” деб аталмиш кўришни лазер ёрдамида даволаш усулидир. 15 дақиқача давом этувчи лазер жарроҳлиги асносида аввал махсус асбоб ёрдамида мугуз парданинг устки қатлами кесиб олинади. Натижа жарроҳлик амалиётидан кейинги 1-2 соат ичида сезила бошлайди. Кўриш қобилияти бир ҳафта давомида тўла тикланади.

Лобар ҚАНДАҲОРОВА

суҳбатлашди

2019 йил 31 июль, 30-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

 

Бошқа хабарлар